Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Марказий Осиёнинг 2020 йилги 10 та энг муҳим воқеаси
16.02.2020 13:35,  
886

Қозоғистоннинг халқаро муносабатлар бўйича кенгаши (ҚХМБК) анъанавий тарзда 2020 йилнинг энг муҳим 10 та воқеасини тақдим этди деб хабар қилади Uzanalytics.

Улар Марказий Осиё мамлакатларининг сиёсий ва иқтисодий тараққиёти, барқарорлиги ва хавфсизлиги учун ўта муҳим аҳамиятга эга. Ушбу таҳлилий баён ҚХМБК экспертларининг Марказий Осиёдаги 2020 йилги асосий жараёнларга жамоа назаридир. Публикация – жориялов муаллифлари ушбу материаллар баёнининг долзарблиги экспертлар ҳамжамияти, оммавий ахборот воситалари ва давлат тузилмаларида қизиқиш уйғотишига умид билдиради.

1. Минтақадаги иқтисодий ўсиш суръатларининг сақланиб қолиши

Глобал иқтисодиёт ва савдо муносабатлари тузилмасида кузатилаётган ўзгаришларни, анча-мунча молиявий хатарлар борлигини ҳисобга олиб, жаҳон иқтисодий ўсишидаги суст суръат сақланиб қолишини кутиш мумкин. Жаҳоннинг етакчи молия муассасалари башоратига кўра, таклиф даражаси баландлиги ва дунё миқёсидаги талаб камлиги сабаб хом ашё маҳсулотлари баҳоси пасайишини кутиш мумкин. Хусусан, Марказий Осиёдаги ЯИМ ҳажмлари аксарият ҳолларда асосий савдо шериклари: ЕИ, Хитой ва Россиянинг иқтисодий аҳволига боғлиқ бўлади. Минтақадаги айрим мамлакатлар (Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон) учун Россия ва бошқа мамлакатларда ишлаётган меҳнат мигрантларининг пул жўнатмаларига қарамлик яна бир муҳим омиллардан бири бўлиб қолаверади. Минтақа мамлакатлари иқтисодиёти ривожланишига давлат сиёсатининг турли воситалари ижобий таъсир кўрсатади: ўрта муддатли янги давлат дастурларини ишга тушириш, кичик ва ўрта тадбиркорликни рағбатлантириш, истеъмолчилар талабини барқарорлаштириш учун ижтимоий қўллаб-қувватлаш тадбирларини амалга ошириш ва ҳк. Ушбу омилларнинг ўзаро уйғун бирикмаси натижасида минтақадаги иқтисодий ўсиш янги ўн йилликнинг дастлабки йилида унчалик кўп ўзгаришларга юз тутмаса керак. Дастлабки башоратларга қараганда, иқтисодий ўсиш суръатлари қуйидагича бўлади: Қозоғистонда: 3,5% – 3,8%, Қирғизистонда: 3,7% – 4%, Тожикистонда: 5,8% – 6,1%, Туркманистонда: 5,4% – 5,7% ва Ўзбекистонда: 5,6% – 5,9%. Жами олганда, минтақадаги ўсиш суръатлари 4,5% – 5% бўлади. Айни чоқда экспертлар Ўзбекистонни алоҳида ажратиб кўрсатмоқда. Ушбу мамлакатнинг иқтисодий ўсиши бўйича прогнозлари яқин йилларда энг жадал ва ижобий бўлади. Қурилиш билан саноатни фаоллаштириш ўсишнинг драйвери – асосий ҳаракатлантирувчи кучи бўлиши мумкин.

2. Янги сайлов цикли: иқтисодий майдон фаоллашуви

Марказий Осиё минтақасининг янги сайлов жараёнига қадам қўйиши кўп жиҳатдан 2020 йили ички сиёсий кун тартибини белгилаб беради. Сайлов билан боғлиқ энг муҳим воқеалардан бири жорий йилда Қирғизистонда бўлиб ўтадиган парламент сайловидир. Республикадаги бундан буёнги сиёсий кучлар нисбати, президент Сооронбой Жээнбеков сиёсати, мамлакатда потенциал конституция ислоҳотлари ўтказиш сайлов кампанияси натижаларига боғлиқ эканини тушуниш лозим. Айни ҳолатда Ўмурбек Текебаев ёки Ўмурбек Бабанов сингари сиёсий етакчиларнинг бундан кейинги нима бўлиши, шунингдек, уларнинг парламент пойгасида иштирок этиши масаласи очиқ қолмоқда. Ҳокимиятдаги Қирғизистон Социал-демократик партиясининг (ҚСДП) барқарорлиги, айнан собиқ президент Алмазбек Атамбаев тарафдорларини тўлиқ сиқиб чиқариш йўлида партия ичидаги кадрлар жиддий алмаштирилиши билан боғлиқ саволга ҳам ҳозирча жавоб йўқ. Бундай шароитда Қирғизистоннинг амалдаги президенти янги таянч нуқталарини топиши ва бошқа партиялардан кўмак олиши керак бўлади.

