Миллатнинг қон томирига болта урган "театр"

Миллатнинг қон томирига болта урган

4 октябрь — Қодирий, Элбек ва Чўлпонлар қатл қилинган кун. Улар билан бир рўйхатда 507 та фамилия бор бўлган. Уларни отиш қарорини ўша пайтдаги СССР Олий судининг ҳарбий коллегияси қабул қилган.

Одатда, НКВД қотиллари, ўзлари кимни қатл қилишни ҳал қилишарди. Фақат НКВД-ВКП (б) жаллодлари муҳим деб ҳисоблаган ҳолларда, Ҳарбий Коллегия суд процедурасига ўхшаган «театр» уюштирар эди. Бу ерда «театр» сўзи метафора эмас.

Биринчидан, жиноий ишлар 1934 йил 1 декабрдаги қонунга мувофиқ, “кўриб чиқилган”. Бу саҳналаштирилган театрда ўша қонун бўйича, суд ишлари адвокатнинг иштирокисиз ва ҳукм устидан шикоят бериш ҳуқуқисиз ўтказилган. Қисқаси, Ҳарбий коллегия фақат террор ташкилотчилари айтган рўйхатларга қўл қўйишган холос.

“Рўйхат механизми” деб номланган бу тизим жуда ваҳший бўлган. Суд Сталин ва унинг бир қанча шериклари томонидан берилган рўйхатига қўл қўйиш билан шуғулланган (масалан: Молотов, Каганович, Ворошилов ва Жданов, Микоян, Косиорлар рўйхатни беришган). Ўша коллегия жуда кўп одамни қатл қилиш қарорларига қўл қўйган: 1936 йил 1 октябрдан 1938 йил 30 ноябргача Ҳарбий Коллегия 31456 кишига ўлим жазосини тайинлади: 7408 киши Москвада, қолганлари — турли ҳудудларда бўлиб ўтган коллегиянинг сайёр сессияларида.

Иккинчидан, суд процедураси ниҳоятда тез бўлган: ишни кўриш гувоҳларсиз бўлар эди ва ўртача, суд қарори учун 5-10 дақиқа сарфлашган. Шу вақт ичида, коллегия судьялари, судланувчига унинг ҳуқуқларини тушунтиришга, айблов хулосасини ўқишга, айбловнинг моҳиятини очиб беришга, айбланувчининг содир этилган жиноятларга муносабатини билиб олишга, айбланувчининг кўрсатмаларини ва охирги сўзларини тинглашга, маслаҳат хонасига бориб, ҳукмни ёзишга улгуриши керак эди. Шу ҳаммасига 5-10 минут, бир хил пайт эса, узоғи билан ярим соат вақт кетар экан. Қандай бўлганини тасаввур қилиш қийин эмас.

Учинчидан, судланувчиларга ўлим жазоси эълон қилинмас эди — улар ўзларининг тақдирлари тўғрисида фақат қатл этилишидан олдин билиб олишар эди.

Айтмоқчиманки, Қодирий, Чўлпон ва Фитратларга (ва яна 504 та рўйхатдаги одам учун) айнан Олий судининг ҳарбий коллегияси ҳукм чиқарганини ҳисобга олсак, бу қарорни шахсан Сталин ёки энг камида Политбюро қабул қилинганлиги аён бўлади. Чунки коллегия асосан Москвадаги сиёсат учун муҳим одамлар тўғрисида ҳукм чиқарар эди холос. Бу масалани ҳудудлар ва ҳудуд судлари ҳал қилмас эди. Яъни ўз номи билан Олий Судининг Ҳарбий Коллегияси, ўта муҳим ва собиқ иттифоқ хавфсизлигига таалуқли ишлар бўйича суд қилганини инобатга олсак, Чўлпон ва Қодирийларга ўхшаганларни, ўша пайтдаги партия раислари хатарли деб ўйлашган шекилли. Албатта, ўринли савол, нима учун зиёлилар тизим учун хатар? Шу ҳақида бир ўйлаб кўриш керак. Айтмоқчи, Қодирийнинг суд иши 15 дақиқа давом этган.

Худди шу коллегия 1938 йилнинг март ойида, “Учинчи Москва Процесси” иши бўйича, Акмал Икромов ва Файзулла Хўжаевга ҳукм чиқарган. Худди шу коллегия, бутун иттифоқ бўйича жуда муҳим олимлар ва зиёлиларни қатл этиш бўйича қарорларни чиқарган. Жумладан, иқтисодчи Николай Кондратевга ҳам ўлим ҳукмни айнан шу коллегия эълон қилган.

Бу кунда, адолатсизлик қандай муаммо эканлигини, коммунизм қандай жирканч натижалар билан якунланиши ва мустақиллик қандай муҳим нарса эканлиги ҳақида ўйлашимиз мумкин деб ўйлайман. Юзлаб ватанимизнинг энг ёрқин одамлари қатл қилинган кун албатта буюк фожиа.


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.