Мутахассис Тошкентда топилган 1 млн долларлик хазина сирини маълум қилди

Мутахассис Тошкентда топилган 1 млн долларлик хазина сирини маълум қилди

Санъатшунос Сергей Заграевский Ўзбекистонда топилган ва қиймати 1 миллион долларга баҳоланаётган хазина тарихини сўзлаб берди, деб ёзади «Anhor.uz».

Хазинадаги кўплаб предметлар бундан 80 йил аввал йўқолгани айтилган.

Мутахассиснинг фикрига кўра, хазинанинг асосий қисмини княз Николай Константинович Романов коллекцияси ташкил этади.

«У гвардия офицери бўлган ва жирканч ишларга аралашиб қолган. Унинг онаси Александра Иосифовна ўзининг бриллиантлари йўқолганини тўсатдан билиб қолди. Маълум бўлишича, уларни ломбардга топширишган ва бу ишни буюк князнинг адютанти қилган.

Жуда катта можаро келиб чиққан, буюк князни сўроқ қилишган. Маълум бўлишича, ўғирланган бриллиантларни ломбардга топширишни у буюрган», — дейди у.

Николай Константиновичнинг айби исботланганидан сўнг у барча ҳарбий унвонларидан маҳрум этилиб, сургун қилинган. Натижада у Тошкентга келиб қолган, шу ерда тўғон, канал, мактаб ва шифохоналар қурилиши билан шуғулланган. Шундан сўнг уни кечиришган.

«Тошкентда у катта қасрда яшаган. Николайнинг қимматбаҳо буюмлар, суратлар ва бутлардан иборат коллекцияси бўлган. Революциядан сўнг коллекциянинг бир қисми музейга тушган, бир қисми эса йўқолиб қолган», — дейди Заграевский.

Шу тарзда ушбу коллекциянинг катта қисмини Ўзбекистон пойтахти марказидаги тарихий бинодан топишди.

«Кўриниб турибдики, революциядан сўнг, яъни Тошкент совет ҳукуматидан ажралиб чиққанидан сўнг уларни яшириб, кўмиб қўйишган», — дейди эксперт.

Топилган хазина баҳоланган суммани эса Заграевский жуда кам деб айтган.

«Ўйлашимча, у ерда анча катта суммага баҳоланадиган қимматликлар бор», — дейди у.

Санъатшуноснинг қайд этишича, қимматбаҳо буюмлар Россияга қайтарилиш эҳтимоли кам, сабаби топилма Ўзбекистонга тегишли, ва умуман олганда «Николай Константиновичнинг ушбу мамлакатга кўп меҳнати сингганини унутмаслик керак».

4