Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






“Ўзбекнефтгаз”: “Мароқанд нефть базаси”даги талон-тарожлик ҳолатлари ортидан 11 нафар ходим "учди"
20.09.2021 14:58,  
162

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғига кўра, молиявий ва комплаенс назоратни кучайтириш, коррупция ва талон-торожликларга қарши курашиш, уларни келгусида йўл қўйилишини олдини олиш, пировард натижада, тизимда молиявий барқарорликка эришишга қаратилган профилактик тадбирлар бугунги кунда ўз самарасини бермоқда.

Навбатдаги шундай тадбирлардан бири, “Мароқанд нефть базаси” МЧЖ (кейинги ўринларда – Жамият деб юритилади) ва унинг филиалларида ўтказилди. Ўрганиш давомида Жамиятнинг масъул мансабдор шахслари томонидан юклатилган вазифаларни лозим даражада бажармасликлари, молиявий қонунчиликга риоя этилмаслиги ҳамда ташкилотнинг молиявий ҳолатига бефарқлиги оқибатида жиддий молиявий хато ва камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланди.

Масалан, Жамият ва унинг филиалларига “Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи томонидан вақтинчалик масъул сақлашга топширилган жами 23 млрд 339 млн сўмлик 3 219,0 тонна автобензин маҳсулотларига “хўжасизларча” муносабатда бўлиб, белгиланган тартибда биржа савдолари орқали сотиб олинмасдан истеъмолчиларга юклаб жўнатиб юборилган.

Бунинг натижасида юзага келган нарх тафовутлари орқали Жамиятга жами 2 млрд 666 млн сўмлик зарар етказилган. Шунингдек, товар-моддий қийматликлар, асосий воситалар ва нефть маҳсулотларидан жами 844,5 млн сўм миқдорида камомадлар аниқланди.

Таъкидлаш жоизки айрим масъуллар томонидан нефть маҳсулотларининг ҳисобини юритиш учун мўлжалланган ёқилғи сиғимларининг калибровка жадваллари атайин ўзгартирилиб камомадлар яшириб келинган.

Жумладан, Булунғур филиалининг масъуллари томонидан  2020 йил 15 августдан 2021 йил 31 июлгача бўлган даврдаги 2 000 куб метр сиғимда сақланиб келаётган Аи-80 К2-Л автобензин маҳсулоти ўлчаш жараёнларида маҳсулотнинг маълум баландлиги (см) бўйича ҳажм (литр) қолдиқлари нотўғри кўрсатилиб келинганлиги натижасида, ҳисобот даври якунларига кўра ўтказиб келинган хатловлар хатолик билан ўтказилган, натижада 145 785 литрдан 750 918 литргача номутаносибликлар хатловларда яшириб келинган.

Нефть маҳсулотларининг сақланиши бўйича ўтказилган ўрганишларда Жамиятнинг Булунғур филиалида олиб борилган хатловлар натижасида 308,6 млн сўмлик 41 296 кг Аи-80 К2-Л автобензини ортиқча эканлиги аниқланди.

Бундан ташқари, нефть маҳсулотларини асоссиз равишда ҳисобдан чиқариш ва иш хақидан бўлган қарздорликлар бўйича жами 453,4 млн сўм миқдорида молиявий хато-камчиликлар аниқланди.

Жамият филиаллари автохўжалигининг механиклари ва ҳайдовчилари томонидан жами 148,6 млн сўмлик 24223 литр нефть маҳсулотлари асоссиз равишда ҳисобдан чиқарилган. Масалан, Жамият автохўжалиги механиги ва ҳайдовчилари ўртасидаги келишув натижасида аслида газ ёқилғиси билан ҳаракатланишда бўлган юк автомашинасига ҳақиқатда бажарилмаган қатновлар бўйича йўл варақалари расмийлаштирилиб, жами 18933 литр 117,1 млн сўмлик бензин ёқилғиси маҳсулоти ноқонуний ҳисобдан чиқарилган.

Жамият ва унинг филиалларининг 2021 йилнинг 1 сентябрь ҳолатига 33 млрд 384 млн сўм бўлиб, шундан муддати ўтиб кетган дебиторлик қарздорлиги 19 млрд 843 млн сўмни ҳамда бугунги кунда ундириш “умидсиз” (корхоналар ёпилиши, даъво муддатларининг ўтиши ва ҳоказо) бўлган қарздорлик суммаси 14 млрд 234 млн сўмни ташкил этмоқда.

Ўрганиш натижаларига кўра, аниқланган ҳолатларни бартараф этиш, хатоликка йўл қўйган шахсларга тегишли чоралар кўриш, шунингдек, истиқболда бундай салбий ҳолатларга йўл қўйилишини олдини олиш мақсадида амалий таклифлар ва тавсиялар берилди. Аниқланган ҳато-камчиликларга ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида маълумотлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга тақдим этилди.

Ўтказилган ўрганишлар аниқланган хато-камчиликларни бартараф этиш, уларни келгусида йўл қўйилишини олдини олиш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг тегишли департаментлари ва нефть база жамоаси иштирокида “Мароқанд нефть базаси” МЧЖда кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди.

Йиғилиш давомида хато-камчиликларга йўл қўйган жами “Мароқанд нефть базаси” МЧЖнинг 11 нафар масъул мансабдор шахслар билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинди, 6 нафар ходимларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилди, шунингдек, хатоликларни бартараф қилиш, келгусида йўл қўймаслик, тегишли ҳуқуқий баҳо бериш ва талон-тарожликларни камайтириш юзасидан зарур чора-тадбирлар белгиланди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан