Масъул лавозимга тайинланадиган шахслардан ўзбек тилини билиш сертификати талаб этилади

Масъул лавозимга тайинланадиган шахслардан ўзбек тилини билиш сертификати талаб этилади

«Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент Фармонига биноан:

Вазирлар Маҳкамаси уч ой муддатда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига тўлиқ ўтишни таъминлаш мақсадида ишчи гуруҳи ташкил қилади ва аниқ чора-тадбирларни назарда тутувчи “Йўл харитаси” ишлаб чиқиб,  Президент Администрациясига киритади;

2021 йил 1 апрелдан бошлаб ўзбек тили ва адабиёти бўйича билимни баҳолашнинг миллий тест тизими асосида раҳбар кадрларнинг давлат тилида расмий иш юритиш даражаси аниқланади ҳамда масъул лавозимларга тайинланадиган шахслар учун давлат тилини билиш бўйича даража сертификатлари жорий этилади;

Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказида ўзбек адабий тили меъёрлари ва давлат тилида иш юритиш бўйича қисқа муддатли (1–2 ойгача) ўқув курслари мунтазам равишда ташкил этилади;

- ўзбек тилидаги мавжуд луғатлар асосида узлуксиз таълимнинг барча турлари учун қуйидаги ўқув луғатларини яратиш чоралари кўрилади, шу жумладан:

- кўп жилдли “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”нинг тўлдирилган янги нашри (кирилл ва лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида);
- “Ўзбек тилининг имло луғати”;
- “Ўзбек тили синонимлари луғати”;
- “Ўзбек тили синонимларининг катта изоҳли луғати”;
- “Ўзбек тили фразеологизмларининг катта изоҳли луғати”;
- “Ўзбек тили омонимлари луғати”.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ўзбек тилидан жаҳоннинг етакчи хорижий тилларига ва хорижий тиллардан ўзбек тилига таржима қилувчи компьютер дастури яратилади;

2021 йил 1 январдан бошлаб марказий телеканалларда “Тилга эътибор”, “Она тилида сўзлашамиз”, “Нотиқлик маҳорати”, “Тил – миллат кўзгуси”, “Китоб билим манбаи”, “Билимли ёшлар – келажак бунёдкори” каби туркум кўрсатув ва эшиттиришлар ташкил қилинади.