«Миришкор ҳокими раҳбарликка номуносиб, калтафаҳм, пасткаш инсонлигини намоён этди» – Расул Кушербаев

«Миришкор ҳокими раҳбарликка номуносиб, калтафаҳм, пасткаш инсонлигини намоён этди» – Расул Кушербаев

Фото: Daryo.uz

Куни-кеча ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Миришкор тумани ҳокими Бахтиёр Ражабовга тегишлилиги айтилаётган аудиоёзув тарқалди. Таъкидланишича, воқеа туман ҳокими ва маҳалла раислари иштирокидаги йиғилишда бўлиб ўтган. Аудиоёзувда ҳоким йиғилиш иштирокчиларини пул тушумларини ўз вақтида таъминламагани учун турли сўзлар билан ҳақоратлагани ва сўккани, шунингдек, баъзиларни ургани эшитилади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ўзининг Telegramʼдаги канали орқали мазкур воқеага муносабат билдирди.

"Қашқадарё вилояти Миришкор тумани ҳокими ким бўлишидан қатъий назар раҳбарликка номуносиб, уқувсиз, билимсиз, тубан инсон эканлигини намоён этибди.

Бу инсон ўзининг бугунги Ўзбекистон келажагини қуриб бўлмайдиган ва Президент обрўйини тўкадиган калтафаҳм, пасткаш шахс эканлигини намоён қилди.

Ўртоқ ушбу “инсон”га айтар гапимиз: тинчгина ўринни бўшатиб, ҳеч ким эшитмайдиган дала-даштда истаганча бақириб юравериши. Агар ўсимлик ва дов-дарахтлар гапини эшитса шунда ҳам. Хуллас, бор-е... Сиздақаларга ватанни қолган куни қурсин...“

МАВЗУГА ДОИР: Расул Кушербаев прокуратурадан Шуҳрат Ғаниев билан боғлиқ воқеага ҳуқуқий баҳо беришни сўради

Кўрдим, чироқни ёқ! Миришкорда сайлов саҳналаштирилдими?

Мазкур аудиоёзув бўйича Қашқадарё вилояти ҳокимлиги қуйидагича муносабат билдирди:

Аудиода турли хил уятли сўзлар билан йиғилганларни “сийлаган” туман ҳокими эканлиги аниқ, буни инкор этиш фикридан йироқмиз. Бу борада ички тартибда чора кўриш билан чекланиш ҳам мумкин эди. Аммо қонуний равишда чора кўрилиши, “Нега оддий халқ хато қилса, жазо ёки жарима, ҳоким хато қилса, кечирим?” каби табақалаштирувчи гап-сўзлар келиб чиқмаслиги тарафдоримиз.

Бахтиёр Ражабов.
Фото: «Kun.uz»

Шунингдек, мазкур аудиоёзув бўйича Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳам баёнот берди.

Баёнотга кўра, Қашқадарё вилояти прокуратураси органлари томонидан интернет нашрларида ва ижтимоий тармоқларда 2 март, душанба куни, Миришкор тумани ҳокими Бахтиёр Ражабовга мансублиги таъкидланиб тарқатилган аудиоёзувларнинг ҳаққонийлиги, қачон, қаерда ва қандай ҳолатларда юз берганлиги ҳамда бошқа ҳолатлар ўрганилмоқда.

МАВЗУГА ДОИР: Фарғона вилояти ҳокими Конституциянинг нечта моддасини бузган?

Ўрганиш натижалари ҳар томонлама қонун доирасида кўриб чиқилиб, улар юзасидан қўшимча баёнот берилади, дейилади Бош прокуратура баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, Миришкор тумани собиқ ҳокими Равшан Комилов дала майдонидан маккажўхори олаётган отахонни ҳақоратлагани учун танилган ва кейинроқ бу иши учун узр сўраган.

МАВЗУГА ДОИР: Бош прокуратура сўконғич ҳоким ишини текширишни бошлади

Мазкур воқеадан кўп ўтмай Равшан Комилов ўз лавозимидан озод этилган ва унинг ўрнига амалдаги ҳоким Бахтиёр Ражабов тайинланган. Мазкур тайинловгача вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари бўлиб ишлаган Бахтиёр Ражабовга сўнгги имконият берилган эди.