Мирзиёев Хўжаобод туманида муҳтож оилалар учун қурилаётган уйларни бориб кўрди (фото)

Мирзиёев Хўжаобод туманида муҳтож оилалар учун қурилаётган уйларни бориб кўрди (фото)

Фото: president.uz

Президент Шавкат Мирзиёев 22 май куни Андижон вилояти Хўжаобод туманидаги кўп қаватли уйлар қурилишини бориб кўрди.

Андижон вилояти аҳолиси мамлакатимиз нуфусининг 10 фоизини, ҳудуди эса 1 фоизини ташкил этади. Шу боис шаҳар яқинидаги адир жойларда кўп қаватли уйлар қуриш, шу орқали аҳолининг тобора ўсиб бораётган талабини қондириш чоралари кўрилмоқда.

Фото: president.uz

Хўжаобод туманининг Иттифоқ массивида 35 та уй қурилмоқда. Улар Андижон шаҳри, Андижон, Хўжаобод, Булоқбоши ва Жалақудуқ туманларидаги уй-жойга муҳтож оилаларга берилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, бу ерда мактаб, тикувчилик цехи, спорт комплекси бунёд этилмоқда.

Фото: president.uz

Давлатимиз раҳбари қурилиш ишларидаги камчиликларни кўрсатиб ўтди. Бундай жойларда уйлар бунёд этиш мамлакатимизда янги тажриба эканини, уларни халқаро стандартлар асосида пишиқ, сифатли қуриш зарурлигини таъкидлади.

Лойиҳани такомиллаштириш, аҳолига қулай транспорт йўналишлари ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди. 

Фото: president.uz

Шу билан Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Андижон вилоятига сафари якунига етди.