Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Блогернинг тил сандиғидан: Музейдаги сўзлар
3.10.2019 18:02,  
1622

80-йилларда “Ёшлик” журналида “Тил сандиғи” номли рукн бўларди. Асосан, луғатга кирмай қолган шевага хос, эскирган сўзлар маъноси изоҳлаб бериб борилган. Хўш, бу нимага керак? Тил жонли нарса ҳисобланади, у доимий ўзгаришда, ривожланишдадир. Ҳозир тилимизга чет сўзлар селдек кириб келмоқда. Ҳаттоки, ўзбекча муқобилини жойидан турғазиб, ўрнига алтернатив бўлиб ўтириб қолмоқда. Бу табиий жараёнда меҳмон сўзлар мезбон сўздан зўр чиқиб қолмаслиги учун шевалар ва тарихий сўзларимиздан, яъни илдизлардан озиқланишимиз тўғри бўлади.

Мен Қўқон шаҳри ва унинг атрофидаги туманлар аҳолиси оғзаки нутқда ишлатадиган, аммо адабий тилга унчалик кирмаган сўзларни тўплаб юраман. Марҳамат, ўқиб кўринг, таниш сўзлар учрармикан.

Аллоли – атайлаб, тезгина (азза-базза)

Бакор келмоқ - фойдаси тегмоқ

Вавақ, вавақча – лўппи юзли дўмбоққина гўдакларни эркалаб чақириш

Вала-вала – сергап, жаврақи одам; Вала-вала қилма – кўп гапирма.

Валангор – бузилган, ишга яроқсиз, абгор; ҳаммаёғи очиқ

Данап - тўйда рақсга тушувчи аёл (баъзи жойларда енгилтабиат деб таърифланади)

Даршана – эрта баҳорда маҳалла кўнгилли равишда тўпланишиб ариқ-кўчаларни тозалаш, дарахт экиш ҳашари

Дўмбаслик - дўнглик, баландлик

Гармашўрак – пишириб, устига пиёз ва зираворлар солинган нўхат

Жазвар, жазбар - линейка (ўқув қуроли)

Зибир – зовур (сбросдан келиб чиққан)

Капасассиқ – “старческий маразм”га учраган одам

Каранда - олифта, такаббур

Карилламоқ – катта кетмоқ

Кирпи - типратикан

Кўча” – маҳаллий мафия

Кўчаош – гўжа ош, оқжўхоридан тайёрланган суюқ овқат, иссиқ ҳолда устига кўк сепиб тортилади (айронлиси эмас)

Кўчат” – емлашга тайёр ёш мол

Лахтипар, лағар – бузуқ, яроқсиз, хароб

Малда, малданон – қозонда қатлама каби юмшоқ қилиб пишириладиган сўлқилдоқ нон

Мондалаб – эплаб, уддалаб

Оғзи қаттиқ - одатда баланд нарх айтувчиларни шундай сифатлашади

Опой - аёл ўқитувчи ёки тарбиячини чақириш

Ордиқ - дам олиш куни (ҳордиқ ёки отдых дан келиб чиққан бўлса керак)

Палла - сигирнинг туққандан кейинги сути, овуз, ўвуз сути

Пасод, фасод – инжиқ

Пинна – инжиқ, фитначи феълли инсонга (асосан аёл) нисбатан ишлатилади

Пойчўкир - хокисор, камтар одам

Полпис – бефаросат, бесаранжом

Посон бўлиш– башанг, кўркам кийиниш

Пудаш - пуфлаш

Пўтақари, ке(к)сақари - маҳмадона болакай

Самовар – чойхона

Сарофта - бозор-ўчар (сарфи ҳафтадан келиб чиққан)

Сепсилиш - камайиш

Тева – тепа

Фалон-пукун – фалон-пистон

Хопитиш – чўмилиш

Хоҳладим - ЗАГС

Хоҳлашган - севишган (қиз билан йигит)

Хутум – ичиқора, ҳасадгўй, фитнакаш

Чули-чули – майда-чуйда, ҳисобдан ташқарида, дегани

Шапшак - шўх, шум

Энахотин - маҳмадона қизчаларни аташади

Қир учи – энг тепа жойи

Қирпи – туллак, пихини ёрган (асосан эркак)

Қўмақай - сут кўп эмадиган дўмбоқ гўдак

Ғишава – хархаша, инжиқлик

Ҳилқинмоқ – бировнинг нарсасига ютинмоқ, кўз олайтирмоқ

Ҳовдир – ҳовлиқма, довдир

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан