Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Муҳаммаджон Қуронов: “Ўзимизнинг ўзбекона маънавиятимиз бор”
10.01.2020 17:31,  
504

Фейсбукда “Маънавият эмас, маданият билан шуғулланинг” деган гаплар айтилаётганидан ҳайрон қолдим. Айтилишича, маънавиятни бировга ўргатиб ҳам бўлмайди, ўрганиб ҳам бўлмайди. Маънавиятли одамларни эмас, маданиятли одамларни тарбиялаш керак, деган таклифлар берилмоқда.

Маданият — маънавиятнинг сирти. Маънавият — маданиятнинг ичи, мағзи. Маънавиятсиз маданият пуч ёнғоқ, сунъий маданият бўлиб қолади. Фейсбукда “Маданиятли инсон ота-онаси, кексаларни, ўзидан руҳан ва жисмонан ожиз бўлганларни ҳурмат қилади ва ҳимоя қилади”, деган фикр бор. Бу нима дегани? Бу — ота-онаси, кексаларни, ўзидан руҳан ва жисмонан ожиз бўлганларни нима учун, қандай ҳурмат қилишни, ҳимоя қилишнинг маъносини билса, шундай бўлади, дегани. Бу билан муаллиф маънавият маданиятнинг асоси, мағзи эканлиги бевосита таъкидланган.

Маънавиятни болага бешикдан, оила, болалар боғчасидан, мактабдан ўргатиш керак. Чунки маънавиятсиз инсон ҳеч қачон маданиятли бўлмайди. Дейлик, оилада янги фарзанд туғилди. Унинг тили чиққанда биз унга аввало катталарга салом беришни, уларнинг гапига қулоқ солишни, ота-онани, ўзидан катталарни ҳурмат қилишни ва ҳоказоларни ўргатамиз. Дунёдаги ҳамма халқларда ҳам бу одат йўқ. Бу ўзбекона одат, ўзбекона маънавият. Чунки, маънавият инсоннинг ўзлигини, ота-боболарининг кимлигини англаши, уларнинг эътиқодига амал қилиши. “Узлуксиз маънавий тарбия” Концепцияси ана шу улуғ мақсадга хизмат қилади.

Хуллас, муаллиф айтгандек, маданият ва маънавият бир-бирига боғлиқ тушунчалар. Фақат маданиятли бўлиш билан одам маънавияли бўлиб қолавермайди. Шундай экан, маънавий тарбияни болаларнинг ёшлигидан бошлашимиз шарт. Ота-оналар бола тарбияси бўйича амалий билимларини оширишимиз, болаларимизни бахтли қилувчи компетенцияларни, фазилатларни ўргатиб, фазилатли авлодни етиштиришимиз, мактабларда “Тарбия” дарслари ўтилиши керак. Ривожланган давлатлар ХХI асрда бу борада анча илгарилаб кетишди.

Баъзан нодавлат ташкилотлар исталган ақидани, маънавият ва мафкурани тарғиб қилаверсин, деган фикрлар ҳам учраб турибди. Бу фикр ҳам, менинг назаримда, тўғри эмас. Чунки исталган ақидани тарғиб қилиш жуда хавфли оқибатларга олиб келади. Юртимизда турли диний оқимлар, секталарнинг пайдо бўлишига шу бепарволигимиз сабаб эмасми? Бунинг асоратлари ҳали ҳам миллатимизга озор бермаяптими? Шундай экан, маънавият, маънавий тарбия доимо ҳам давлатнинг, ҳам нодавлат ташкилотларнинг, энг муҳими оиланинг, ота-оналарнинг эътиборида бўлиши шарт. Узлуксиз маънавий тарбия тизими деганда ҳам биз айнан жамиятда мана шу ишга масъул бўлган таълим-тарбия муассасалари, жамоатчилик ташкилотлари ва оилаларнинг шу йўналишда олиб борадиган ишларини ўзаро мувофиқлаштирган ҳолда самарали ташкил этишни тушунишимиз керак.

Муҳаммаджон ҚУРОНОВ,

педагогика фанлари доктори, профессор

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан