Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






“На суд хабар берган ва на банк: иштирокимсиз ўтган суд қароридан норозиман”
15.07.2022 17:00,  
383

Таҳририятимизга Андижон шаҳарда истиқомат қилувчи Шохистахон Деҳқоновадан мурожаат келиб тушди.

Мурожаат мазмунига кўра, Шохистахон Деҳқонова 2018 йил 10 декабрь санаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 22 ноябрдаги “2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон, кўп квартирали уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2660-сонли қарори асосида қурилаётган Андижон шаҳар 9-сон маҳалла фуқаролар йиғини, Найман кўчаси 3-уйдан хонадон сотиб олиш мақсадида Асакабанк акциядорлик жамияти Андижон филиали билан икки томонлама шартнома имзолаб, уй харид қилади.

Дастлаб тўловлар ўз вақтида тўлаб борилади. Бироқ кутилмаганда оила боши Шавкатжон Деҳқоновнинг ишлаб турган ошхонаси ёпилиб қолади. Бу эса ўз навбатида кредит тўловларнинг қайтарилиш муддатига салбий таъсир қилади. Ш.Деҳқонов 3-4 ой мобайнида иш сўраб мурожаат қилмаган жойи қолмайди. Афсуски, бу ҳаракатлар бесамар кетгач, жорий йилнинг апрель ойида пул ишлаб кредит қарздорликларни ёпиш мақсадида Ш.Деҳқонов Россия давлатига ишлаш учун чиқиб кетишга мажбур бўлади. Шундан сўнг, мунтазам равишда кредит тўловлари ўз вақтида ёпила бошлайди.

Ш. Деҳқонованинг қайд этишича, у Асакабанк акциядорлик жамияти Андижон филиалига жорий йилнинг 29 март санасида ўша ой ва ўтган ойлардаги қарздорликларни ёпиш мақсадида 9 144 000 сўм миқдоридаги тўловни амалга оширади. Бироқ, кредит қарздорлигини ёпиш мақсадида чет элга йўл олган Ш.Деҳқоновнинг сафар харажатлари учун кўп пул сарфлангани боис, апрель ойида банкка кредитни ёпиш учун пул тўлай олмайди. Аммо иммигрант турмуш ўртоғидан пул олиши билан май ойида банкка апрель ойидаги қарздорлигини ҳам қўшиб 5.530.000 сўм миқдорида пул тўлайди. Ана шу тўловни амалга ошириш жараёнида Асакабанк акциядорлик жамияти Андижон филиали ходимлари Ш. Деҳқоновага ипотека кредити қарздорлигини вақтида тўламаганлиги сабабли “кредит қарздорликни ундириш” бўйича иш очилганлигини ва аллақачон бу бўйича суд қарори чиққанлигини хабар қилишади. Юқоридаги жараёндан буткул хабари бўлмаган Ш. Деҳқонова жуда таажжубланади. Боиси у “кредит қарздорликни ундириш” бўйича иш очилиши мумкинлиги борасида на Асакабанк акциядорлик жамияти Андижон филиалининг огоҳлантиришни ва на Андижон туманлараро судининг қандайдир чақирув хатини қабул қилиб олмаган эди.

Ш. Деҳқонова бу жараёнда дардини кимга айтишни билмай, зир югуради. Алалоқибат калаванинг учи Асакабанк акциядорлик жамияти Андижон филиали юристи Элёрбек Мирзааҳмедовга бориб тақалаётганлигини англаб, банк ҳуқуқшуносини ахтара бошлайди. Ниҳоят уч кун деганда, уни учратишга муваффақ бўлади.

Асакабанк акциядорлик жамияти Андижон филиали юристи Э. Мирзааҳмедов кредит олган Ш. Деҳқоновага банк ходимлари томонидан бир неча маротаба оғзаки равишда огоҳлантириш бўлганлигини айтиб, ишчи компьютеридан чақирувга юборган хатни кўрсатади. Ш. Деҳқонова банк ҳуқуқшуносига, ҳеч қандай чақирув хати олмаганлигини, лекин, март ойида тўлов қилганлигини, фақат у (банк юристи) судга даъво аризаси киритгандан сўнг, беш-олти кун ўтиб тўлаганлигини маълум қилиб, шу муносабат билан нега ушбу иш юзасидан киритган аризани қайтариб олмаганлигини, бу ҳақида кредит олувчини огоҳлантирмаганлигини ёки қарзни тўлаш учун маълум бир муддат қўйиб, сўнгра “кредит қарздорликни ундириш” бўйича судга мурожаат қилмаганлигини сабабини сўрайди. Бундан ташқари, банк билан мунтазам алоқада бўлиб турса-да, ушбу суд жараёнидан на ўзининг ва на кафилларининг хабари бўлмаганлигини қайд этиб, Асакабанк акциядорлик жамияти Андижон филиалидан айни пайтда қарздорлиги мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумот қоғози олиб бориб кўрсатади.

Банк юристи Элёрбек Мирзааҳмедов, тутақиб кетиб, қўпол оҳангда: — Қўлингдан келганини қил! Хоҳлаган одамингга, хоҳлаган жойинга чиқ, мен ўз ишимни қилдим. Сен тўлов қилмаганинг учун судга чиқариб юбордим. Энди буёғини суд ҳал қилади, - дея жавоб қайтаради.

Шу тариқа, Андижон туманлараро судида С.Жўрабоев раислигида “кредит қарздорликни ундириш” бўйича суд бўлиб ўтади. Суд қарорига кўра, даъвогар Асакабанк акциядорлик жамияти Андижон филиали фойдасига жавобгарлар (уй эгаси) Шохиста Деҳқонова, (кафил) Азимжон Раҳматов ва (кафил) Шавкатжон Деҳқоновдан солидар тартибда жами 276.584.692 сўм қарздорлик, қолаверса 18.900 сўм почта харажати ва 11.063.387 сўм давлат божи ундирилиши белгиланади.

Шу ўринда кредит қарздорликни солидар тартибда ундириш, жумласига қисқагина изоҳ берадиган бўлсак, бу кредит қарздорликни ундириш жараёнидаги энг сўнгги босқич ҳисобланиб, банкдан қарз олган мижозни ипотека кредитини тўлашга мутлақо шароити ва имкони бўлмай қолган тақдиридагина, гаровга қўйилган мулк ёки ипотека кредитига олинаётган мулкни аукционга қўйиб сотиш орқали кредит қарздорликни қоплаш тушунилади.

— На суд хабар берган ва на банк: иштирокимсиз ўтган суд қароридан норозиман, - деб ёзади Ш. Деҳқонова. — Боиси, кредит қарздорлигини вақтида сўндириш учун турмуш ўртоғим бегона юртда сарсон кезиб, топган пулини учма-уч кредит қарзимни ўз вақтида ёпиш учун тўлаяпман. Бундан ташқари, 4 нафар вояга етмаган фарзандларим билан бирданига уйнинг жами суммасини тўлаб сотиб олишга қурбим етмайди. Эшитдим, сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарорини қайта кўриб чиқиш учун 15 кун ичида ёки ҳал қилув қарори эълон қилинган кундан бошлаб, бир ой ичида шу суд орқали Андижон вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича, судлов ҳайъатига апелляция тартибида шикоят беришим мумкин экан. Мурожаат қилдим. Бироқ бунинг учун ҳам тўлов бор экан, қолаверса, адвокат олишим зарур бўларкан. Ўша ҳудуддаги адвокатга мурожаат қилсам хизмат ҳаққим 8 миллион бўлади, демоқда. Бошим қотган, ушовидан тушови қиммат, бу сарсонгарчиликка қандай ечим топсам экан? Наҳотки озиб-ёзиб уйли — Ватанли бўлдик, деганимизда ундан айрилиб қолсак, 4 нафар норасида болаларим билан қаерга бораман?

Мурожаат мана шу савол билан якунланган. Албатта, шу ўринда мурожаат қилган Ш. Деҳқоновани ёки Асакабанк акциядорлик жамияти Андижон филиалини, ё бўлмаса бу тўғрида қарор чиқарган Андижон туманлараро судини қайсидир жиҳатдан оқлаш ёки қоралаш фикридан йироқмиз. Бироқ, мансабимиз, мавқеимиз ва бошқа жиҳатларга қарамай барчамиз ҳам хом сут эмган бандамиз, иссиқ жонмиз. Шу боис ҳар доим ҳам хоҳишимиз имкониятларимизга мос бўлмаслиги, гоҳида бажарган ишимиз режамизга мувофиқ кетмаслиги мумкин.

Нима бўлган тақдирда ҳам яхшиликка умид қиламиз. Зеро халқимизда “қушнинг ҳам ини бузилмасин” деган нақл бор. Ушбу ҳикмат замирида уй тинч бўлса, кўнгил хотиржам, оила тотув бўлишига ишора мавжуд.

Азиз муштарий, мавзуга доир таклиф ва мулоҳазаларингизни изоҳларда кутиб қоламиз. Умид қиламизки, sof.uz таҳририяти ҳали бу мавзуга яна қайтади.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан