Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Мисрда навбатдаги намойишлар, ҳибслар ва ахборот уруши
24.09.2019 16:09,  
377

Мисрда ўтган жума куни бўлган кенг миқёсдаги намойишлардан кейин хавфсизлик кучлари Қоҳира, Искандария, Сувайш, Диқоҳлия каби йирик шаҳарларда юзлаб кишиларни ҳибсга олди.

Мисрлик актёр ва бизнесмен Муҳаммад Али Мисрнинг жорий президенти Абдулфаттоҳ Сисийни коррупция ва мамлакат иқтисодини чўктиришда айблаб, уни ҳокимиятдан ағдариш учун халқни “жума куни атиги бир соат кўчага чиқишга” даъват қилиши ортидан 20 сентябр куни бутун мамлакат бўйлаб намойишлар уюштирилган эди. Муҳаммад Али келаётган жума куни “халқ қўзғолони” номи билан яна намойиш қилишга чақирди.

Айни пайтда, ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари ва сиёсий ҳаракатлар ўтган жумадан бери қамоққа ташланганларнинг сонини ҳисоблаб чиқаётган бўлиб, уларнинг орасида ҳали вояга етмаган болалар ва бир қатор журналистлар ҳам борлиги айтиляпти.

“Инсон ҳуқуқлари бўйича араб тармоғи”га кўра ҳибсга олинганларнинг сони 370 кишига етиб қолган; “6 апрел ёшлари” сиёсий ҳаракати 300 кишининг номини аниқлаганини айтган; “Иқтисодий-ижтимоий ҳуқуқлар бўйича Миср маркази” эса 516 киши ҳибсга олинганини айтмоқда.

Ҳибсга олинганлар орасида адвокат ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Моҳинур Мисрий ҳам бор. Уни намойишлардан кейин қўлга олинганларни ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш учун полиция идорасига борган вақтида ҳибсга олишган.

Душанба куни кечқурун мамлакат прокуратураси 2014 йилда инсон ҳуқуқлари бўйича Людовик Траер мукофотининг соҳибаси бўлган Мисрийни “оммавий террорчилик ҳаракатида иштирок этиш ва ёлғон ахборот тарқатиш”да айблаб, 15 кунга қамоққа ҳукм қилди.

Ахборот уруши

Намойишга чиққанларни ёппасига ҳибсга олиш баробарида актёр Муҳаммад Али ва халқаро ахборот нашрларига қарши “Мисрни обрўсизлантириш” айблови билан ахборот уруши ҳам бошланди.

Интернет тармоғида маълумотлар эркин алмашинувини кузатишга ихтисослашган NetBlocks ташкилоти якшанба куни “Facebook, Facebook Messenger, BBCNews ва Мисрдаги ахборот нашрлари Интернет хизмати кўрсатувчи провайдерлар томонидан тўсиб қўйилгани, мамлакатда ҳукумат коррупциясига қарши уюштирилган намойишлар бунга сабаб бўлгани” ҳақида маълум қилди.

Бошқа томондан ҳукумат тарафдори бўлган адвокатлар президент Абдулфаттоҳ Сисийни коррупция ва халқ мулкини талон-тарож қилишда айблаган актёр Муҳаммад Алининг фуқаролигини бекор қилиш талаби билан чиқди.

“Вашингтон пост” газетасининг Қоҳирадаги ваколатхонаси раҳбарининг ёзишича, “Миср хавфсизлик кучлари намойишчиларга қарши ўта қаттиқ чораларни қўллаган, юзлаб кишиларни ҳибсга олган; ахборот тарқатувчи нашрлар ва ижтимоий тармоқларга кириш эса қийинлашган; айни пайтда мамлакатда ҳафта охирида янгидан намойишлар бўлиши эҳтимоли бор”.

“Миср эркинликлар қўмитаси”нинг ижроий директори Муҳаммад Лутфийга кўра, ҳукумат ўз мавқеини сақлаб қолиш ва асосий диққатини эҳтимолий намойишларга қаратишга уринмоқда.

Мисрнинг илк фуқаровий президенти бўлган Муҳаммад Мурсий 2013 йил 3 июлда Абдулфаттоҳ Сисий бошчилигидаги ҳарбийлар томонидан ағдарилгач, унинг тарафдорлари томонидан бир неча ой давомида бутун мамлакатни қамраб олган намойишлар уюштирилган, оқибатда ўша йил ноябр ойида “намойишлар ҳақида қонун” қабул қилиниб, намойиш қилиш амалда тақиқлаб қўйилган.

Бундан ташқари, 2017 йили апрелда Тонто ва Искандария шаҳарларидаги черковларда бўлган портлашларда 45 киши ҳалок бўлиши ортидан Мисрда фавқулодда вазият эълон қилинган бўлиб, бугунги кунгача муддати узайтириб келинмоқда. Бу эса ҳукуматга қонунларни четлаб ўтиш ва ўзига керак бўлганда исталган қарорни чиқариш имконини беради.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан