Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Меркантилизм нима ва у илк бор қачон содир бўлган?
4.01.2023 17:09,  
771

Меркантилизм нима?

Натурал-хўжалик муносабатларининг бозор иқтисодий муносабатлари томонидан сиқиб чиқарилиши XVI асрдан XVIII асргача бўлган тарихий даврни ўз ичига олади. Бу давр иқтисодий адабиётда, одатда, меркантилизм даври деб аталади. Меркантилизм (итальянча “мерканте” сўзидан келиб чиққан – савдогар маъносини англатади), бу бозор (капиталистик) иқтисодиётига бўлган биринчи илмий қарашлар силсиласидир.

Меркантилизмнинг кенг оммалашишига XV – XVII асрларда яшаб ижод этган бир қатор иқтисодий таҳлилчилар муносиб ҳисса қўшишган. Жумладан, француз давлат арбоби Жан Батист Кольбер меркантилизмнинг таниқли вакилларидан бири бўлган. У ва бошқалар томонидан илгари сурилган, асосан протекционизм шаклида давлатнинг иқтисодий фаолиятга фаол аралашуви зарурлигини асословчи таълимотлар тизими: импорт божларининг юқори миқдорини белгилаш, миллий ишлаб чиқарувчиларга субсидиялар бериш ва. ҳоказолар жамиятда меркантилизмнинг кенг оммалашишига замин яратган.

Меркантилизмнинг асоси ҳақида икки оғиз сўз

Меркантилизм, энг аввало, давлатнинг иқтисодий сиёсатини ўзида мужассам этган бўлиб, унинг амалий фаолияти учун хизмат қилади.

Меркантилистлар тадқиқотининг мақсади реаллик сифатидаги иқтисодиётни таҳлил қилиш эмас, балки ҳукуматга амалий маслаҳатлар беришдан иборат. Шунинг учун улар давлатнинг иқтисодиётга фаол аралашувини қўллаб-қувватладилар, юқори солиқ ставкасини ва давлат харажатларини ҳимоя қилишди.

Меркантилистларнинг илмий дунёқараш принциплари қуйидагилар билан характерланади:

– ҳар қандай олтин ва қимматбаҳо нарсаларга бойлик сифатида қараш;

– мамлакатга олтин ва кумушнинг оқиб келишини таъминлаш мақсадида ташқи савдони тартибга солиш;

– арзон хом-ашёни импорт қилиш йўли билан саноатни рағбатлантириш;

– импорт қилинадиган саноат товарларига протекционистик тарифларни белгилаш;

– экспортни, айниқса тайёр маҳсулотлар экспортини рағбатлантириш;

– иш ҳақининг паст даражасини ушлаб туриш учун аҳолининг ўсиши. Миллий фаровонликнинг зарурий шарти сифатидаги актив савдо баланси доктринаси, шак-шубҳасиз, меркантилизмнинг асоси ҳисобланади. Шу нарсани қайд қилиб ўтиш керакки, узоқ йиллар давомида бойликнинг, халқ фаровонлигининг асоси меҳнат, ер, деҳқончилик ва чорвачилик, ҳунармандчилик, деб келинарди. Лекин XV асрга келиб вазият кескин ўзгарди. Аввало, натурал-хўжалик тузумининг емирилиши, товар-пул муносабатларининг ўсиши, фан ва маданиятнинг юксалиши, айниқса, янги ерларнинг очилиши, буюк географик кашфиётлар, мустамлакачилик тузумининг пайдо бўлиши, биринчи навбатда, савдонинг тез ривожланишига туртки бўлди.

Ноэквивалент савдо туфайли метрополиялар мустамлакалар ҳисобига беқиёс бойиди. Мана шу даврга келиб жамиятнинг бойишида-савдонинг ролини асослаб беришга уринган меркантилизм қарашларида ноэластик талаб ва экспортнинг импортдан кўп бўлишининг мақсадга мувофиқлиги, капитал экспортини рағбатлантириш ва жамият ишларини қўллаб-қувватлаш тушунчалари устунлик қилган, шунингдек “қўшнингни қуритсанг” гўёки миллат бой бўлади каби нотўғри сиёсат илгари сурилган. Демак, меркантилизм бозор иқтисодий муносабатларининг вужудга келиш давридаги биринчи иқтисодий тафаккурлар мактаби сифатида бир қатор назарий-методологик хусусиятларга эга. Уларнинг моҳияти шунга келиб тақалди, яъни меркантилистлар:

– тадқиқот предмети (иқтисодий таҳлил) сифатида муомала соҳасини текширишни афзал кўришади, бунинг устига ишлаб чиқариш соҳасидан ажралган холда;

– тадқиқот усули сифатида асосан иқтисодий ҳодисаларнинг тасодифий юзаки ташқи кўринишини ифода этишга олиб келувчи ва иқтисодиётнинг барча соҳаларини системали тарзда таҳлил қилиш имкониятини истисно этувчи эмпиризм (назариядан кўра амалий фаолиятга кўпроқ мойил бўлиш)дан фойдаландилар

– пулнинг пайдо бўлишини одамларнинг сунъий ихтироси натижаси деб ҳисобладилар, пулнинг ўзини эса бойлик билан бир нарса деб қарадилар;

– пул қиймати (қиммати)нинг келиб чиқишини олтин ва кумуш пулларнинг “табиий хусусияти” ва мамлакатдаги уларнинг миқдори билан боғлаб талқин қилдилар;

– меҳнат таклифининг ошишини юқори иш ҳақи билан эмас, балки паст иш ҳақи зарурлиги билан боғлаб кўрсатдилар;

– иқтисодий ўсишни давлатнинг ташқи савдони тартиблаши ва савдо балансида ижобий сальдога эришиш туфайли мамлакат пул бойлигининг кўпайиши натижаси сифатида эътироф этиладиган бўлди. Шу билан бирга, меркантилистик мактабнинг бу ва бошқа қоидалари иқтисодий адабиётда анъанавий равишда унинг ривожланишидаги икки босқич – дастлабки ва ривожланган босқичларини ҳисобга олган ҳолда тавсифланади. Бундай босқичларга бўлиниш дастлабки ва кейинги меркантилистларнинг актив савдо балансига эришиш йўлларини ҳар хил тушунганлиги сабабли келиб чиқади.

 

Дастлабки ва кейинги меркантилизмнинг ўзига хослиги нимада?

 

Дастлабки меркантилизм, монетар тизимининг ўрнатилиши билан боғлиқ бўлган монетаризм, буюк географик кашфиётлардан олдин пайдо бўлди ва XVI асрнинг ўрталаригача фаол амал қилиниб келинди. Унинг асосий вакиллари Уильям Стаффорд (Англия), Гаспард Скаруффи (Италия) ва бошқалар ҳисобланади.

Дастлабки меркантилизм “пул баланси” сиёсатини олиб борган. Бу сиёсат пул муомаласини, ташқи савдони қаттиқ тартиблаб туришни таъминловчи маъмурий йўл билан мамлакатнинг пул бойлигини кўпайтиришга қаратилган (мамлакат пули қанча кўп бўлса, у шунча бой ҳисобланган) Дастлабки меркантилизм вакиллари олтин ва кумушни бойликнинг мутлақ шакли деб қарашган ва уни четдан олиб келиб кўпайтириш йўлини қидиришган. Ташқи савдода ижобий сальдога эришиш учун дастлабки меркантилистлар қуйидаги омилларни:

– экспорт қилинадиган товарларга максимум юқори баҳо ўрнатишни;

– товарлар импортини ҳар томонлама чеклашни – мамлакатдан олтин ва кумушнинг оқиб чиқиб кетишига йўл қўймасликни мақсадга мувофиқ ҳисоблашган. Дастлабки меркантилизм даврида ҳукумат хорижий савдогарларнинг пулларини маҳаллий пулга алмаштириш ва кўпроқ товар сотиб олишга қизиқтириш мақсадида атайлаб чақаларни бузиб, уларнинг қимматини пасайтириш билан шуғулланган. Кейинчалик товар-пул муносабатларининг ривожланиши, ташқи савдонинг кенгайиши меркантилистларнинг бойлик муаммосига бўлган қарашларини ўзгартиришга мажбур этган. Кейинги меркантилизм XVI асрнинг иккинчи ярмидан XVIII асргача бўлган даврни ўз ичига олади. (Унинг асосий вакилларидан бири инглиз Томас Ман ҳисобланади.

Бу даврга келиб миллий саноат ва савдо ривожланишининг давлат томонидан рағбатлантирилиши сабабли мамлакатлар ўртасида савдо алоқалари кенг ва мунтазам ривожлана бошлаган. Дастлабки, меркантилистларнинг “пул баланси” ўрнига кейинги меркантилистларнинг “савдо баланси” назарияси келиб чиқди. “Савдо баланси” назарияси (ёки етук меркантилизм) Англияда кенг тарқала бошлади. Мазкур концепция вакиллари дастлабки меркантилистларни мамлакатдан ташқарига пул чиқаришни ман этгани, импортни ҳаддан ташқари чеклагани учун танқид қилди. Уларнинг фикрича, ҳукуматнинг ташқи иқтисодий сиёсатдаги асосий вазифаси – мамлакатда имкони борича кўпроқ пул маблағларини жамғариш эмас, балки актив савдо балансига эришиш яъни экспортнинг импортдан устун бўлиши дея ҳисоблашган. Экспорт ва импорт ўртасидаги фарқ – мамлакат бойлигининг ўсишидир. Демак, реал бойлик – бу “ўлик пуллар” йиғиндиси эмас, балки янги пулларни, яъни пул капиталини вужудга келтирувчи пуллардир. Шулардан келиб чиққан ҳолда, кейинги меркантилизм вакиллари актив савдо балансига эришиш учун бир қатор тавсияларни, яъни:

 – ташқи бозорларни нисбатан арзон товарлар сотиш йўли билан эгаллаш ҳамда бир мамлакат товарини олиб бошқаларига уни қимматига сотиш;

– мамлакатда актив савдо балансини сақлаб турган ҳолда товарлар импортига рухсат этиш (зеб-зийнат буюмларидан ташқари);

– қулай савдо ишларини амалга ошириш учун олтин ва кумушни четга чиқариш, мамлакатда уларнинг массасини кўпайтириш ва актив савдо балансини сақлаб туриш учун воситачилик қилишни илгари суришди. Кейинги меркантилистлар пулнинг товарли моҳиятини тан олсада, унинг қимматини илгаригидек олтин ва кумушнинг табиий хусусиятидан деб қарадилар. Аммо айнан улар металлистик назариядан пулнинг миқдорий назариясига ва монометаллизм тизимига ўтишга сабабчи бўлишди.

– Агар дастлабки меркантилистлар пулнинг жамғариш функциясини асосий деб билган бўлсалар, кейинги етук меркантилистлар – муомала функциясини асосий ҳисоблашган. Кейинги меркантилистларнинг ишончига кўра, пулнинг қиммати унинг миқдорига нисбатан тескари воқеликда, товарлар баҳоси даражаси эса пул миқдорига тўғри мутаносибликда бўлади. Улар, пул таклифининг кўпайиши унга бўлган талабни оширгач, савдони рағбатлантиради деб бир томонлама ҳисобладилар.

Энди биз кейинги ривожланган (етук) меркантилизмнинг атоқли вакилларининг асосий ғояларини қисқача кўриб чиқамиз.

Англияда етук меркантилизм Томас Ман (1571-1641) асарларида ифода этилган. Мануфактура тизимининг классик вакили Т. Ман шу билан бирга ўз даврининг йирик коммерсанти, Ост-Индия компанияси директорларидан бири бўлган. Компанияни четга монета чиқаргани учун танқид қилувчилардан унинг манфаатини ҳимоя қилиш мақсадида Т.Ман 1621 йилда “Англиянинг Ост-Индия билан бўлган савдоси тўғрисида мулоҳаза” китобини чоп эттирди.

Жан Батист Кольбер

– Монетаристлар концепциясига савдо баланси назариясини қарши қўйди. Т.Ман 1630 йилда “Англиянинг ташқи савдодаги бойлиги ёки бойликни тартибга солиш сифатидаги ташқи савдо баланси” асарини ёзади. Унда муаллиф пул муомаласини қаттиқ тартибга солишнинг зарарли эканлигини, четга монеталарнинг эркин чиқарилиши кераклигини, унингсиз ташқи савдони нормал ривожлантириб бўлмаслигини қайд этиб ўтади. Унга кўра: “Ҳар йили хорижликлардан харид қилган суммадан кўра уларга кўпроқ сотиш” қоидасини таъминлаш асосий ҳисобланади. Фақат актив савдо баланси ёрдамида, унинг фикрига кўра, мамлакат ихтиёрида қоладиган ва унинг бойлигини орттирадиган пулни четдан жалб қилиш мумкин. Ж. Локк “бойлик” тўғрисида Т. Ман билан деярли ҳамоҳанг фикр юритган. Унингча, бойлик деганда фақат олтин ва кумуш миқдорининг кўплиги эмас, балки унинг бошқа мамлакатларга нисбатан кўп бўлиши кўзда тутилиши керак. Р. Кантильон, худди Ж. Локк каби, ўзининг “Савдо табиати тўғрисида очерк” (1775) китобида “қўшни мамлакатларга қараганда муомалада кўп пули бўлган ҳар қандай давлат, уларга нисбатан устунликка эга”, деб қайд қилиб ўтган.

Томас Ман

Францияда меркантилизмнинг асосий вакили машҳур сиёсий иқтисод трактати” (1615) асарининг муаллифи Антуан Монкретьен (1576-1621) бўлиб, у савдогарларни анча фойдали тоифа, деб эътироф этади.

