Мирзиёев иккита халқаро шартномани тасдиқлади

Мирзиёев иккита халқаро шартномани тасдиқлади

Шавкат Мирзиёев куни-кеча иккита халқаро шартномани тасдиқлади, хабар беради Адлия вазирлиги матбуот хизмати.

Хусусан, МДҲ аъзолари билан интеллектуал мулк объектларига ҳуқуқни ҳимоя қилиш соҳасида божхона органларининг ўзаро муносабатлари тўғрисидаги ҳужжат қабул қилинди. У жорий йил 31 май куни Ашҳободда бўлиб ўтган МДҲ аъзо-давлатлари ҳукумат раҳбарлари кенгаши йиғилишида имзоланганди.

Мазкур шартноманинг республикада жорий этилишида ваколатли орган этиб Ўзбекистон Давлат Божхона қўмитаси белгиланди. Шартнома МДҲ мамлакатлари божхона хизматларига контрафакт маҳсулотларни аниқлашда ўзаро ахборот алмашинувига асос ва кўмак бўлиб хизмат қилади. Бу, ўз навбатида, қайд этилган турдаги маҳсулотларнинг айланмасига самарали тарзда қарши курашишга имкон яратади.

Шартнома Ҳамдўстлик ҳудудидаги ўзаро савдо тизимида интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни юқори даражадаги ҳимояланишини таъминлайди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси ва Беларусь ҳукуматлари ўртасидаги минтақалараро ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома ҳам тасдиқланди.