Муддатига етмаган ​ҳомиладор аёлда коронавирус аниқланса, ҳомиладорлик давом эттириладими?​

Муддатига етмаган ​ҳомиладор аёлда коронавирус аниқланса, ҳомиладорлик давом эттириладими?​

Мамлакатимизда ҳомиладор ёки туққан аёллар коронавирус инфекциясига гумон қилинса, қандай йўл тутилади? Шундай ҳолатларда қаерга мурожаат қилиш керак? Уларнинг даволаниш тартиби қандай бўлади? Шу каби саволларга Соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Барно Абдусаматова жавоб берди.

— Ҳомиладор, туғруқдаги ва туққан аёлларга “CОVID-19” коронавирус инфекцияси ташхисини қўйиш ва даволашда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) билан биргаликда алоҳида миллий клиник қўлланма ишлаб чиққан, — дейди Б. Абдусаматова. — Шу асосида даволаш ишлари олиб борилади. Ҳозирги кунда мамлакатимиз бўйича “COVID-19” инфекцияси билан касалланганлар билан мулоқотда бўлган ҳомиладор аёллар учун 740 шифо-ўринга эга 14 та туғруқ комплекслар, коронавирус инфекцияси тасдиқланган ҳомиладор аёллар учун эса 360 шифо-ўринга эга бўлган 13 та туғруқ комплекслари яратилган.

Шу ўринда айтиш керакки, ҳомиладор аёлларда қуруқ йўтал, ҳароратни кўтарилиши, нафас қисилиши, холсизлик, иштаҳа йўқлиги, мушакда оғриқ аломатлари пайдо бўлганда уйдан чиқмаган ҳолда яшаш манзилларидаги участка шифокорига ёки аёллар маслаҳатхоналарига мурожаат қилишлари зарур. Карантин даврида ҳомиладорлар шошилинч ҳолатлардан ташқари шифокорлар маслаҳатлашувларини масофавий алоқа (телефон, видеоалоқа ва бошқалар) орқали ўтказишлари тавсия этилади.

— Шу ўринда, кўпчиликда ҳомиладор аёлда коронавирус инфекцияси аниқланса ва у муддатига етмаган бўлса, ҳомиладорлик давом эттириладими, деган савол туғилиши табиий....

— Биласизми, бу , энг аввало, она аҳволининг оғирлиги, ҳомиланинг яшаб кетиши ва соғломлиги каби кўплаб омилларга боғлиқ. Агар коронавирус инфекцияси мавжуд бўлган ҳомиладор аёлнинг аҳволи оғир ёки ўта оғир деб баҳоланадиган бўлса, унда диагностик мезон ва халқаро тиббий тавсияларга мувофиқ, ҳаётий кўрсатмаларга кўра, ҳомиладорлик муддатига қарамай туғдиришни амалга ошириш керак. Аммо ҳозирги кунда коронавирус инфекциясига чалинган ҳомиладор аёлларда бу касаллик ҳомила учун жиддий асоратлар хавфи юқорилиги тўғрисида ҳеч қандай далиллар мавжуд эмас.

“СOVID-19” инфекциясига чалинган аёлда ҳомиладорлик муддатига етган бўлса, туғруқ усулини танлаш акушерлик кўрсатмалари асосида индивидуал амалга оширилади. ЖССТ кесарча кесишни фақатгина тиббиёт нуқтаи назаридан ўринли деб топилгандагина ўтказишни тавсия этади.