Мутахассислар “кибер-коронавирус” хавфидан огоҳлантиряпти

Мутахассислар “кибер-коронавирус” хавфидан огоҳлантиряпти

Коронавирус пандемияси туфайли Интернетда фирибгарликнинг шу мавзуга тааллуқли янги тури пайдо бўлди. 

“Касперский Лабораторияси” веб-контент таҳлил гуруҳи бошлиғи Константин Игнатевнинг ёзишича, фирибгарлар коронавирус мавзусидан фаол фойдаланиб, шунга алоқадор мавзуларда кўплаб спам хабар ва хатлар жўнатмоқда.

“Одамлар гўёки Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилотидан (ЖССТ) коронавирусдан эҳтиёт бўлиш чоралари кўрсатиб ўтилган хат оляпти. Интернет фойдаланувчиси ўзига жўнатилган ҳаволага босиши билан фишинг – фирибгарлик учун тузилган сайтга йўналтирилади ва ундан шахсий маълумотларини киритиш сўралади. Бу маълумотлар эса охир-оқибат фирибгарларнинг қўлига тушади”, дейди Игнатев. 

Антивируслар ишлаб чиқарувчи Avast компаниясининг тармоқдаги фирибгарликларга қарши кураш бўлимидан Луис Корронс ҳам Интернет фойдаланувчиларига ўз қурилмаларига фишинг ҳужумларини блоклаб қўядиган хавфсизлик тизимларини ўрнатишни тавсия қилди. 

Яна бир антивирус ишлаб чиқарувчи ESET компаниясининг информацион технологияларни бошқариш директори Руслан Сулаймонов нотаниш хат жўнатувчилардан келган хабарларни очиб ўтирмай ўчириб ташлашни тавсия қилди. 

“Агар сиз ичида ҳаволаси бор хат оладиган бўлсангиз, у қаерга олиб боришини текширинг. Йўналтириладиган манзилни олдиндан кўриш учун сичқончанинг кўрсаткичини ҳавола устига олиб боринг. Агар is.gd. Is.gd, bit.ly каби қисқа URL манзиллар кўринса, унга кирманг. Бундай ҳаволалар фишинг сайтларга олиб кириши эҳтимоли катта”, дея қайд этди Руслан Сулаймонов.