Марказий Банк: банкоматлардан ечилаётган пулларнинг ҳажми кескин ошиб кетди

Марказий Банк: банкоматлардан ечилаётган пулларнинг ҳажми кескин ошиб кетди

Нақд пул айланмаси бўйича Марказий банк қисқача шархи эълон қилинди.

Унга кўра, 2019 йилнинг январь-сентябрь ойларида банк кассалари орқали нақд пул айланмаси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,7 баробарга ошиб, 195,1 трлн. сўмни ташкил этди.

2019 йилнинг дастлабки 9 ойи мобайнида банк пластик карталарига 79 трлн. сўм пул кирим қилинган. Шундан 32 %и ёки 25.3 трлн. сўми банкоматлар ва банк кассалари орқали нақдлаштирилган. Фақатгина банкоматларнинг ўзидан 17.3 триллион сўм маблағ ечилган бўлиб, у ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7.3 баробарга кўпдир.

Шунингдек, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида жами пул тушумларида тўлов терминаллари орқали бўлаётган тушумлар қисқариб бормоқда. 2017 йилнинг январ-сентябр ойларида 63.9 % тушум терминал орқали тушган бўлса, 2018 йилнинг шу даврида 44.8 %, жорий йилда эса 34.9 % тушум терминаллардан тушган.

Марказий банк мазкур ҳолатнинг юзага келиши сабабларини аҳолининг товар ва хизматлар учун тўловларни нақд пулда амалга оширишни ва ўз навбатида, тадбиркорлик субъектлари ҳам ҳисоб-китобларни нақд кўринишда бўлишини кўпроқ маъқул кўраётганлиги билан изоҳлади.