Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Молия институтида диншунослик, ҳаёт фаолияти хавфсизлиги, экология, валеология фанлари нега керак? Талаба институтни ривожлантириш стратегиясини тақдим этди
17.09.2019 19:03,  
616

Хабарингиз бор, Олий таълим муассасаларида контракт нархлари ошиши ва бунга тескари равишда стипендиялар миқдорининг бир хил қилиб белгилангани кўпчилик (менимча деярли ҳамма) талабаларни норози қилмай қўймади.

Бу вазиятга ҳамма ҳар хил позицияда муносабат билдирди. Масалан, ҳуқуқшунос Хушнуд Худойбердиев “Ёшлар пресс клуби”да “…Агар стипендия нархлари бир хил қилиб белгиланадиган бўлса, бу ишни қишки семестрдан кейин жорий этишни” таклиф қилди. Бу фикрда ҳам жон бор, бир томондан.

Sof.Uz таҳририятига Тошкент Молия институтида ўқувчи бир талабадан хат келиб тушди. У ўз институти мисолида қандай қилиб олий таълимни тўлалигича ўзини-ўзи молиялайдиган қилишни тушунтириб берган. Биз талабанинг хатини тўлиғича эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз.

“Ассалому алайкум, Sof.Uz нашри таҳририяти!

Мен Тошкент молия институти 3-босқич талабасиман. Бизга ўтган йили охирида институтимиз ўзини ўзи молиялаш тизимига ўтиши ҳақида айрим устозларимиз айтишганди. Агар шунақа тизим жорий қилинадиган бўлса, бу албатта талабаларнинг тўлов-контракт миқдорини ошириш йўли билан амалга оширилади. Чунки раҳбарларнинг қўлидан бу ишни бошқачасига амалга ошириш келмайди.

Мен эса бунга муқобил вариантни таклиф қилмоқчиман.

Аввало, ҳозирги ўқиш харажатларимизни (тўғрироғи, аввалги тизим бўйича) ҳисоб-китоб қилиб кўрайлик. Тўлов шартнома миқдори 11150150 сўм (2018-2019 ўқув йили учун). Бу пулдан “4”лик стипендиянинг пулини чиқариб ташлайлик. (Мен ўртача “4”лик деб олдим. Реал вазиятда “5”га “ёпадиганлар” “3”чилардан кўпроқ) 512000х12=6144000 сўм. Контракт миқдоридан стипендияни чегириб ташласангиз 5006150 сўм қолади. Бу пулни ўн ойга бўлсангиз (чунки таҳсил 10 ой давом этади) ойига 500 минг сўмдан тўғри келади. Биз иккинчи курсда 8 та фан ўқиган эдик. Энди ҳар битта фанга битта талаба бир ой қанча тўлашини ҳисоблаб кўринг: 500000:8=62500 сўм. Ҳозир бу пулга вилоятларда репетитор устозлар абитуриентларни тайёрлашмаяпти. Янаям Тошкентда, шундай нуфузли даргоҳда битта фан учун бир талаба 62500 сўм тўлаб ўқиса-я!

Нима қилиш керак?

Демак, вазият билан қисқача танишиб олдик. Энди ечим сифатида мен нимани таклиф қиляпман: контракт миқдорини ўзгартирмаган ҳолда, фанлар сонини қисқартириш.

Биринчи курсда ўтилган фанларни бир эслаймиз: Диншунослик, ҳаёт фаолияти хавфсизлиги, экология, валеология, психология… ва яна шунақа логиялар. Воз кечиш керак бунақа фанлардан. Агар ОТМ ўзини-ўзи молиялашга ўтмоқчи бўлса, бу йўлдаги биринчи қадам соҳага алоқаси бўлмаган фанларни йўқотиш бўлади.

Бу фанлар ҳисобига юзага келган вакант ўринларга иккинчи курслар учун ўтилаётган фанларни қўйиш керак: микро ва макро иқтисодиёт (биринчи семестер биринчиси, баҳордан бошлаб иккинчиси ўтилади), менежмент ва маркетинг (бу ҳам худди юқоридаги тартибда ўтилади), молия ва пул ва банклар.

Бу базавий фанлар ҳар бир молиячи – бухгалтер, ғазначи, солиқчи, суғурта ходими ёки банкир учун бирдай муҳим. Иккинчи курсда ҳам худди шунақа қилиб тўртта фан ўтилса, бу ҳар бир талаба ойига битта фан учун тўлаётган тўлов миқдори 2 баробар (!) ошиб, 125000 га (62500х2) етади дегани. Лекин бу ҳам кам.

Тўртта фан билан беш кун ёки тўрт кунлик ўқиш режимига ўтса бўлади. Бунда талабада ортиқча икки ёки уч кун бўш вақт бўлади. Форма (яланғоч бормаслик ёки спорт кийимида бормасликка фаросати етади талабанинг) ва давомат олиниши ҳам бекор қилиниши керак. Кейинчалик (мен таклиф қилаётган тизим амал қила бошлаганидан 4-5 йил ўтиб) контрактларни бошқа турдош ОТМларникидан баландроқ қилса ҳам ҳеч ким ғинг демайди. Ишонинг, форма ва давоматнинг йўқлиги галстук талаб қиладиган қолган институтлар фонида абитуриентлар учун жозибали таклиф туюлади.

Иккинчи таклиф. Таълим йўналишларини бевосита амалиётга боғлаш. Ҳисоб ва аудит деган факултетимиз бор. Бу факултет профессионал бухгалтерлар, аудиторлар “етиштириб бериш”га ихтисослашган. Лекин амалда Ҳисоб факултети талабалари бухгалтерияни ҳар хил курслар орқали ўрганишади.

Факултет талабаларига иккинчи курсдан бошлаб, “Молиявий ва бошқарув ҳисоби” фани доирасида реал корхона ва фирмалар бухгалтериясида фанни ўргатиши керак. Бунинг учун институтда ўша факултетда яна битта штат ташкил қилиш керак. Унинг вазифаси фирмалар билан уларнинг бухгалтериясини юритиш бўйича шартнома тузиши бўлади ва у тузган шартнома суммасининг маълум фоизи миқдорида маош олади. Шунда у яхшироқ ишласа кўпроқ, дангасалик қилса камроқ пул топади. Талабалар эса, биринча дарсда назарий ўрганган билимини, иккинчи дарсда реал корхона мисолида мустаҳкамлайди. Агар у бухгалтерияни нотўғри юритган бўлса, паст балл олади. Нотўғри ёки тўғрилигидан қатъи назар барча ишлар ўқитувчи томонидан текширилади ва ўша ўқитувчи шу иш учун жавобгар бўлади. Бунда:

а) талаба билим олади – у вақти ва маблағини кетказиб, репетиторга бориб ўтирмайди ва институт билими билан тайёр кадр бўлиб етишиб чиқади;

б) ўқитувчи ҳам билимини оширади ҳам ойлигига устама қўштириб олади – устоз ҳам талаба билан бир қаторда ўрганади, изланади, фақат назарияга ёпишиб олмайди, ундан ташқари у раҳбарият билан келишувга асосан, қилган ҳар бир иши учун маълум миқдорда қўшимча ҳақ олади. Бу ўз навбатида ўқитувчилар профессионаллашувига олиб келади;

в) раҳбарият – бундай тизимдан энг кўп институт фойда кўради. У ўқитувчини ишга ёллаб, бунинг эвазига қўшимча ҳақ олади (корхона бухгалтерия ҳисоботларини қилиб бергани учун). Янги топширадиган абитуриентлар учун бу ҳам бир маркетинг стратегияси бўлиб хизмат қилади. Молия институтидан энг зўр бухгалтерлар чиқиши институт имиджи учун жуда катта плюс бўлади.

Қўшимча хизмат эвазига ишлаб топилган маблағ эса, институт харажатлари учун ишлатилади. Бу ҳам контракт нархлари тушишига ёки ҳеч бўлмаганда ошмаслигига ёрдам бўлади. Худди шу тартибни Солиқ йўналиши талабаларига ҳам қўлласа бўлади. Чунки улар ҳам келажакда корхоналарнинг бухгалтерия ҳисоботларини текширишади.

Учинчи таклиф ҳам Ҳисоб ва аудит факултети билан боғлиқ. Иккинчи таклифни тизимли йўлга қўйилгач, институт қошида аудиторлик фирмаси ташкил қилинади. Бу фирма ишчилари ҳам худди шу факултет ўқитувчилари бўлишади. Институтнинг яна битта пул келадиган “томорқаси” бўлади бу иш. Худди шунингдек, бу таклифларни йўналишларга қараб, бошқа факултетларда ҳам жорий қилса бўлади. Лекин энг қийини Молия факултетиники. Нимага дейсизми?

Тўртинчи таклиф. Ўрта муддатли истиқболда (бу пайтга келиб, институт ўзини-ўзи таъминлайдиган, илмий ишларга инвестиция киритишга қурби етадиган бизнес тизимга айланган бўлади) Молия факултети қошида профессионал трейдерлик қила оладиган, жаҳон молия бозорларида иштирок эта оладиган фонд ташкил қилиш. Бунда ҳам устозлар ўз талабалари билан иштирок этишади. Албатта, институт билан тузилган шартномага мувофиқ.

Институтнинг ютуқ томони сифатида унда инглиз тилли гуруҳларининг мавжудлигини эътироф этишни истардим. Бундай гуруҳлар талабаларига АCCА, SАТ ёки GMAT тестларида керак бўладиган фанларни ўтиш мақсадга мувофиқ иш бўларди. Дастлабки учта таклиф амалга оширилганда, яқин беш йил ичида институт ўзини ўзи молиялаш тизимига бемалол ўта олади”.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан