Мўйноқдаги 23 нафар тадбиркорнинг ризқини қирқадиган корхона барибир ташкил этилади

Мўйноқдаги 23 нафар тадбиркорнинг ризқини қирқадиган корхона барибир ташкил этилади

Фото: Дунё

Вазирлар Маҳкамасининг «Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туман ҳокимлиги ҳузурида «Орол артемия саноат» давлат унитар корхонаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Дунё ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Мазкур қарор билан Мўйноқ туманида артемия цистасини овлаш ва қайта ишлар тармоғини такомиллаштириш ҳамда юқори сифатли артемия цистаси маҳсулотлари экспорти ҳажмини янада ошириш мақсадида туман ҳокимлиги ҳузурида «Орол артемия саноат» давлат унитар корхонаси ташкил этилади.

«Орол артемия саноат» ДУКнинг асосий вазифалари:

  • Орол денгизидаги артемия цистаси ресурсларидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда оқилона фойдаланиш;
  • артемия цистасини овлаш ва қайта ишлашни комплекс ривожлантириш дастурларини амалга ошириш, ушбу соҳада илмий-техник, технологик, инвестиция ва экспорт фаолиятини юритиш;
  • артемия цистасининг табиий ўсиш майдонларидан оқилона фойдаланган ҳолда уларни овлаш ва қайта ишлаш ҳажмларини босқичма-босқич ошириб бориш;
  • артемия цистасини овлаш ҳамда уни қайта ишлаш бўйича янги қувватларни ташкил этишда илғор технологияларни жорий этиш.

Ҳужжатга кўра, «Орол артемия саноат» ДУКнинг устави эса бир ой муддатда ишлаб чиқилади.

Монополияга қарши кураш давлат қўмитаси қарши

Вазирлар Маҳкамасининг ушбу қарори норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими (project.gov.uz) га жойлаштирилган пайтда Монополияга қарши кураш давлат қўмитаси қарор юзасидан эътироз билдирган эди.

Орол денгизининг барча қисмларидан фойдаланишни битта давлат корхонасига топшириш маъқул эмас — Антимонопол қўмита

Мазкур қарор лойиҳасида Мўйноқ тумани ҳокимлиги ҳузурида “Орол артемия саноат” давлат унитар корхонасини ташкил этиш ва Орол денгизининг Ўзбекистон Республикасига тегишли барча қисмини артемия цистасини овлаш ва қайта ишлаш тармоғини ривожлантириш учун 2020 йил 1 апрелдан бошлаб белгиланган тартибда “Орол артемия саноат” ДУКга доимий алоҳида фойдаланиш учун ўтказиш назарда тутилган.

Ваҳоланки, бугунги кунда Мўйноқ туманида артемия цисталарини овлаш, қуритиш, қайта ишланган маҳсулотни эскпорти билан 23 та субъектлар шуғулланиб келмоқда.

Вазирлар Маҳкамаси қарорининг рақобатга таъсири нуқтаи назаридан мазкур корхонани ташкил этиш мақсадга мувофиқ эмас, дея хулоса қилганди қўмита.

Шунингдек, ҳали Вазирлар Маҳкамаси қарори матни матбуотда эълон қилинмади. Қарор лойиҳасида «Орол артемия саноат» ДУКка эгалик қилиш Мўйноқ туман ҳокимлигига берилган эди. Расмий матбуот хабарида эса Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши мазкур корхона муассиси сифатида кўрсатилган.