Microsoft TikTok акцияларини сотиб олишни режалаштиряпти - NYT

Microsoft TikTok акцияларини сотиб олишни режалаштиряпти - NYT

Фото: Jens Kalaene / dpa / Global Look Press

Американинг Microsoft корпорацияси Хитойнинг ByteDance компаниясидан TikTok ижтимоий тармоғининг улушини сотиб олиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда New York Times манбаларига таяниб хабар берди.

Bloomberg хабарига кўра, АҚШ президенти Доналд Трамп АҚШда TikTok'ни тақиқлаш ва ушбу дастурга қарши бошқа чораларни кўриб чиқаётганини айтди. У ByteDance'ни АҚШдаги TikTok операцияларини назорат қила олмаслиги учун ижтимоий тармоқдаги улушидан воз кечишга мажбурлашни режалаштирмоқда.

Bloomberg таъкидлашича, TikTok тобора оммалашиб борар экан, Вашингтон Хитой расмийлари ушбу иловадан АҚШ фуқаролари тўғрисида маълумот олиш учун фойдаланиши мумкинлигидан ташвишланмоқда.

АҚШ давлат котиби Майк Помпео июль ойи бошида АҚШ расмийлари мамлакатда TikTok'ни чеклашни жиддий муҳокама қилаётганини эълон қилди. Кейин у фуқароларга "шахсий маълумотлар Хитой коммунистлари қўлига тушмаслиги учун" эҳтиёткорлик билан дастурдан фойдаланишни маслаҳат берди.

Financial Times манбасининг хабар беришича, АҚШ TikTok'ни Савдо вазирлигининг қора рўйхатига қўшишни кўриб чиқмоқда. Бу америкалик фойдаланувчилар учун дастурга киришни анча қийинлаштиради, чунки бу Apple каби компанияларга уни ўз платформаларида ўрнатишни рад этишга имкон беради.

Расмийлар TikTok'га қўйилган чекловлардан ташқари, Хитойнинг WeChat мессенжерига қарши чоралар кўриши мумкин, деди Оқ уйнинг штаб раҳбари Марк Меадоуз. Унинг сўзларига кўра, ушбу иловалар фуқароларнинг "хорижий душмани" ҳақида маълумот тўплаш орқали АҚШнинг миллий хавфсизлигига путур етказиши мумкин.

Аввалроқ TikTok иловаси $50 млрд.га баҳоланган эди. Вертикал видеолар улашиш хостинги Американинг "Кремний водийсида" яратилмаган ва оммалашган (800 миллион фойдаланувчиси бор) биринчи дастур саналади.