Миллий гвардияда Хитойнинг Ўзбекистондаги ҳарбий атташеси билан учрашув бўлиб ўтди

Миллий гвардияда Хитойнинг Ўзбекистондаги ҳарбий атташеси билан учрашув бўлиб ўтди

Фото: Миллий гвардия

Куни кеча Миллий гвардиянинг халқаро ҳамкорлиги доирасида Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги ҳарбий атташеси катта полковник Сюй Чанчжи ва унинг ёрдамчиси полковник Ду Хунделар билан ишчи учрашув ташкил этилди. Бу ҳақда Миллий гвардия матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур учрашувда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ишончга асосланган икки томонлама стратегик шерикчилик муносабатлари барча соҳаларда ривожланиб бораётганлиги таъкидланиб, давлатларнинг минтақавий хавфсизликни таъминлаш борасида бир-бирига мос сиёсий қарашларга эга эканлиги, мамлакатларнинг Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти, «Бир макон, бир йўл» ташаббуслари доирасида юқори даражадаги ўзаро шерикчилик алоқаларига ҳамоҳанг равишда Миллий гвардия ва Хитой Халқ қуролланган милицияси ўртасида ҳарбий ва ҳарбий-техник соҳаларда яқин ҳамкорлик ўрнатилганлиги айтилди.

Дўстона ва самимий руҳда ўтган ишчи учрашув давомида томонлар ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари тўғрисида фикр алмашди.

Тадбир якунида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ва Хитой Халқ қуролланган милицияси ҳарбий хизматчилари билан биргаликда қўшма ўқувлар, амалий машғулотлар ўтказиш, ўзаро тажриба алмашинув ташрифларини ташкил этиш, ҳарбий таълим муассасалари ўртасида илмий-ўқув фаолияти соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда спорт ва маданий тадбирларни ишлаб чиқиш ташаббуси билдирилди.

Шунингдек, ХХРнинг Ўзбекистондаги ҳарбий атташеси катта полковник Сюй Чанчжи Хитой Халқ Қуролланган милицияси бош қўмондони генерал-полковник Ван Нин номидан Халқ Қуролланган милицияси ташкил этилганлиги муносабати билан йўллаган самимий табриги учун Миллий гвардия қўмондони генерал-майор Р.Жўраев номига миннатдорчиликни етказди. Хитой ҳарбий атташеси Миллий гвардия билан ҳамкорликни ривожлантиришга катта аҳамият беришини айтиб, ўрнатилган дўстона алоқаларини бундан кейин ҳам қўллаб-қувватлаш учун тайёр эканлигини таъкидлади.