"Меҳр-5" операцияси: 93 нафар ўзбекистонлик Суриядан олиб келинди

«Меҳр-5» операцияси натижасида Суриядаги уруш кетаётган «қайноқ нуқталарга» бориб қолиб, «Ал-Ҳол» лагерида 3 йилдан ортиқ вақт давомида ушлаб турилган 24 нафар аёл ва 69 нафар болалар Ўзбекистонга қайтарилди, дея хабар қилди Daryo. Мазкур операция АҚШ ва бошқа ҳамкор давлатлар кўмаги билан амалга оширилган.

Ўзбекистонга олиб келинган болалар орасида ҳам отасини, ҳам онасини йўқотган 7 нафар чин етим бола бор.

"Меҳр-5" операцияси: 93 нафар ўзбекистонлик Суриядан олиб келинди

Эндиликда бу аёллар ва болалар Тошкент вилоятидаги «Бўстон» санаторийсига жойлаштирилади ҳамда уларга тиббий, психологик ва ижтимоий ёрдам кўрсатилади. Шунингдек, уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича зарур ишлар амалга оширилади.

Қайд этилишича, бугунги кунгача ўтказилган «Меҳр-1, 2, 3, 4» операциялари доирасида Сурия, Ироқ ва Афғонистонда оғир аҳволга тушиб, чорасиз қолган 438 нафар аёллар ва болалар Ўзбекистонга олиб келинди.