Масжид-чeрковлар, Кипр ва армани масаласига оид

Масжид-чeрковлар, Кипр ва армани масаласига оид

Истанбулдаги Аё София ортидан Хора монастири ҳам қайта масжидга айлантирилаётганига турли муносабатлар билдирилмоқда. Черковлар Усмонли турклари 1453 йили Истанбулни қўлга киритгандан кейин маълум вақт ўтиб, масжид бўлган эди. Истанбулда бундан минг йил олдин черков ўлароқ қурилган Аё Софиядан кейин Хора монастири ҳам масжидга айлантирилган, лекин 1945 йилларга келиб музей ўлароқ қўлланила бошлаганди.

Хусусан, турк султони Аё Софияни насроний патриархга пулини тўлаб, сотиб олиб, рози қилиб, кейин атрофига тўртта минора қурдириб, масжидга айлантирган экан. Хора монастири ҳам 1500 йиллар бошларида масжид ўлароқ фойдаланила бошлаган ва орадан 445 йил ўтгач, 1945 йили музейга айлантирилган. Туркия Олий суди унинг музей мақомини ўтган йили ноябрь ойида бекор қилганди, энди яна масжид бўляпти.

Канада ва Америкада одам келмай қўйган черковларни мусулмонлар сотиб олиб, масжидга айлантиришяпти. Мен ўзим Онтарио провинцияси Гуэлф шаҳридаги афғонистонлик ўзбеклар сотиб олган шундай масжиддаги тадбир ва намозларга бир неча марта қатнашганман. Демак, бу ишларни ваҳима қилмай, шундоқлигича қабул қилиш керак.

Қайта масжидга айлантирилган бўлишига қарамай, Аё София ва Хорадаги насроний расм ва мозаикалар олиб ташланмайди. Намоз пайтида улар парда билан ёпилади, бошқа пайт яна очиқ туради. Бу тарихий бинолар музейлигида чет элликлар яхшигина пул тўлаб киришарди, энди эса текинга томоша қилишади. Шунинг учун, айрим насроний давлатлар, хусусан православ Ўрусия ва Юнонистон бу ишни қаттиқ танқид қилаётганини англаш қийин.

Совет даврида Ўзбекистондаги анчагина тарихий масжид ва обидалар чўчқахона ёки омборхонага айлантирилганини ҳозирги ёш авлод билмаса керак. Ўрусия эса собиқ иттифоқнинг вориси саналади.

Ҳеч кимнинг эркин давлат ички ишида аралашишга ҳаққи йўқ. Дод-вой қилаётган Юнонистон ўз тупроқларида қолган тарихий турк масжидларини черковга айлантирган. Шунинг учун, Туркия ташқи ишлар вазири уларга қарата "олдин ўзингга боқ" деди.

Шу ўринда Кипрни мисол қилиб келтиришни ўринли деб топдим.

450 йил Усмонийлар империясига қарам бўлиб, 1915 йили Буюк Британия бошқарувига ўтган, 1960 йили эркинлигини эълон қилган Кипрда ҳам туркларга қарши кўп номаъқулчиликлар юз берган. Мустақиллик сабаб, оролни турк ва юнон давлатлари ўзаро бўлишиб олиш бўйича давом этаётган тортишувларга чек қўйилади.

1960 йилги мустақиллик конституциясига кўра орол-давлатда юнон ва турклар тенг ҳуқуқли деб тан олинган, Британия, Туркия ва Юнонистон уларнинг ҳуқуқлари бузилмаслигига кафил бўлишган. Юнон ва турк тиллари ҳалигача давлат тили ўлароқ қолмоқда.

Кипр жами аҳолисининг 78 фоизини юнонлар, 18,2 фоизини турклар ташкил қилган. Дастлаб, президент юнон бўлса, президент ўринбосари (вице-президент) турк бўлган. Туркларга парламентда 30 фоизлик қонунларни вето қилиш ҳуқуқи берилган.

Лекин, 1960 йиллар ўрталаридан юнон айримчилар Кипрни Юнонистонга қўшиш ҳаракатини авж олдиришади. Туркларни ўлдириш, давлат идораларига киритмаслик оқибати ўлароқ, минглаб турк яшаш ерларини ташлаб кетишга мажбур бўлади. Бу ҳам етмагандек, Юнонистон давлати оролга 10 минг кишилик қўшин киритади. Туркия бунга қарши жавоб қўллашига эса БМТ каби халқаро ташкилотлар йўл қўймайди.

1970 йиллар бошларида туркларни ўлдириш, таҳдид қилиш, қувғин қилиш янада кучаяди. 1974 йил ёзида Юнонистон ҳукумати Кипрда давлат тўнтариши уюштириб, оролни ўзига қўшиб олиш мақсадида қонуний президентни олиб ташлашга уринади. Туркия кафил давлат ўлароқ конституциявий тизимни ва турк миллатдошларини ҳимоя қилиш учун ўша йил июль ойида армиясини Кипр шимолига олиб киради.  Шундан кейин, шимолдаги юнонлар - жанубга, у ердаги турклар эса - шимолга кўча бошлаган. 180 минг юнон ва 50 минг турк шу тариқа яшаш ерини ўзгартирган.

Икки миллатнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш учун барча уринишлар иш бермагач, 1983 йили Туркия ҳомийлигида оролнинг 36 фоиз ҳудудида Шимолий Кипр Турк Республикаси ташкил қилинган. Ҳозирги кунда бу давлатни Туркиядан бошқа ўлка тан олмаган.

Оролнинг 2,7 фоизи ҳалигача Буюк Британияга қарайди. Шунинг учун бўлса керак, кипрликлар қиролича давлат бошлиғи бўлган мамлакатдан ватандошлик олиши қийин эмас. Яна 2,5 фоиз тупроқлар БМТ тарафидан юнон ва турк тарафини ажратиб турадиган буфер зона ўлароқ қўлланилади. Бу зонада қолиб кетган Никосия халқаро аэропорти чириб, аянчли аҳволда ётибди.

Туркларга тегишли тупроқларда Эржан (Эрсан) халқаро аэропорти қурилган. Бу ерга Туркиянинг кўплаб шаҳарларидан келадиган жуда кўп кундалик рейсларда минглаб туркиялик сўлим Ўртаер денгизи пляжларида дам олишади.

Кипр 2004 йили Оврўпа Бирлиги (Иттифоқи)да аъзо бўлиб кирди. Бундан олдин эса Кипрни бирлаштириш бўйича БМТ бош котиби Кофи Аннан ишлаб чиққан режа бутун оролнинг ҳар икки қисмида умумхалқ овозга қўйилди. Туркларнинг кўпчилиги режани ёқлаб, юнонларнинг кўпчилиги эса унга қарши овоз берди. Натижада, оролни бирлаштириш хаёли яна чиппакка чиқди.

Қизиғи шундаки, ҳозирги пайтда ҳам 83 кишилик Кипр парламентда туркларга ажратилган 24 та ўрин бўш турибди. Кипр миллий валютаси - лира эса юнон, турк ва инглиз тилларида битилган.

Хулоса қилиб айтганда, минг «демократия» деганимиз билан мавзу туркларга келганида ғарб матбуоти масаланинг турклар тарафини оладиган қисмини кўп ҳам ёритавермайди. Бунга мисол қилиб усмонли турклари 1915-1917 йилларда гўёки арманиларни қатлом қилгани ҳақидаги машмашани кўрсатиш мумкин.

Тарихга назар солсак, арманилар бир неча юзйил бўйича Усмонийларга садоқат билан хизмат қилгани учун "миллати содиқа" - "содиқ миллат" деган ном олишган. Лекин, биринчи жаҳон урушида ўрисларнинг гиж-гижлаши оқибатида туркларнинг орқасига ҳанжар уриб, сотқинлик қилишган: улар тинч турк аҳолисини ваҳшийларча ўлдира бошлашган. Натижада, Оврўпада урушга кирган султон ҳарбий кучларни мамлакат шарқига ташлаб, чора кўришга мажбур бўлган. Арманилар ўша пайтларда Усмонийларга тегишли бўлган ҳозирги Ироқ, Ливан ва Сурияга сургун қилинган.

Биз иккинчи жаҳон урушида Кавказ ва Қримдан Ўрта Осиёга сургун қилинганлар қандай оғир шароитларда қолиб, йўлда анча-мунча одам ўлиб кетганини яхши биламиз. Арманиларни кўчириш пайтида ҳам шунга ўхшаш воқеалар юз берган. Лекин, турк армияси тинч арман аҳолисини қасддан ўлдириб, қатлиом қилган деган иддао ҳақиқатга тўғри келмайди.

Агар турклар арманиларга иддаолардаги каби ёвузликлар қилганида эди улар ҳозирги пайтгача ана шу араб давлатларида турк тилини ўз она тилидай сақлаб, гаплашаётган бўлишмасди.

Арманилар эса туркларда қолган ютқазиш аламини ўзбеклардан олиб, 1918 йили Қўқон мухториятига қарши ўрислар билан бирга урушгани ва шаҳар аҳлини қатлиом қилгани тарихдан маълум.

Бой арманилар ғарб давлатлари, хусусан АҚШга кўчиб кетиб, катта қудратга эга бўлишган. Улар мамлакат сиёсатига таъсир кўрсата оладиган кучга эга. Лекин, 1980 йилларда Америка президентига усмонийлар даврида арманилар қатлиом қилинмагани ҳақидаги илмий далиллар тақдим қилингач, федерал ҳукумат қатлиом бўлганини тан олишга рўйхушлик бермай қўйган. Шунга қарамай, армани диаспораси ҳар йили туркларга қарши ҳаракат уюштириб туради.

Туркия президенти мамлакатдаги барча архив ҳужжатларини очиб, уларни ўрганиб чиқиш учун олимларни, шу жумладан - арманиларни ҳам таклиф қилган. Эрдўған жаноблари Арманистондан 1915 йиллардаги воқеалар акс этган архивларини очишни сўрамоқда. Лекин, Арманистон ҳалигача бунга рози бўлмаяпти.

Ачинарлиси, бир талай ўзбеклар совет ва ўрис пропагандасига учиб, "турклар арманиларни қатлиом қилган" дейишадию, 1918 йилги Қўқон ва 1993 йил Озарбайжондаги Хўжали қатлиомлари ҳақида лом-мим дейишмайди.

Ким нима деса "тўғри экан" деб, ишонавериш ўқимаган, дунёқараши тор одамнинг ишидир. Шунинг учун, таёқнинг икки учи борлигини унутмай, доим бир тараф салбий кўрсатилган хабарни бошқа турли манбалардан олиб ўқиб, солиштириб, кейин бир мантиқий тўхтамга келишни ўрганиш зарур.


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.