2020 йил кўклами ва кузида Тожикистонда парламент ва президент сайловлари бўлиб ўтади. Ҳокимиятдаги Халқ демократик партиясинининг парламентдаги статус-квоси – мавжуд ҳолати сақланиб қолиши ва Тожикистон президентининг қайта сайланишини кутиш мумкин. Шу билан бирга, давлат бошқарув аппаратида ёшартириш ва янги шахсларнинг келиш жараёни бошланиши эҳтимолдан холи эмас. Экспертлар яна жорий йилдаёқ Қозоғистоннинг олий қонун чиқарувчи ҳокимият тармоғи муддатидан олдин сайлов кампаниясини ўтказиши эҳтимолини истисно этмаяпти. Шунга қарамасдан, сўнгги йилларда илк марта парламент сайлови белгиланган муддатида ўтказилиши мумкин. Шу зайл жорий йил 2021 йилга мўлжалланган парламент сайловига тайёргарлик йили сифатида ўтади. Айни жараёнга янги сиёсий бирлашмалар ва партиялар ҳамда ички сиёсий майдоннинг фаоллашуви эш бўлиши мумкин.

3. Қозоғистон: Президент Тўқаевнинг янги ислоҳотлари

2020 йил Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг янги ислоҳотларини амалга оширишда муҳим босқич бўлиши мумкин. Мамлакат етакчиси илгари сурган «Тинглай оладиган давлат» концепцияси давлат билан жамият ўртасидаги мулоқотни яхшилашга, шунингдек, мураккаб давлат бошқарувининг янги механизмларини шакллантиришга қаратилади. Ушбу контекстда Миллий ижтимоий ишонч кенгаши (МИИК) таклиф этган ташаббуслар: митинглар ҳақида янги қонун қабул қилиш, парламентнинг кам сонли қисми ҳуқуқини кенгайтириш, партияларга аъзолик бўсағасини 40 мингдан 20 минг кишигача камайтириш, «Халқаро фуқаролар ҳуқуқи тўғрисида»ги қонуннинг Иккинчи факультатив баённомасига қўшилиш, партиялар рўйхатида аёллар ва ёшлар учун 30 фоизлик квотани тасдиқлаш ва ҳоказоларни амалга ошириш муҳим олға силжиш бўлади. Демографиядаги сифат ўзгаришларини ҳисобга олиб, сиёсатда ҳам, жамиятда ҳам авлодлар алмашувини, аҳолининг ички сиёсий жараёнларга аралашувини оширишни янги трендлар – тамойиллар, кутилмалар ва «янги ижтимоий шартнома»га бўлган талаб шакллантиради. Айни жараёнлар аксарият ҳолларда ижтимоий ҳаётнинг рақамлашуви, ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситалари таъсири кучайиши ҳамда ёшлар фаоллигининг ошиши ҳисобига тезлашади. Бинобарин, самарали мулоқот майдонининг янги механизмларини барпо этиш Қозоғистон янги ҳукуматининг бош стратегик вазифаси бўлади.

