Меҳнат вазирлиги четга ишга кетмоқчи бўлган фуқароларга зарур эслатма билан чиқди

Меҳнат вазирлиги четга ишга кетмоқчи бўлган фуқароларга зарур эслатма билан чиқди

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги чет элга ишга кетмоқчи бўлган фуқароларга муҳим эслатма билан чиқди.

Вазирлик бундай фуқароларни шартнома тузишда адашмаслик учун қандай жиҳатларга эътибор бериш лозимлигини айтиб ўтган.

"Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини мақсад қилиб қўйган фуқароларни хусусий бандлик агентликлари билан шартномалар тузишдан ва расмий ҳужжатларга имзо чекишдан олдин унинг барча талабларини ўқиб чиқишга ва эътиборли бўлишга чақиради. Кўрсатилмаган хизматлар учун олдиндан маблағ талаб қилган ёки тўланмаган суммадан узоқ муддат фойдаланиб, охир-оқибат маблағингизни қайтаришни талаб қилганингизда ўз чегирмасини олиб қолаётган контрагентлар ёки умуман маблағларингизни қайтариб бермаётган хусусий бандлик агентликлари ҳақида хабар беринг", - дейилади вазирлик хабарида.

Эслатиб ўтамиз, сал олдин Меҳнат вазирлиги Ўзбекистондаги айрим хусусий бандлик агентликлари фаолияти текширилишини эълон қилган эди. Текширув ўтказилишига фуқароларнинг алданиб қолаётганликлари сабаб сифатида кўрсатилган.

Вазирлик ахборотига кўра, хусусий бандлик агентликларига ишга жойлашиш учун мурожаат этган ва олдиндан 100% ҳақ тўлаган фуқаролар ишга жойлаштирилмай қолмоқда ва улар ўз маблағларини қайтариб ололмаяпти, айрим ҳолларда тўланган пулларнинг маълум бир қисми асоссиз ушлаб қолинмоқда.

Текшириш якуни бўйича қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган Хусусий бандлик агентликларининг лицензиясини тўхтатиш, тугатиш, бекор қилиш масаласи кўриб чиқилади. Шунингдек Низом ва Битим талабларини бузган Хусусий бандлик агентликлари бўйича тўпланган ҳужжатлар ва маълумотлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилади.