Миллий банк «21 асрдан телефон қилган» мижозига жавоб берди

Миллий банк «21 асрдан телефон қилган» мижозига жавоб берди

Фото: gelio.livejournal.com

Аввалроқ сайтимизда блогер Мақсуд Саломовнинг Испанияда туриб Миллий банкнинг Мирзо Улуғбек филиалидан очган ҳисоб рақами ва ундаги маблағлар ҳақида маълумотнома ололмай сарсон бўлгани ҳақида ёзган эдик.

«Алло, мен 21-асрдан телефон қиляпман»

Ўзбекистон Миллий банки ушбу мақолага муносабат билдирди.

"Мижозларнинг банклардаги ҳисобрақамларига хизмат кўрсатиш шу жумладан, ҳисобрақамлар банк айланмалари ва хисобрақам қолдиқлари тўғрисида маълумотлар тақдим этиш ишлари мижоз билан банк ўртасида тузилган шартномага асосан олиб борилади.

Шартнома шартларига асосан банк ўз мижозларининг шахсий ҳисобрақамлари, шу жумладан, омонатлари бўйича ҳам барча маълумотларни сир сақлаш ҳамда унга доир маълумотларни фақат Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларида кўзда тутилган ҳолларда, мижознинг шахсан ўзи ёки унинг ишончли вакили томонидан тасдиқловчи ҳужжатлар асосида тақдим этиш мажбуриятини олган.

Бунга кўра банк томонидан ижтимоий тармоқлар ва электрон почта орқали мурожаат қилган ҳолларда уларни ҳақиқатда шахсини идентификация қилиш имконияти бўлмаганлиги сабабли «банк мижозларининг банк сирини ташкил этувчи маълумотларини» тақдим этиш Ўзбекистон Республикаси «Банк сири тўғрисида»ги Қонун талабларига зид равишда учинчи шахсга ошкор қилиш деб ҳисобланилади.

Пандемия билан боғлиқ ҳолда ўрнатилган карантин даврида мижозларимизга қулайлик яратиш мақсадида, банк томонидан анъанавий хизмат турлари мобил илова ва бошқа турдаги масофавий тармоқлар орқали тақдим этилиб борилмоқда. Айрим ҳолларда истисно тариқасида ноанъанавий турдаги банк хизматлари мижознинг ҳолатидан келиб чиқиб, банк учун юқори рискни ташкил қилмаган ҳолларда масофавий равишда тақдим қилиш чоралари кўрилмоқда. Мақолада келтирилган ҳолат бўйича ҳам мижозимизга тегишли хизматлар масофавий тақдим қилинди.

Ҳамюртимиз томонидан мақолада билдирилган таклифлардан шу каби ривожланган хизматларни жорий қилишда фойдаланамиз.

Бугунги кунда, мижозларимизнинг барча таклифларини инобатга олиб, қонун ҳужжатларига амал қилган холда банкимизда хизматлар тезкорлигини ошириш мақсадида мавжуд банк технологияси тизимини замонавий дастурий таъминотлар ва техник ускуналар билан таъминлаш, масофавий хизмат турларини кўпайтириш ишлари олиб борилмоқда" - дейилади банк муносабатида.