4. Минтақада аҳолини рўйҳатга олиш бошланиши

2020 йилги глобал раунд доирасида Марказий Осиё мамлакатларида навбатдаги аҳолини рўйхатга олиш тадбирлари бошланади (Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон). Илгари рўйхатга олиш Ўзбекистонда 1989 йили, Туркманистонда 1995 йили, Қозоғистон ва Қирғизистонда 2009 йили, шунингдек, Тожикистонда 2010 йили ўтказилган эди. Қайд этиш жоизки, ўтган ўн йиллик мобайнида минтақадаги демография манзараси бир қатор структурал ўзгаришларини бошидан кечирди. 2017 йилда Марказий Осиё аҳолиси 70 миллионлик маррани ҳатлаб ўтди. Аҳоли таркибидаги болалар сони ортиши (30 фоиз) баробарида кутилаётган умр узоқлиги ўсмоқда. Аста-секин шаҳарлашув жараёнлари фаоллашиб ва мустаҳкамланиб бормоқда. Аҳоли сони миллион кишидан ошган шаҳарлар сони 7 тага етди, улар қаторига Нур-Султон (1916 йил), Бишкек (2017), Душанбе (2018 йил) ва Шимкент (2018 йил) қўшилди. Аҳоли сонининг ортиш тамойили ўлим миқдори камайиши, ўртача ёш ортиши ва туғилиш кўпайиши ҳисобига сақланиб қолмоқда. Минтақа мамлакатларида келгуси рўйхатга олиш ишларини ташкил этишда бир қатор янгиликлар қўлланади. Масалан, Қозоғистонда суҳбат ўтказувчилар планшетлардан фойдаланади, шу сабабли маълумотлар шу заҳотиёқ маълумотлар базасига тушиши ва қайта ишланиши мумкин, шунингдек, рўйхатга олишда онлайн форматда ҳам иштирок этса бўлади. Қирғизистонда саволномага уй-жой фонди, барқарор ривожланиш мақсадлари бажарилиши, шунингдек, мамлакатда бир йилдан ошиқ вақтдан бери яшамаётган қариндош ватандошлар ҳақида кўшимча саволлар қўшилган. Бундан ташқари, аҳолини рўйхатга олишда мобил телефонлар орқали ҳам қатнашиш мумкин. Ўз навбатида Туркманистон ва Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олишнинг навбатдаги раундларини 2022 йилда ўтказиш режалаштирилмоқда. Шу тариқа аҳолини рўйхатга олиш натижалари минтақа мамлакатлари ижтимоий-иқтисодий сиёсатига таъсир кўрсатади.

5. Марказий Осиёда ҳамкорликнинг изчил кучайиб бораётгани

2020 йилда Марказий Осиё мамлакатлари минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш сари олинган жадал йўналишни давом эттиради. Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарларининг Бишкекда ўтказилажак маслаҳат учрашуви асосий эътибор марказида бўлади. Айни саммит 2018 йилда Нур-Султонда ва 2019 йили Самарқандда ўтказилган учрашувларнинг давоми бўлади ҳамда минтақадаги ҳамкорлик ривожланишини ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маданий даражаларда янгилаш имконини беради. Жорий йилда Европа Иттифоқининг (ЕИ) Марказий Осиё бўйича стратегияси амалга оширила бошлаши ва АҚШнинг Марказий Осиё бўйича стратегияси эълон қилиниши минтақадаги масалалар кун тартибига қўшимча туртки беради. Айни ҳолатда Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг давом эттирилаётгани, шунингдек, Қозоғистонда ўтказилаётган сиёсий ислоҳотлар халқаро инвесторларнинг минтақага бўлган қизиқишини оширади. 2020 йилда Тожикистоннинг Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ), Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ), Халқаро Орол денгизини қутқариш жамғармаси ва Афғонистон бўйича Истамбул жараёни сингари минтақавий майдонлардаги раислиги ҳам муҳим қадам бўлади. Барча зикр этилган воқеалар ва кўрсатилган ташаббуслар халқаро ҳамжамиятнинг Марказий Осиё минтақасига эътиборини жалб қилади.

6. ЕОИИ: Интеграция йўналишининг мустаҳкамланиши

Интеграция бирлашмаси амал қила бошлангач, орадан 5 йил ўтгандан сўнг Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) шартномаси асосий меъёрларининг унга аъзо бўлган мамлакатлар қонунчилигида мустаҳкамлаб қўйилиши кутилмоқда. 2019 йил декабрида бўлиб ўтган Евроосиё иқтисодий комиссияси мажлисида меҳнаткашларнинг иқтисодий таъминот тўғрисидаги келишув узоқ вақт бирга ишлангандан сўнг имзоланди. Энди иштирокчи мамлакатлар ушбу ҳужжатни ўз парламентларида тасдиқлаши керак. Шунинг баробарида 2020 йилда имтиёз муддати тугаши муносабати билан Қирғизистонга ЕОИИдан бошқа мамлакатлардан олиб кириладиган машиналарнинг божхона расмийлаштирилуви нархлари оширилади. Қозоғистон билан Қирғизистоннинг учинчи мамлакатлар бозорларига чиқиши бўйича иш фаол давом эттирилади. 2020 йилда Ҳиндистон билан эркин савдо зонаси (ЭСЗ) ҳақида битим тузиш режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, Миср ва Исроил билан ЭСЗ тўғрисидаги музокараларнинг якунловчи босқичи ўтказилади. Марказий Осиёнинг яна бир мамлакати – Ўзбекистоннинг ЕОИИга киришига оид масала кун тартибида муҳим бўлиб қолади. Айни пайтда ўзбек экспертлари мамлакатнинг ЕОИИга кириш истиқболлари ва шу билан боғлиқ муаммоларни жадал муҳокама қилмоқда. Хусусан, Президент администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази махсус тадқиқот ўтказди, унда ушбу интеграция бирлашмасига кириш бир қатор имтиёзлар бериши айтилади. Жорий йил февралида Ўзбекистон президентининг Россия Федерациясига сафари бўлиши ва сафар вақтида ушбу йўналишдаги масалаларга тўлиқ ойдинлик киритилиши кутилмоқда. Таъкидланишича, Ўзбекистон ЕОИИда кузатувчи мақомига эга бўлиши мумкин. Бундай қарор қабул қилиниши Ўзбекистоннинг ушбу қадами эркинлаштириш ва очиқ иқтисодий сиёсатининг давоми сифатида мантиқли бўлади.

