Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






«Метан»да бир кун…
4.12.2019 18:22,  
1331

Аввалига обдон ўйладим…Асоссиз бой берилган бир кунлик умрим ҳақида ёзайми, йўқми дея. Хаёлимга турфа хил ўйлар қуюндек ёғилар, азбаройи аёзли эрта тонгнинг қировли кунида йўқ жойдан пайдо бўлиб, аллақачон халқни бесаранжом қилишга улгурган охири кўринмайдиган машиналар карвонига ўзим ҳам тушиб қолдимда ахийри оғриқли мавзуда қалам тебратишга мажбур бўлдим. Бемалол, ҳеч иккиланмай узундан узоқ машиналар қаторини карвонга қиёслаш мумкин.

Ҳа…ҳақиқий Карвоннинг ўзгинаси….Фақат бу карвоннинг биз билган ўша тарихий Карвондан фарқи шуки, карвон тўпи гарданига газ баллон дея аталмиш матоҳ ортилгани. Карвонбоши уни еталаганича “Метан” заправка дея аталмиш «Карвонсарой»га олиб кириши. Фарқ шу холос. Шу кунларда бу «Карвонсарой»га ташриф буюришни маслаҳат бермаган бўлардим. Бу «даргоҳ»га билмайин қадам ранжида қилган кимса бир ўлиб бир тирилишига шубҳам йўқ…Гапимга жавоб бераман. Айтганим муболаға эмас, ҳоҳласангиз сиз ҳам бир «карвонсарой»га ташриф буюриб кўрингга!!!

Жума кунги режа

Фарғона шаҳридаги кўп қаватли уйлардан бирида истиқомат қиламан. Дам кунларидан фойдаланиб одатда дала ҳовлига бориб майда-чуйда ишлар билан машғул бўламан.Аллақачон қишнинг аёзли кунлари бошланганидан ҳовлига икки йил аввал экилган ток кўчатларини совуқ урмаслиги учун ўраб қўйишни дам олиш кунига режалаштирдим.

Корхонада ҳафтасига беш кун ишлайман. Ходимлар нинг корхонага келиб кетиши учун автобус қатнови йўлга қўйилган. Бу автобусларнинг бири мен яшайдиган уйнинг шундоқ ёнидан ўтади. Демоқчи бўлганим, кўпчилик қатори ишга корхона автобусида қатнасам ҳам бўлади. Лекин ҳар куни эрталаб фарзандларимни боғчага олиб боришим керак. Танишларим: «Газ муаммо бўлса, нима қиласан машина ҳайдаб. Тинчгина гаражингга олиб кириб қўявер»- дейишгани дейишган. Кимни кўргансиз машинаси бўла туриб ёқилғи қуйиш муаммоси сабабли уни гаражига олиб кириб қўйганини?

Жума куни икки ўғлимни боғчага ташлаб ишга қараб кетдим. Манзилга етиб бориб капотни очиб манометрида газ қолдиғини кўриб юрагим орқага тортиб кетди. Эртага, шанба дам олиш куни заправкага боришим шарт. Ўтган ҳафта якшанба куни бир амаллаб поёни йўқ навбатда туриб газ баллонни тўлдириб олгандим. Шу билан бир ҳафта юрдим. Бензин қиммат. Қиммат бўлса майлику-я, шу кунларда унга ҳам навбат катта.

Шундай қилиб, эртага тонг саҳар туриб метанга боришни дилимга тугиб қўйдим…

Ижарачи киракаш

Жума куни кечқурун телефон будильнигини тонг саҳар соат 4:30 га қўйгандим. Будильник овозидан уйғониб ювиниб тарандим-да машинани бир оз қиздириб шофёрлар тилида «Қувасой дарвоза заправкаси» (Заправка олдида Қувасой дарвозаси борлиги учун шундай аталади) номи билан машҳур жойга етиб келдим. Заправкага яқинлашарканман, охири йўқ турнақатор навбатни кўриб ёқа ушладим. Эрта тонгдан навбат шунчалик кўп эдики, саҳардан шунча машина қачон навбатга келиб улгурди деб ўйлаб қоласан киши. Кўриниб турибдики, шофёрлар «иш»ни тезрок битириб кетиш илинжида бир кун олдин келиб навбат олгани аниқ. Заправкадан 2 километрлар чамаси юриб ўтиб кетдим ҳамки қани менинг «жой»им кўринса…Машинани қарама-қарши томондан қайтариб келиб охирида турган «Matiz» орқасига секингина тўхтатдим. Соатга қарадим 5:12.

«Икки соатларда заправка остонасига етиб олсам керак», - ўйладим ўзимча. Лекин билишимча, заправка дарвозаси соат 6 да очиларкан.

Вазиятни билиш учун машинадан тушдим. Ҳаво жудаям совуқ. Машиналарнинг фарасида йўл четидаги боққа тушган қиров ялтирайди…

Ёши тахминан 60ларга бориб қолган «Matiz» ҳайдовчиси машина ичида ўтиравериб зериккан чоғи ҳамсуҳбат пайдо бўлганидан ҳурсанд бўлиб дарҳол ёнимга келди…

- Ассалому алайкум, тоға! Яхшимисиз? Совуқларда бир навбатда турай депсизда?

- Во алайкум ассалом, болам… Эээ… сўрама….ёшим бир жойга бориб қолганида менга нима бор экан бу жойларда. Ноиложликдан чиқаманда…

- Бу совуқда иссиққина уйингизда ўтирмайсизми? Фарзандлариз йўқми, ўрнингизга газизни тўлдириб қўйгани?

- 5 қиз, бир ўғлим бор… Кенжаси ўғил, у ҳали кичкина. 3 та қизимни узатдим. Яна Худо ҳоҳласа соғ-омон юрсак 4-қизимни узатиб, кенжатойимни уйлаб-жойлаб олсам марра меникида. Ана ундан кейин кўнглим тинчийди болам… Яқинда 3-қизимни чиқардим. Қиз узатиш ҳаражати катта. Ўғил уйлашдан кўра қиз чиқариш қийин экан, ҳисоблаб чиқсам тўйга нақд 53 миллион сўм сарфлабман. Ҳали у кам, ҳали бу кам дегандек тўй каму кўсти ҳеч тугамас экан. Бор будимни сотиб бўлдим. Маҳалладошимнинг мана бу матизини арендага оволдим. Шуни эрмак қилиб юрибманда…

- Ойига қанча ижара ҳақи тўлайсиз?

- Етти юз минг сўм….

- Кира қилсангиз қоплайдими ишқилиб?

- Ҳа энди болам амаллаб турибмиз. Йўналишли таксига қатнайман. Ҳар бир йўловчидан 3000 сўмдан олардим «метан» проблема бўлмасидан олдин. Зорманда «метан»и очирид бўлди қолди шериклар бир-бирлари билан келишиб йўл кирани 4000 сўмга ошириб олишди. Йўловчиларга ҳам қийин бўп қолди. «Йўл кира 4000 сўмга кўтарилди газ қуйиш муаммо» десам тушунгани тушунади, айримлари 3000 сўмни қўлимга тутқазиб индамай қовоғини солиб тушиб кетишади. «4000 сўм берасан», деб қўлидан тортмайсизку…Одамларни ўйлаб виждоним қийналиб 3000 сўмдан қатнаётгандим. Кечаги куни шерикларим ўртага олишди: «Сиз 3000 сўмдан қатнаётган экансиз… нархни туширманг, ўзи заправкада бир кунимиз беҳуда ўтиб кетаётган бўлса» деб… Нима қилишни ҳам билмай қолдим…

Киракаш отахон билан суҳбат қизигандан қизиб соат 6 бўлгани билмай қолибман. Заправка эшиги очилди чоғи навбатда турган оломон шошиб қолди. Давра-давра бўлиб суҳбат қуриб турган ҳайдовчилар ўзларини машинага уришди. Уззуунн «карвон» аста ўрмалай бошлади. Мен ҳам рулга ўтириб машинани 3 метрча жойидан қўзғатдим….

Янги «иш» ўрни

Кун ёришгани сари машиналар оқими келиб навбатга қўшилар, қатор тобора узайиб борарди. Қизиқ, шу пайтгача шаҳарда шунча машина борлигини пайқамаган эканман. Гўёки дунёдаги барча машина мана шу бир чизиққа терилиб олгандек…

Бир пайт қаердандир овоз эшитилди: «Кофеее, чоййй…. Сомсааааа… перашкиииииии келлллдиииии…». Узокдан аравача еталаганча бир аёл биз томонга қараб келяпти. Унинг бозори чаққон. Чунки навбатда турганлар орасида ярим тунда келганлар ҳам борда. Кўпи оч қолган. 5 дақиқалар ўтиб ўтмай сотувчи аёл бор будини сотиб тугатди-да, шошганича изига қайтиб кетди. Сотувчи аёл кетганига ҳеч қанча бўлмади ҳамки яна бир ёш сотувчи йигит пайдо бўлди. Унинг қўлида термос ва ширинликлар…

Совуқдан оёғим музлаганидан бир аччиқлансам, авваллари бу жойда савдо қилиб кўрмаган сотувчининг янги жой «кашф» қилганига бир севиндим. Улар йўқ жойдан янги «иш» ўрни яратишди-ку ахир. Бунинг нимаси ёмон?!(?)

«Орзу»лар дарвозаси

Вақт ўтишини қаранг. Одатда юмушинг бўлмаса бекорчиликдан вақт ўтмайди. Аксига олиб, бу ерда вақт жуда тез ўтяпти…Заправка билан ёнма-ён жойлашган дарвозани ҳеч иккиланмай «Орзулар дарвозаси» деб аташ мумкин. Машинанинг дарвоза олдига яқинлашиши маррага бир қадам деган гап. Навбат охирида эканимда дарвоза кўринмаётган эди. Энди эса унга анча яқинман.

Катта йўлда машиналар ғиз у ёққа, ғиз бу ёққа ўтади. Ташқарида ҳаёт давом этяпти. Фақат биз бир жойда қотиб ҳаётдан узилиб қолгандекмиз. Ҳамма ўз юмуши билан банд…Кимдир сомса сотяпти, кимдир ёқилғиси тугаб қолганидан ўчиб қолган машинасини итариб келяпти.

Аҳён-аҳёнда атрофдан «Заправкада уриш бўлибди мелиса келди, газ беришни тўхтатиб қўйибди», «10 000 сўм берсанг яширин жойдан заправщик боллар навбатсиз киргизяптикан» деган овозлар қулоққа чалинади…

***

Машинани 10 қадам жилдириб ташқари совуқлигидан машина ичида ўтириб атрофни кузатдим. Велосипед еталаган бир амакининг ҳаракати эътиборимни тортди. У ҳайдовчилар улоқтирган бўш баклашкаларни йиғиштирарди.

Унга «метан» ҳам, турнақатор навбат ҳам қизиқ эмас. Тўғрида, тагида велосипеди бўлса нима қилади бош оғриққа аралашиб. Унга мана шу велосипед ҳаммасидан азиз. Агар узундан-узок навбат бўлмаганида бу кўчаларга бунчалик кўп бакалашка ташланмаган бўлармиди? Бу амаки кейин ишсиз қолиб кетгандачи? Демак ривожланиш бор. Бу ҳам бир тадбиркорлик. У бўш идишларни қайта ишлаш учун қайсидир тадбиркорга олиб бориб беряпти. Оломоннинг йўл четига бакалашка улоқтириши ортидан амакининг иши балки чиндан ҳам юришиб кетгандир? Яна ким билади дерсиз?

Дарвозага яқинлашган сари ҳайдовчилар ўзларида йўқ ҳурсанд,“кўпи кетиб ози қолди”, дея бир-бирларини овутишга ҳаракат қилишарди.

