Муҳаммаджон Обидов ҳокимлик ахборот хизматидан шифохонада туриб «истеъфо берди»

Муҳаммаджон Обидов ҳокимлик ахборот хизматидан шифохонада туриб «истеъфо берди»

Фото: Facebook

Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Муҳаммаджон Обидов лавозимини тарк этди. У ўзининг Facebook'даги саҳифасида пневмония касаллигига чалингани сабабли 28 сентябрь куни истеъфо бергани ҳақида ёзиб қолдирди.

"Аллоҳнинг синови экан, 17 сентябрдан буён пневмония касаллиги билан шифохонадаман. Бир оз жиддийроқ келди. Ўпканинг 45 фоизи шикастланган. Шуҳрат Ғаниевни кузатиш, Хайрулло Бозоровни тайинлаш маросимида ҳам иштирок этолмадим. Врачлар яхши қарашяпти. Аммо ўзгариш жуда суст.

Ҳокимликнинг ахборот хизматини бир кун ҳам эгасиз қолдириб бўлмайди. Қолаверса, янги ҳоким иш бошлади. Шунинг учун бугун бир қарорга келдим: Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбарлигига истеъфо бердим. Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров билан илгари ҳам, ҳозир ҳам учрашмаганман. Шундай бўлсада касаллигимни инобатга олиб, аввал тузалиб чиқсин, ёки телефонда бир сўзлашай демасдан истеъфоимни қабул қилибдилар. Хурсанд бўлдим.

Бир йил Ғаниев билан астойдил, фидойилик ва садоқат билан ишладим. Янги тизим – Ахборот хизмати имижини ҳам яратдик. Мен шу давр фаолиятим билан фахрланаман. Ғаниев кучли шахс ва буни республика миқёсида қиладиган ишлари билан исботлашига аминман.

 

Дўстлар, менинг истеъфоимни бошқача талқин қилмай қандай бўлса шундайлигича қабул қиласизлар, деб умид қиламан. Қўлингиздан келса, дуо қилиб қўйинг" - деб ёзади Обидов.