7. АҚШнинг Марказий Осиё бўйича янги стратегияси

Глобал геосиёсий рақобат ўсиб бораётган шароитда яқинда эълон қилинган АҚШнинг Марказий Осиё бўйича янги стратегияси халқаро эътибор марказида бўлиши тайин. АҚШ давлат котиби Майк Помпеонинг Марказий Осиёга сафари минтақанинг АҚШ сиёсатидаги аҳамияти ошиб бораётганини нишонаси бўлди ҳамда С5+1 формати ривожланишига янги туртки беради. Марказий Осиё минтақаси мамлакатларида рўй берган сўнгги сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ўзгаришлар ҳисобга олинса, Доналд Трамп маъмуриятининг янги стратегияси прагматик, минтақада савдо алоқаларини, хавфсизликни мустаҳкамлаш ва минтақа мамлакатлари суверенитети – эгаменлигини кучайтириш асосий масалалар сифатида кун тартибига чиқди.

8. Яқин шарқ: Геосиёсий тангликнинг Марказий Осиёга таъсири

Яқин Шарқ – Марказий Осиёнинг географик жойлашуви нуқтаи назаридан Ғарбий Осиё – 2020 йилда ҳам беқарорлик ва таҳдидларнинг бош минтақаси сифатида халқаро жамоатчиликнинг эътибори марказида бўлиб туради. АҚШ билан Эрон ўртасидаги муносабатлар кескинлашуви билан боғлиқ сўнгги воқеалар, Ливиядаги ҳарбий-сиёсий аҳвол ёмонлашуви, курд қуролли тузилмалари фаоллашуви, шунингдек, Туркия, Эрон ва Саудия Арабистони сингари минтақадаги асосий ўйинчиларнинг таъсир доирасини кенгайтириш учун ўзаро рақобати кучайиб бораётгани Суриядаги буҳрон кескинлиги кейинги босқичига чиқаётганидан дарак бермоқда. Сўнгги воқеалар оқибатлари ҳисобга олинса, Ғарбий Осиёдаги «proxy» усулидаги қарама-қаршилик янги ва тобора очиқ кўринишга ўтишини кутиш мумкин.

Минтақанинг мавжуд ҳолатни ўзгартиришга интилаётган айрим мамлакатлари “қизил чизиқ”ни босиб ўтиши ва Ғарбий Осиёда ҳақиқий ҳарбий амалиётлар қўзғаши мумкин. Айни жараёнлар энергия ресурслари бозори ҳолатига салбий таъсир кўрсатади ҳамда жаҳон ва Марказий Осиё мамлакатларининг иқтисодий кўрсаткичларини пасайтиради. Шу билан бирга, минтақада кучайиб бораётган геосиёсий рақобат ва мавҳумлик янги террорчилик ташкилотлари пайдо бўлиши, марказий осиёликларнинг бузмакор террорчилик фаолиятига тортилишининг янги босқичи вужудга келишига сабаб бўлиши мумкин.

9. Хитой: Марказий Осиёдаги ҳамкорликка янги таянч ахтариб

2020 йилда Хитой Марказий Осиёдаги ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳозирлигини кенгайтиришни давом эттиради. Жорий йилда Хитойнинг минтақадаги янги таянч нуқтаси Ўзбекистон бўлади. Президент Шавкат Мирзиёевнинг изчил ислоҳотларини ҳисобга олиб, Хитой раҳбарияти икки томонлама муносабатларни сезиларли равишда фаоллаштирди. Таъкидлаш жоизки, 2019 йилда Ўзбекистонда Хитой инвестициялари йиғиндиси 1,5 баробар ошди ва бу кўрсаткич тахминан 8 миллиард долларга тенгдир. Ўтган йили ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг бешинчи мажлиси натижаларига кўра, Ўзбекистон ва Хитой раҳбарияти савдо-иқтисодий, аграр, банк ва молия, транспорт-коммуникация соҳаларига тааллуқли 54 та лойиҳа бўйича битимлар имзолади. Экспертлар ҳисоб-китобича, бугунги кунда Ўзбекистонда Хитой билан қўшма сармоя асосида ташкил этилган корхоналар сони 1120 тадан ошади, ўтган йилнинг ўзида 330 дан ошиқ лойиҳа ишга туширилди.

Икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар мустаҳкамланишида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 12 сентябрида Хитой ватандошлари, жумладан, Ҳонгконг аҳолиси учун виза режимини бекор қилиш тўғрисидаги фармони, кейинчалик Хитой ватандошларига 6 ойгача кўп марта кириш визалари берилиши муҳим қадам бўлди. Ҳозирги кунда Тошкент билан Пекин учун “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темирйўл магистралини қуриш бўйича лойиҳани амалга ошириш долзарб бўлиб турибди. Шундан келиб чиқиб, тахмин қилиш мумкинки, 2020 йилда айни лойиҳани амалга ошириш учун икки мамлакат ҳукуматлари жиддий кўмак кўрсатади. Икки малакат ўртасидаги иқтисодий муносабатларни ривожлантиришнинг потенциал йўналишларидан бири халқаро арбитраж соҳасидаги ҳамкорликни кучайтиришдир, бунда асосий эътибор Хитойнинг “Макон ва йўл” ташаббуси доирасидаги баҳсли масалаларни ҳал этишга қаратилади. Шу билан бирга эсда тутиш лозимки, Қозоғистон ва Қирғизистон ватандошларининг Хитой инвестицияларига мураккаб ва мунозараларга тўла муносабати Пекинни Тошкент билан янада қалин ҳамкорлик қилишга ундаши мумкин. Шундай қилиб, 2020 йилда Хитой билан Ўзбекистон муносабатлари тобора кучайиб, янги кўринишларга эга бўла боради.

10. “Мустақиллик” авлодининг фаоллашуви: ёшлар ролининг ошиши

Фикримизча, жорий йил Марказий Осиёдаги ички сиёсий жараёнларда ёшларнинг роли кучайиш йили бўлади. Ҳозирги вақтда ёшларнинг аҳоли нуфусидаги улуши тўхтовсиз ўсиб бормоқда ва 70 миллионлик минтақа аҳолисининг деярли 30 фоизини ташкил қилади. Масалан, Қозоғистонда 14 – 29 ёшдаги ёш йигит-қизлар сони 4 миллион киши (22 фоиз), Ўзбекистонда 9 миллион 600 минг киши (30 фоиз), Қирғизистонда 1 миллион 600 минг киши (26 фоиз), Тожикистонда 2 миллион 800 минг кишидир (30 фоиз). Ушбу кўрсаткичлардан келиб чиқиб, минтақа мамлакатлари ҳукуматлари иқтисодий ва ижтимоий сиёсат юритишда, пенсия билан боғлиқ ислоҳотни амалга оширишда аҳолининг демографик таркибидаги ўзгаришларни ҳисобга олмоқда. Айни шароитдан келиб чиқиб, Қозоғистонда 2020 йилда парламентга сайлов арафасида ёш ижтимоий етакчилар иши фаоллашиши кутилмоқда. Боз устига, Қозоғистонда 2020 йилда 35 ёшгача бўлган ёш авлод вакиллари кирган “президентнинг кадрлар резерви” ташкил этилгани янги бошқарувчилар қатлами шакллантирилаётганидан далолат беради. Ўзбекистонда шунга ўхшаш саъй-ҳаракатлар ёш авлодни “Buyuk Kelаjak” ва Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университети жамғармаси орқали ижтимоий жараёнларга жалб этишга йўналтирилмоқда.

Умуман олганда, шуни таъкидлаш ўринлики, Марказий Осиёда ватандошларнинг янги авлоди пайдо бўлди, бу ерда ёшлар давлат бошқаруви механизмига таъсир этиш орқали фуқаролик жамиятидаги ўзгаришларнинг ҳаракатлантирувчи кучларидан бири бўла бормоқда. Яна ижтимоий тармоқлар, оммавий ахборот воситаларининг роли тобора ошиб бораётгани, ижтимоий шартноманинг ўзгараётгани ҳисобга олинса, жорий йилда Марказий Осиё мамлакатларида ёшлар ҳаракатларининг жонланишини ва аста-секин сиёсий элитанинг янги авлоди давлат лавозимларига номзод қилиб кўрсатилишини кутиш мумкин. Ушбу жараёнларнинг барчаси Марказий Осиё минтақасидаги сайлов жараёнлари билан боғлиқ равишда кечади.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан