Мирзиёев Андижонда мингдан ортиқ аёлни иш билан таъминлаган корхонага борди (фото)

Мирзиёев Андижонда мингдан ортиқ аёлни иш билан таъминлаган корхонага борди (фото)

Фото: president.uz

Маълум қилинишича, корхона биноси қарийб ўн уч йил қаровсиз ётган эди. Тадбиркорга “ноль” қийматда берилгач, вазият тамомила ўзгарди. 6,5 миллион доллар маблағ эвазига қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, Америка Қўшма Штатлари, Италия, Япониядан тикувчилик ва матога ишлов бериш дастгоҳлари келтириб ўрнатилди.

Замонавий қиёфа касб этган корхона ўн кун аввал фаолият бошлади. Бу ерда йилига ўртача 11 миллион дона тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.

МДҲ мамлакатлари билан шартномалар имзоланган бўлиб, йилига 27 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш мўлжалланган. Бу географияни кенгайтириш мақсадида Европа Иттифоқи давлатлари билан музокаралар олиб борилмоқда.

Корхонада 1 минг 200 нафар аёл иш билан таъминланди. Давлатимиз раҳбари улар билан суҳбатлашди.

Авваламбор, сизларни яқинлашиб келаётган улуғ айём билан табриклайман. Бу фабрика андижонликларга ўзига хос туҳфа бўлибди. Биз учун ҳар бир иш ўрни муҳим. Бу ерда шунча хотин-қиз ишли бўлганидан жуда хурсандман. Тадбиркорларимиз жаҳон бозорларига чиқмоқда. Бу – дунёқараш ўзгариши, имкониятлар натижаси, – деди Президент.

Мутасаддиларга пахта толасини қайта ишлашни чуқурлаштириб, қўшилган қиймат яратиш, корхоналарга қўшимча инвестициялар йўналтириб, ишлаб чиқаришнинг тўлиқ циклини ўзлаштиришга кўмаклашиш бўйича топшириқлар берилди.

Илгари вилоятда етиштирилган пахта фақат хомашё сифатида сотиларди. Бундан даромад 100 миллион долларга ҳам етмасди. Эндиликда қайта ишлаш ривожланаётгани натижасида жорий йилда қарийб 440 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинади. 2021 йилда бу кўрсаткични 527 миллион долларга етказиш режалаштирилган.