Наманганда кобальт ва тез ёрдам машиналари иштирокида авария содир бўлди

Наманганда кобальт ва тез ёрдам машиналари иштирокида авария содир бўлди

Фото: Наманган вилояти ИИБ ахборот хизмати

Наманган вилояти ИИБ ахборот хизматининг маълум қилишича, вилоятда «Махсус стикерга эгаман, йўлларда автомобиллар кам, тезликни оширсам ҳеч нарса қилмайди», қабилида иш кўраётганлар хам йўқ эмас.

Хусусан, Наманган шаҳрида яшовчи фуқаро 26 июль куни ўзига тегишли бўлган Кобальт русумли автомашинасини махсус стикер орқали Олмазор кўчасида бошқариб кетаётиб, ҳаракат хавфсизлигини таъминлай олмай қарама қарши томондан келаётган Дамас русумли тез ёрдам машинасига бориб урилган. Натижада Кобальт ҳайдовчиси кўкрак қафаси юмшоқ тўқимаси лат ейиши билан шикастланган.

Тез ёрдам ҳайдовчиси эса оғир қўшма шикаст, бош мия ёпиқ шикасти, ўнг оёқ сон суягини ёпиқ синиши ташхиси билан шифохонага ётқизилган.

Тез ёрдам автомашинасида йўловчи сифатида кетаётган фуқаро эса оғир тан жароҳати олиб кўрсатилган тез тиббий ёрдамга қарамай шифохонада вафот этган. Ҳозирда ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

«Вафот этган марҳумнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз. Ҳайдовчилардан эса йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиб, автомобиль тезлигини оширмасликларини сўраб қоламиз. Зеро ҳайдовчининг рулдаги ҳаракати ўзи ва ўзганинг ҳаётига зомин бўлмасин» - дейилади ИИВ хабарида.