Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Набирангиз «Бобожон, мен Марсдан сизга ёқадиган дўппи келтирдим» дейишини истасангиз, уйда қолинг! – Профессор
28.03.2020 17:16,  
432

Тошкент давлат шарқшунослик институти Ёшлар билан ишлаш бўйича проректори, филология фанлари доктори, профессор Қудратулла Омонов коронавирус пандемиясидан қандай кучли бўлиб чиқиш мумкинлигини маълум қилди.

“Бугун дунё аҳолиси мураккаб бир даврни бошидан ўтказмоқда. Коронавирус пандемия сифатида глобал фожиага айланиб бўлди. Ер шари аҳолисининг ярим миллиондан ортиғи ҳозирда коронавирусга чалинган. Бу фожиа каттаю кичик, илғор-у қолоқ барча давлатларни қамраб олди. У учун бой-у камбағал, кучли ёки кучсиз, ривожланган ёки қолоқ деган тушунча йўқ.
Иқтисодий талофат ниҳоятда катта, ҳозирнинг ўзидаёқ кўрилган зарар 2008 йилги глобал иқтисодий инқироз давридагидан ошиб кетди.

Таниқли экспертлар таҳлилларига кўра, коронавирус пандемиясидан сўнг дунё тартиботи ўзгаради. Ривожланиш тенденциялари қайта кўриб чиқилади. Тўғрироғи, коронавирусдан кейинги янгича дунё бошланади.

Шу жиҳатдан, маърифий миллат сифатида бугунги воқеликни ижобий йўналишга солиш ва буни бизга берилган бир имконият ўлароқ қабул қилиш, ривожланиш йўлида турган биз каби миллат учун тарихий шароит сифатида қарамоғимиз керак.

Ҳозирги коронавирус ортидан келаётган хавфларни, иқтисодий инқирозни тарозининг бир палласига, иккинчи палласига эса маърифатли миллат сифатида ана шу биринчи паллага қўйилган воқеликлардан ўзимиз олишимиз керак бўладиган манфаатларни қўйиб кўрайлик.

Бундан биринчи навбатда оила, ахлоқий қадриятлар, бағрикенглик, ижтимоий бирдамлик, маънавият, тиббиёт, рақамли технологиялар тарозининг иккинчи палласида экани, шубҳасиз.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти таҳлилларига қараганда, Жанубий Корея, Хитой, Тайван, Сингапур сингари шарқ мамлакатлари коронавирусга қарши энг самарали курашаётган мамлакатлар сирасига киради. Бу ўринда ушбу мамлакатлардаги тиббиётнинг ривожланганлиги аҳамиятини пасайтирмаган ҳолда вирусга қарши курашда, энг асосийси, аҳолининг менталитети муҳим роль ўйнаганлигини, яъни қонунлар (тақиқлар)га итоаткорлик, ўзаро тушуниш, ўзаро ҳурмат катта натижа берганлигини эътироф этиш керак. Халқимизнинг дунёқарашидаги қонунларга итоаткорлик, расмий ҳокимиятга нисбатан сўзсиз бўйсуниш, ўзаро ҳурмат сингари қадриятларимизни тўғри йўналтирсак, биз ҳам тарозининг иккинчи палласида бўлишимиз, турган гап.

Профессор Қудратулла Омонов
Фото: Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги

Коронавируснинг асосий қурбонларидан бири ҳозирги кунда Италия давлати бўлиб турибди. Бу мамлакатдаги асосий қурбонлар ёши улуғлар, миллатнинг кексалиги ҳисобига тўғри келмоқда. Бу жиҳатдан ҳам биз тарозининг иккинчи палласидамиз. Ўзбекистон ёшлар мамлакати эканлиги, аҳолининг 60 фоизини 30 ёшгача бўлганлар ташкил этишини айтишнинг ўзи кифоя.

Инсоният ҳаёти мутлақо ўзгармоқда, кишилар олдинлари дуч келмаган воқеликларда қандай йўл тутиш кераклигини ҳам билишмаяпти. Ҳозирда ҳеч ким эртага қайси йўлдан кетишни билмайди, кўплаб эллар кутиш вазиятида. Илғор миллатлар эса эртанги дунё тартиботи ҳақида бош қотиришни бошлашди. Чунончи, ҳозирги замоннинг етакчи билгинларидан, исроиллик Ювал Ноа Харарининг “Коронавирусдан кейинги дунё” таҳлилий мақоласини мисол сифатида айтиш мумкин.

Коронавирусдан кейинги дунё

Энди, дўппини бошдан олиб чуқур мулоҳаза юритиш вақти келди. Биз ҳам маърифатли миллат сифатида бундан кейинги йўлимиз қандай бўлади? Шу ҳақда бош қотиришимиз керак.

Бизнингча, биринчи ўринда, фанга, таълимга, рақамли технологияларга ва соғлиқни сақлашга жуда катта эътибор қаратилмоғи керак. Ҳеч қачон йил номи бу йилгидек келажакни кўриб танланмаган эди. Нефть ёки олтин захиралари эмас, олтин бошларни тарбиялаш амалдаги энг асосий устувор мақсад бўлиши керак.

Халқимиз тафаккуридаги “Олим бўлсанг – олам сеники” деган ҳақиқатини ёшларнинг қон-қонига сингдириш керак. Жамиятимиз бу масалани осон ва қучоқ очиб қабул қилади. Чунки ўзбек фарзандини ўқишга, ўрганишга доим рағбатлантиради. Ўғил-қизи учун пулини ҳам мол-у жонини ҳам аямайди. Тўғри, у таълимнинг сифати билан қизиқмаслиги, диплом олса бўлди-да деган, ўйда бўлиши мумкин. Лекин халқнинг шу дунёқарашини ижобий йўналишга буриш, мутахассисларнинг қўлида эмасми?!

Ҳозирги тарихий шароитда эл-улус миллат ўлароқ бирлашадиган, бир тан-у бир жон бўлиб ҳаракат қиладиган вақт келди. Бундай кезларда маърифатли миллат фожиадан, инқироздан кучли, бақувват бўлиб чиқади. Ана шундай эллар қаторида ўзбекнинг ҳам бўлиши сиз-у бизга боғлиқ.

Сўзимиз якунида бугуннинг ёшларига ҳозирги воқелик билан боғлиқ қулоққа олиши керак бўладиган бир гапимиз бор: Агар келажакда – соч-у соқолингиз оқариб, бобо бўлганингизда набирангиз “Бобожон, мен Марсдан сизга ёқадиган дўппи келтирдим” дейишини истасангиз, бугун уйда қолинг, тинмай ўқинг, уқинг, ўзлаштиринг!“

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан