Мебел бозорининг тақдири қил устидами?

Мебел бозорининг тақдири қил устидами?

Жорий йилнинг 23 ноябр куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг«Ёғоч-қириндили плиталар ҳамда уларнинг муқобил турларини ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш, импортни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси эълон қилинди. Бу қарор 2020 йил 1 январдан ёғоч қириндили тахталар - ДСП нинг (код ТН ВЭД 4410) 1 м3 учун 25 АҚШ доллари миқдорида акциз солиғини белгилашни, 2021 йилдан бошлаб 30 АҚШ доллари белгилашни назарда тутади.

Менимча ушбу лойиҳанинг айнан шу қисми жуда катта бахсларга сабаб бўлиши мумкин. Албатта бу лойиҳа биринчи навбатда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб қувватлаш учун ишлаб чиқилган. Аммо “Олдин янгисини қурмасдан туриб, эскисини бузма” тамойилига амал қилиниши керак бу ерда. Келинг, турли мутахассислар фикрлари ва очиқ маълумотларни ўрганиб чиқиб, келинган хулосаларни тақдим этсам:

Агар ДСПга акциз солиғини жорий этиш каби олдиндан ўйланмаган янгиликлар билан лойиҳа қабул қилингудай бўлса:

  • Биринчи навбатда мебел маҳсулотлари нархининг ошишига ҳисса қўшилади,
  • маҳаллий мебел саноатининг инқирозига ва кейинчалик импорт қилинган маҳсулотлар томонидан бозорни эгаллаб олинишга олиб келади (бу эса лойиҳанинг мақсади ва номига мутлақо зиддир);
  • мебел маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар сони кескин камаяди;
  • юз минглаб иш ўринларининг йўқолишига олиб келиши мумкин; (Ҳозирги вақтда мебел ишлаб чиқариш саноатида 700 000 дан ортиқ киши ишлайди)
  • мебел маҳсулотлари аҳолининг маълум бир қатлами учун етиб бўлмас орзуга айланиши мумкин;
  • иқтисодий беқарорликка ҳисса қўшади.

Мебел биринчи навбатда истеъмол товаридир ва унинг турли маҳсулотлар турлари мавжуд. Шу асосда, барча турдаги маҳсулотлар учун тегишли сифатли ва бардошли хом ашё ва ёғоч керак. Ғўзапоя ва қамишдан тайёрланган ДСП сифати, чидамлилиги ва бошқа техник стандартлар туфайли мебел ишлаб чиқаришда ҳар доим ҳам фойдаланилмайди. Ушбуҳолатда ёғоч қириндили ДСП панелини олиб киришга акциз солиғининг киритилиши, мутлақо кераксиз чора ҳисобланади.

Иккинчидан, ҳозирга қадар қамиш ва ғўзапоядан ДСП ишлаб чиқарадиган маҳаллий корхоналарнинг ишлаб чиқариш қуввати ойига 45 минг м3 бўлган бозор талабини қондира олмайди. Бу ҳам ДСПга акциз солиғининг асоссиз киритилишини кўрсатади.

Бундан ташқари, акциз солиғини ҳисобга олган ҳолда, мебел маҳсулотларининг нархи қарийб 50% га кўтарилиши мумкин, бу бизнинг маҳсулотларимизни, ўз навбатида акциз солиғига тортилмайдиган импорт қилинган мебелларга нисбатан рақобатбардошлигини тушуриб юборади.

Лойиҳа ташаббускорлари, албатта, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилишни режалаштиришган, аммо лойиҳанинг айнан шу жиҳати, шубҳасиз, акс таъсир беради.

Шундай қилиб, маҳаллий мебел маҳсулотлари нархининг ошишига олиб келадиган акциз солиғининг жорий этилиши импорт қилинадиган маҳсулотлар бозорини эгаллаб олишга, мебел ишлаб чиқарувчиларнинг кўплаб корхоналари фаолиятини тўхтатишга, минглаб одамларнинг ишсиз қолишига, солиқларнинг йўқолишига ва бир сўз билан айтганда, ички мебел саноатининг қулашига олиб келиши мумкин. Шу нуқтаи назардан, акциз солиғининг киритилиши мамлакатнинг иқтисодий хавфсизлиги ва барқарорлигига жиддий зарар етказади.

Ушбу лойиҳа мамлакатимиз иқтисодиётига, ўн минглаб хўжалик юритувчи субектларнинг, ишлаб чиқариш соҳасида ишлаётган 700 минг кишининг ва 33,9 миллион одамнинг зарарига бир неча катта корхоналар манфаатларини кўзлаб ишлаб чиқилганлигини пайқаш қийин эмас.

Бироқ, ички бозор эхтиёжи учун етарли ДСП ишлаб чиқариш учун имкониятлар бўлмай туриб, тегишли сифат даражаларига етишмай туриб ва мебел маҳсулотларининг хилма-хиллигини ҳисобга олмаган ҳолда мебелнинг асосий хом ашёсига акциз солиғи солиниши камида эрта, асоссиз ва ноўрин деб ҳисоблайман.

Шунингдек, ДСП га (4410) акциз солиғи жорий қилинган тақдирда, экспорт қилувчи давлатлар томонидан бунга жавобан симметрик чораларни қўлланиши мумкинлиги тўғрисида ҳам ўйлаб кўриш керак, бу эса мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини пасайтиради.

Бундан ташқари, юқорида айтилганлардан ташқари, лойиҳанинг 3-банди иқтисодиёт ва тадбиркорлик соҳасидаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятига мутлақо зиддир.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Монополияга қарши кураш қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, тадбиркорлик субъектлари ва оммавий ахборот воситаларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг вакилларидан иборат бўлган ишчи гуруҳини яратиш, лойиҳани муҳокама қилиш ва лойиҳани барча манфаатдор томонлар, айниқса ишлаб чиқариш соҳасидаги тадбиркорлик субектлари иштирокида муҳокама қилиш қилиш зарур.


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.