Савдони касб-ҳунарнинг бош мақсади сифатида тавсифлаб, А.Монкретьен пул бойлигини кўпайтириш йўлларини қидиради, ўз таклифларини қирол Людовик XIII га тавсия этди. Унинг асарларида давлатнинг иқтисодиётга фаол аралашуви жамғарманинг, мамлакат хўжалигини мустаҳкамлаш ва ривожлантиришнинг асосий омили сифатида қаралади. А.Монкретьен мануфактурани ривожлантиришни, ҳунармандчилик мактабларини ташкил этишни, маҳсулотлар сифатини яхшилашни ва мамлакатда ишлаб чиқарилган товарлар савдосини кенгайтириш билан Франция бозоридан хорижий савдогарларни сиқиб чиқаришни таклиф қилади. Хорижий савдогарларни у мамлакат бойлигини суриб олувчи насосга таққослайди. А.Монкретьен дастури Франция ташқи савдосини кенгайтиришни кўзда тутади. У нисбатан монетаризм ғоясини, шунингдек савдо баланси концепциясини акс эттиради.

Меркантилизмнинг тарихий аҳамияти қандай?

Меркантилизм, унинг вакиллари ижодий меросидаги ҳам ижобий, ҳам салбий унсурлар нуқтаи назаридан, иқтисодий таълимотлар тарихида ўчмас из қолдирди.

Биринчидан, меркантилистлар концепцияси деярли бутунлай муомала соҳасидаги хўжалик ҳаёти амалиётига қаратилган! Шундай бўлса-да, бу уларга кўплаб иқтисодий категорияларни илмий оборотга киритиш, савдо соҳаси, ссуда операциялари ва пул муомаласининг муҳим қонуниятларини аниқлаб бериш имконини берди. Лекин уларнинг иқтисодиётнинг бошқа соҳаларига бўлган таъсири доимо айнан бир хил бўлган эмас. Масалан, мамлакатнинг ўз саноати ва савдосини ривожлантириши учун пул муҳим восита эканлигини тўғри тушунтириб берган ҳолда меркантилистлар миллий иқтисодиётга хорижий инвестицияларни жалб қилишга эътибор бермадилар. Бундан ташқари, улар учун ишсизлик муаммоси ҳам муҳим ҳисобланмаган; “ихтиёрий ишсизлик”нинг асосий сабаби ишламаслик хоҳишини келтириб чиқарувчи “ялқовлик” ёки “ахлоқий бузуқлик” ҳисобланган.

Иккинчидан, меркантилизм бозор муносабатлари шаклланишининг ва Европада анча ривожланган мамлакатлар – Англия ва Францияда унинг ўрнини олган классик сиёсий иқтисоднинг ўзига хос хусусиятларини келтириб чиқарди. Хусусан, Францияда XVII асрда молия вазири Жан Батист Кольбер анча фаол протекционизм сиёсатини олиб борган даврда саноатнинг қудратли мануфактура тармоғи яратилди. Аммо бир вақтнинг ўзида мамлакат ташқарисига дон чиқаришни ман этиш ва бошқа мамлакатлардан уни эркин олиб келиш йўли билан фермер хўжаликларининг шаклланишига тўсқинлик қилинди. Ўша даврдаги Франция ички бозори, унинг азалий рақиби – Англияга нисбатан “торлиги” оқибатда айнан шу вазиятга боғлаб тушунтирилди. Натижада француз меркантилизми “кольбертизм” деб атала бошланди, классик сиёсий иқтисод доирасидаги ўзига хос француз мактаби эса “физиократизм” таълимоти деб юритилди. Англияда эса меркантилизм, иқтисодий тарихдан маълумки, Францияга нисбатан анча “унумли” бўлган. XVII асрдаги савдо ва саноат соҳасидаги бу мамлакатнинг протекционизм сиёсатидаги асосий ютуғи, одатда Ост-Индия компанияси раҳбарларидан бири – Томас Ман номи билан боғлаб тушунтирилади. Шу нарса ҳам маълумки, айнан Англияда меркантилизм билан бўлган ғоявий кураш натижасида энг муҳим назарий хулосалар ишлаб чиқилди ва улар А.Смит, Д.Рикардо, Т.Мальтус, Ж.С.Милл ва бошқаларнинг асарларида ўз аксини топди. Бундан ташқари, Англия XIX асрда анча кучли ривожланган мамлакат сифатида энг муҳим антимеркантилистик чора-тадбирларни, жумладан ички ва ташқи савдода тўла эркинлик сиёсатини амалга ошира бошлади.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан