Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Молиявий назорат тадбирларида 949 миллиард сўмдан зиёд ноқонуний харажатлар аниқланган
8.07.2022 15:15,  
47
 

Олий Мажлис Сенати ялпи мажлисида Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2021 йил якунлари бўйича ижроси ва 2022 йил биринчи чорагидаги ижроси кўриб чиқилди. Бу ҳақда «UzA» манбаси хабар бермоқда.

Давлат бюджети харажатлари молиялаштирилиши таъминланган. Жумладан, 2021 йилда ижтимоий харажатларнинг асосий қисмини ташкил этган таълим тизими муассасаларини сақлаш ва уларни ривожлантириш харажатларига Давлат бюджетидан 39 триллион 641 миллиард сўм маблағ йўналтирилган. Шунингдек, 2021 йилда соғлиқни сақлаш соҳасига ўтган йилга нисбатан 20 фоизга кўп маблағ ажратилган. 

Маҳаллий бюджетларнинг 2021 йилги даромадлари дастлабки прогноз кўрсаткичларига нисбатан 119 фоизни, 2022 йилнинг биринчи чорагида эса 112 фоизни ташкил қилган. Маҳаллий бюджетларнинг харажатлари ҳам режага нисбатан 111 фоизга ижро этилиб, 65,5 триллион сўмни ташкил этган. 

Мажлисда маҳаллий бюджетларнинг ижроси ва белгиланган прогноздан ортиқча тушган даромадлардан мақсадли фойдаланилиши борасида йўл қўйилаётган камчиликлар кўрсатиб ўтилди. 

Сенат Раиси Танзила Норбоева бу масалага муносабат билдириб, маҳаллий бюджет маблағларини мақсадсиз сарфлаш, талон-торож қилиш мумкин эмаслигини таъкидлади. Маҳаллий кенгашлар вакиллари бу борада қатъий назорат ўрнатиши, маблағларнинг мақсадли сарфланиши бўйича масъул эканини алоҳида қайд этди.  

Бюджет интизомига риоя этилиши ва бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши юзасидан ўтказилган 7 минг 133 та молиявий назорат тадбирининг 5 минг 380 тасида ёки 75 фоизида 122 миллиард 800 миллион сўмлик камомад, 949 миллиард 300 миллион сўмлик ноқонуний харажатлар аниқланган. 

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар Кенгашларининг даромадлар прогноз кўрсаткичлари ўзгартирилиши юзасидан тегишли қарорлари қабул қилинмаган. 

– Ҳисоб палатаси томонидан ўтказилган ташқи аудитда 2021 йилда божхона тўловлари бўйича 406 миллиард сўмдан зиёд даромадлар давлат бюджетига ўтказилмаганлиги аниқланган, – деди Сенат Раиси. – Худди шундай ҳолат 2020 йил якунлари бўйича ҳам аниқланган. Ундирилган маблағлар Давлат бюджетига ўз вақтида ўтказилмаслиги эса республиканинг иқтисодий кўрсаткичлари шаклланишига таъсир кўрсатмасдан қолмайди. Мазкур ҳолатларни бартараф қилиш мақсадида божхона тўловларини автоматик тарзда Давлат бюджетига ўтказилишини назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий базани яратиш, қолаверса рақамли технологиялар орқали тўловларни автоматик тарзда бюджетга ўтказиш тизимига ўтиш бўйича кўрсатма берилган. 

Бироқ, бу вазифалар орқага суриб келинмоқда. Ваҳоланки, бу орқали кўплаб қонун бузилиши ва айниқса, коррупциянинг олдини олиш имкониятлари кенгаяди.  

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан