Муаммоларни очиқ айтган Тошкент вилояти бош инфекционисти ҳибсга олинди (видео)

Муаммоларни очиқ айтган Тошкент вилояти бош инфекционисти ҳибсга олинди (видео)

Фото: kun.uz

Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори, вилоятнинг бош инфекционист мутахассиси Гулжаҳон Йўлдошева ҳибсга олингани хабар қилинмоқда. Бу ҳақда ББС Ўзбек хизмати хабар берди.

Бунга қадар Гулжаҳон Йўлдошева пандемия шароитида касалхонага керакли тиббий ускуналар ажратилмаётгани ва ўз раҳбарлиги остида ҳаётини хавфга қўйиб коронавирус беморларини даволаган тиббиёт ходимларига ваъда қилинган мукофот пуллари берилмаганини очиқ айтган эди.

У август ойида Kun.uz нашрига берган интервьюсида Тошкент вилоятининг бош юқумли касалликлар шифохонасидаги оғир вазият ҳақида сўзлаб, ўзи ва оиласи ҳаётини хатарга қўйганча, Чирчиқ шаҳрида жойлашган бу масканда коронавирус беморлари ҳаётини сақлаб қолиш учун жон куйдираётган тиббиёт ходимлари қадри раҳбарлар томонидан топталаётганини таъкидлаган эди.


Би-би-си маълумотларга кўра, Гулжаҳон Йўлдошева 8 сентябрь куни кечки пайт Чирчиқ шаҳридаги гўзаллик салонларидан бирида ички ишлар органлари томонидан ҳибсга олинган.

Нашр билан суҳбатлашган шифокорнинг синглиси Шаҳло Йўлдошева айни вақтда опасига нисбатан илгари сурилаётган расмий айбловлар қандай эканини аниқ билмаслиги, бироқ оғзаки сўзлашувлар асосида унга нисбатан 250 миллион сўмга тенг маблағни талон-тарож қилиш айби қўйилаётганидан хабар топганини маълум қилди.

Шаҳло Йўлдошеванинг сўзларига кўра, Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасига раҳбарлик қилаётган опаси матбуотга вилоятдаги асл эпидемиологик ҳолат ва маҳаллий тиббиёт тизими билан боғлиқ бошқа оғир муаммолар тўғрисида очиқ айтгани ортидан, катта эҳтимол билан, тиббиёт ходимлари учун ажратилган рағбатлантириш пулларини нотўғри тақсимлаш ёки ўзлаштиришда асоссиз равишда айбдор кўрилаётган бўлиши мумкин.