Музлаган вилоятлардан овозлар: Қачон ток ва электр бўлади?

Музлаган вилоятлардан овозлар: Қачон ток ва электр бўлади?

Сўнгги йилларда аҳолининг катта қисмини ўз гирдобига тортаётган энергетик инқироз бугун ҳеч кимга сир бўлмай қолди. ОАВлар, журналист ва блогерларга республиканинг турли чеккаларида электр ва газ етишмовчилиги ҳақида шикоятлар ёғилмоқда. Жумладан, sof.uz сайтида ҳам кўпгина хабарлар йиғилиб қолди.

“Ассалому алайкум! Ака бизнинг дардимизни Сиздан бошқаси ҳам эшитадимикан? Андижон туман Хартум қишлоғи Ўрикзор МФЙда свет ўчиш авжига чиқмоқда. Сизга мурожаат қилсак, принципгами билмадим, баттар ўчиришяпти. Ака шаҳардаги кўчаларга шунча чироқ, ҳатто, дарахтларда чироқ нимага керак? Шуни қийналиб ўтирган бир маҳаллага берсин. Вилоят свет бошлиғи “чеклов бўляпти”, деяпти. Шунча кўп чекловми? Ишдан чарчаб келганимизда шомдан кейин ўчади. Фарзандларимиз “свет ёнадими?” деб дарс қилмай ухлаб қолишади. Шунчалар ҳам кўп ўчирадими?” – деб ёзмоқда андижонлик Баҳодир Муҳаммадиев.

Обуначилардан бири Янгиҳаёт туманига, чекка туман-қишлоқларга газ-свет керак, ўшанда янги ҳаёт уйғонади, деб ёзди. У яқинда Тошкентда ташкил этилган тумандан ёзаётганини эътиборга олсак, марказда ҳам электр ва газ таъминоти кўнгилдагидек эмаслиги англашилади.

Хўш, воҳа тарафларда нима гап. “Газнинг нималигини билмаймиз, эсимиз таниганимиздан бери газ йўқ. Лекин йилига бир қарздорлик чиқариб, газдан пул олади. Светимиз зўр эди, светимизни бошқа маҳалла-қишлоқларга сотувди ва бизларгаям свет ўчяпти... Ёрдам берингизлар”, деб ёзди Қашқадарёдан Малика.

“Қашқадарё, Яккабоғ свет ўчишни бошлади, газ тўғрисида гапирмаса ҳам бўлади, чорванинг тезаги бор экан, шунга ҳам шукур. Лекин светнинг йўқлиги асабни еб қўйди. Қайси асрда яшаяпмиз? 5-6 кундан бери суткасига 3-4 соат свет беряпти”, деб ёзди Низомиддин Қаҳҳоров. Тумандаги аҳвол ҳақида Анвар Шарафиевнинг маълум қилишича, “кеча суткада 4, узоғи 5 соат ёнди. Олдинги кун 8 соатлар бўлган. Ундан олдин 13 соат. Аста-секинлик билан камайиб бормоқда... Ухламай печка ёқиб чиқдим илож йўқ, соат эрталаб 3дан бери свет йўқ, мана 9 бўлди ҳам. Газ эслолмайман, охири ёшлигимда бор эди оқма газ. 15 йиллардан ҳам ошди - йўқ. Газ балон 2-3 ойда йиғиб кетади”.

Республика газининг 60-70 фоизини берувчи вилоятда газ таъминоти ночорлигича қолмоқда.

Яна водийга қайтамиз. Поп тумани Янгиобод қишлоғида суткасига 8 соат электр беришга ўтилган. “Электросетга телефон қилсам айб биздамас деяпти”, деб ёзди поплик фуқаролардан бири.

Дарвоқе, 5 йил олдин Попда қуёш фотоэлектр станцияси қуриб фойдаланишга топширилган эди. Биз ундан сўраб, “эффект бермади, шекилли, ишламаяпти, шекилли” деган жавобни олдик. Дарвоқе, ушбу инновацион электр станцияси 700 минг долларга қурилган эди.

Sof.uz вилоятларда электр ва газ таъминотига оид ўзгаришларни кузатиб боради.