Ва ниҳоят 9:41 деганда дарвозага яқинлашиб қолдим. Ижарачи киракаш тоғанинг оғзи қулоғида: «Финиш яқин», - дея музлаган қўлларини бир-бирига жуфтлаб оғзида фуфлаганича илжаяди бечора.

«Навбатни бузма»!

9:49. Дарвозадан ўтдик. Бу заправка дарвозасига яқинмиз дегани эмас. Ҳали машаққат олдинда. Дарвозадан ўтсангиз 100 метрдан кейин ўнг томонда тепалик келади. Ўша тепаликдан «тирмашиб» энди асосий «манзил»га кириб олиш керак. Барака топгур Ички ишлар ва Миллий гвардия ходимлари навбатсиз киришга уринган шаввозларни тўхтатиб тартибни сақлаб туришибди.

Шунисигаям раҳмат! Улар бўлмаганда нималар бўлишини тасаввур қилингга?!

Олма

Хаёллар оғушига ғарқ бўлиб турарканман телефоним жиринглаб қолди. Аёлим экан.

-Ало….

Аёлим ўғлим ғингшийверганидан телефон қилиб берди чоғи телефонимдан ўғлимнинг овози эшитилди….

-Ало…дада Ассалому алайкум!

-Во алайкум ассалом, ўғлим турдингизми?

Бугун боғчага бормаганини билсамда уни атай сўроққа тутдим:

­­-Боғчага борасизми?

-Бугун дам олиш кунию, бормадим. Қаердасиз?

Ўғлимга заправкадаман десам тўғри бўлмайди. У ҳали бундай ҳаёт «машаққат»ларини ўзида туйиш ёшида эмас. Илойим катта бўлиб туймасин ҳам! Улар улғайгунча бу машаққатлардан асар ҳам қолмасин! Улар газ, свет муаммосидан минг чақирим у ёғидан ўтишсин!...

- Ўғлим, сиз ухлаб ётганизда бозорга кетудим. Мультфильм кўриб туринг ҳозир бораман-а!

- Келишизда олма олиб келинг…..

-Хўп ўғлим олиб бораман…..

Қанийди бозорда бўлганимда ўғлим…Ўғлимнинг олма олиб келинг деган гапидан ич-ичимдан эзилдим…

Осон эмас бу «Майдон» ичра турмоқ…

10:36. Заправка дарвозасидан ўтдим. Ниҳоят узоқ-узоқлардан газ қуйиш калонкаси шифти кўзга ташланди.

Минг азобда Автомобилларга газ қуйиш шахобчасининг асосий майдонига етиб келдик. Эҳ… Калонка шифтини кўрадиган кун ҳам бор эканку! Кўм-кўк бўлиб жилоланиб туришини қаранг!!! Ёзда йўлим тушганда бу заправкага кириб турардим омон-омон «замон»ларда. Ўшанда калонка шифтига ҳеч эътибор бермаган эканман. Шунчалик жозибакормиди….?!

Ўйлаб кўрсам, кутиш майдонига бемалол дорвоз дор тикса ҳам бўлар экан. Нима қипти? Кенг майдон, энг асосийси, тумонат томошабиннинг ўзи шу ерда. Майдонга дор тикилгани ҳақида олдиндан реклама ҳам керак эмас. Одамларнинг ўзи ихтиёрий-мажбурий майдонга келган. Ҳайдовчилар ҳартугул беҳуда ўтаётган вақтини оз бўлсада дорда югураётган дорвозга қараб «мазмунлироқ» ўтказармиди дейманда. Ҳар бир ҳайдовчи кўрсатган томошаси учун дарвозга 1000 сўмдан бергандаям биласизми қанча пул йиғилади….?!

Дорвоз ҳақида ўй сурарканман тўсатдан оломон гурр этиб бир тарафга тўпланди. Тинчликмикан, дея машинадан тушиб оломон томонга яқинлашдим. Ҳайдовчилар жой талашиб бир-бири билан уришаётган экан. Дарҳол воқеа жойига Ички ишлар ходими етиб келди. Барчанинг асаби таранг: уйқусизлик, узоқ кутиш ҳалойиқнинг тинкасини қуритган…

Кимга тўй кимга аза...

Буюк адиблар асар ёзишдан аввал йиллаб материал йиғишади. Роман ҳаётий ва таъсирчан чиқиши учун улар керак бўлса ўрмонларда яшаб ҳаётини хавф остига кўйиб бўлса ҳам ҳайвонлар юриш-туришини ўрганиб тажриба орттиришади. Ўйлаб қарасам, «метан» мавзусида асар ёзмоқчи бўлган шахс ўрмонгаям, дала-даштгаям боришга асло ҳожат йўқ экан! Асло тугул сираям! Мутлақо! Ўрмонда нима бор материал шундоқ пойингда қалашиб ётибди. Чексиз чегарасиз….

Жанжал тугаб ҳайдовчилар тарқалди. Мен эса яна машинамга қайтиб, ўриндиққа бошимни қўйдим…Машина ойнасини кимдир бармоқ билан аста чертарди. Кўзимни очсам… машина қаршисида қорачадан келган бир хотин турибди…Қўлида катта бозор сумка…

- Худоя худовандо омадиз юришиб, газларни тўлдириб олинг. Қуйган газингиз баракали бўлсин! Машинангизда кўп пул ишлаб топинг….(У мени киракаш деб ўйлади)

Томоғимга бир нарса тиқилди…Ҳеч нарса демадим…Гарчи тиланчи аёл учун ёнимда майда пул бўлса ҳам у билан муомала қиладиган кайфиятда эмасдим.

Тиланчи аёл бир муддат умид билан мен томон боқиб турдида жойини ўзгартирди…

Эрта сўнган умид…

12:34. Тушлик пайти бўлди. Эрталаб нонушта қилмаганим эсимдаям йўқ. Бу пайтда орган ходими навбатсиз киргани боис майдонда тўпалон бошланган, шохобча маъмурияти тартибсизликни босди-босди килиш учун газ беришни тўхтатиб қўйган. Шу тўпалонни деб деярли ортикча 1 соат вақт йўқотдик.

Тўсатдан қўлида иккита сават кўтариб бир отахон пайдо бўлди. У бақириб-чақириб оломонни сомсасидан сотиб олишга чорларди.

Зум ўтмай саватнинг таги кўринди. Отахон эса қўлларини очганча халқни дуо ыилиб кўздан ғойиб бўлди…

13:03. Ҳайрият…Узоқдан кўринган ўша кўм-кўк шифт тагидаман. Наҳот финишга етиб келдим. Ишониш қийин! Олтин медал илинжида югурган марафончи ҳам бу «финиш» чизиғи ҳаминқадар буюклигини менчалик туя олмаса керак.

Заправкалар бемалол пайтларида газ қуйиш калонкаси ёнида бирор кимса турмас эди. Хавфсизлик нуқтаи назаридан олиб қарасак, баллонга босим билан қамалаётган газ олдида туриш мумкин эмас. Лекин бу қоидани бугун ҳеч ким писанд қилмайди…«Финиш»га аранг етиб олган ҳайдовчининг ягона орзуси тезроқ бу жойдан кетиш…

1:17. Кассага пул тўлаб машинага ўтирдим. Ҳисобласам 8 соатдан ортиқ вақт йўқотибман.

Бу тўлиқ бир иш куни….Агар беҳуда кетган шу вақтни бирор фойдали ишга сарфлаганимдами?…Эҳ аттанг… Режалаштирган юмуш «ток ўраш» ҳам қолиб кетди. Энди бу аҳвол билан ток ўраш кўнгилга сиғармиди….?

***

Машинани ўт олдириб юриб кетаётиб ижарачи киракаш отахоннинг матизини итарганича колонкага яқин келиб қолганига кўзим тушди…

Ишқилиб отахоннинг кўнгилчанглик қилиб йўловчилардан 3000 сўмдан йўл ҳақи олаётганини киракаш шериклари билиб қолишмасинда…

Сарвар Зияев

2019 йил 30 ноябрь. Фарғона.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан