"Меҳрибонлик ўзимизни камситиш ҳисобига бўлмаслиги керак". “Давлат тили хақида”ги қонун лойиҳаси муҳокамаси тўхтатилди

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ҳақида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бобма-боб, моддама-модда кўриб чиқилди.

Лойиҳадаги давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида давлат тилининг қўлланилиши билан боғлиқ масалалар қизғин баҳс-мунозаларга сабаб бўлди.

Лойиҳа юзасидан айрим эътирозлар билдирилди. Айрим моддаларни қайта ишлаш ва маромига етказиш бўйича таклифлар айтилди. Асосли фикрлар инобатга олинган ҳолда қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш учун масъул қўмитага қўшимча вақт берилди.

Ушбу муҳокама юзасидан "Миллий тикланиш" партияси раҳбари Алишер Қодиров ўзининг хулосалари билан ўртоқлашди.  

"Қонун лойиҳасини муҳокамасида ХДПнинг советча қарашлари ва “Миллий тикланиш”ни азалдан жини суймайдиганлар билан қонунга жиддий эътибор бермаётганларнинг кайфиятлари устуворлик қилмоқда. Ўзбек тили қадрини кўтариш ва уни устуворлигини таъминлаш учун киритаётган таклифларимиз “қолган миллатларни хафа қилиб қўймаслигимиз керак” ёндашуви билан қабул қилинмай қоладигандек.  

Кечаги сессияда шундай нормалардан бири етарли овоз йиғмади.

Қонуннинг 11-моддасида давлат хизматчиси ўзбек тилини билиши шартлиги белгиланган. Ҳали бу моддага етиб келмадик. Лекин 4-моддада фуқарони давлат тилини билмаганлиги учун хуқуқини чекламаслик тўғрисида норма кўпчилик овоз билан қабул қилинди. Тахмин қилаяпман, шу кетишда 11-моддадаги давлат хизматчисига давлат тилини билиш, 13-моддадаги давлат идоралари аризаларни давлат тилида қабул қилиши ва жавоб бериши, 17-моддадаги барча миллатларни ўз она тилларида таълим олишларига устуворлик бериш бўйича нормалар ҳам чиқариб ташланади.  

Ҳаммани ўйлаш албатта яхши, ўйлаяпмиз ҳам, бу қонун лойиҳасида биронта бошқа миллатли ватандошларимиз ҳуқуқини камситадиган норма йўқ... лекин бу меҳрибонлик ўзимизни камситиш ҳисобига бўлмаслиги керак...

Парламент сайловларида масъулиятли бўлинг. Чунки шу ерда миллат ё қаддини ростлайди ёки тиз чўкади", дея мулоҳаза қилган депутат. 

Шундай қилиб, Қонун лойиҳаси парламент қуйи палатасининг навбатдаги мажлисида кўриб чиқиладиган бўлди.