Молия вазирлиги UzAuto Motors тўлайдиган солиқлар ҳақида қўшимча маълумот берди

Молия вазирлиги UzAuto Motors тўлайдиган солиқлар ҳақида қўшимча маълумот берди

Молия вазирлиги «Фуқаролар учун бюджет 2022» лойиҳасини тақдим этиб, унда Ўзбекистондаги 10 та энг йирик солиқ тўловчи келтирилгани тўғрисида хабар берилганди. Ундаги компаниялар 2022 йилда давлат бюджети тушумларининг 36,4 фоизини таъминлаши кутилмоқда. Вазирлик матбуот хизматининг маълум қилишича, лойиҳада кўрсатиб ўтилган йирик солиқ тўловчилар фақат республика ичида тўлайдиган солиқлари бўйича рўйхат қилинган.

«Бу тўловлар таркибида республика ҳудудига олиб кириладиган товарлар учун тўланадиган божхона тўловлари киритилмаган», — дейилади қўшимча маълумотда.

Хусусан, 2020 йилда UzAuto Motors АЖ томонидан давлат бюджетига жами 1,3 триллион сўм солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар (товарлар импорти учун тўловлар бундан мустасно) тўланган. Жами давлат бюджети даромадларидаги салмоғи 0,98 фоизни ташкил қилган. Шу билан бирга, товарлар импорти учун тўланган божхона тўловлари 2,3 триллион сўмни ташкил қилган.

2021 йилнинг январь–октябрь ойлари мобайнидаги бюджетга тўловлар 751,5 миллиард сўмни ташкил этиб, йил якунига қадар ушбу кўрсаткич 950 миллиард сўмга етиши кутилмоқда, давлат бюджетининг умумий даромадлари кутилаётган миқдорида 0,56 фоизни ташкил қилади.

Бундан ташқари, импорт қилинган товарлари учун шу даврда тўланган божхона тўловлари 2,376 триллион сўмни ташкил қилган.