Наманганда «колготки» таққан босқинчилар катта миқдордаги пул ва тилла буюмларни талон-торож қилди

Наманганда «колготки» таққан босқинчилар катта миқдордаги пул ва тилла буюмларни талон-торож қилди

Фото: ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти

2020 йилнинг 7 июль куни Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани ИИБга тушган хабар келиб тушган.

Унга кўра, шу куни соат 3:00 ларда «Бураматут» МФЙ, Янгиобод кўчаси уйларнинг бирига 4 нафар номаълум шахслар юзларига аёллар пайпоғини ниқоб сифатида кийиб, уйнинг девор қисмини бузиш орқали кириб, темир бўлаги ва ошхона пичоғи билан қуролланиб, хонадонда бўлган уй эгаси, унинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларига ҳужум қилади. ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментининг маълум қилишича, босқинчилар уй эгаларининг қўл ва оёқларини ип билан боғлаб, темир бўлаги билан уриб, тан жароҳати етказиб, пул беришни талаб қилади ва хонадонда бўлган 11.400 АҚШ доллари, 100.000.000 сўм нақд пулларни ҳамда 61.390.000 сўмлик турли кўринишдаги тилла буюмларини босқинчилик йўли билан талон-торож қилиб, ҳодиса жойидан номаълум томонга яширинади.

Ҳодиса жойига зудлик билан тергов-тезкор гуруҳи чиқиб, ҳолатни синчиклаб ўрганиб бир қатор излар ва ашёвий далиллар расмийлаштириб олинган.

Фото: ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти

Бу орада судга оид тиббиёт экспертизаси тайинланиб уй эгаси И.Ў.да баданида пешона суягининг очиқ синиши, бош мия тўқималарининг лат ейиши кўринишидаги жароҳатлар мавжудлиги, турмуш ўртоғи М.Х.да эса пешона ва энса соҳасида эзилган жароҳатлар мавжудлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат бўйича номаълум шахсларга нисбатан 7 июль куни Тўрақўрғон туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 164-моддаси 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси иш юритувига олинган.

Фото: ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти

Олиб борилган тергов ва тезкор қидирув тадбирлари давомида ушбу жиноятни 53 ёшли Ғ.Қ. 44 ёшли У.Ю., 29 ёшли Ж.Т. ва 35 ёшли Ш.Т.лар содир этилганлиги аниқланиб, барчаси процессуал тартибла ушланган.

Ўз навбатида Ғ.Қ.нинг яшаш манзилидан, тинтув давомида битмаган хона деворининг ғиштлари орасида 70.000.000 сўм пул, 10.000 АҚШ доллари ҳамда ерга кўмиб қўйилган тилла тақинчоқлар ашёвий далил тариқасида холислар иштирокида расмийлаштириб олинган.

Фото: ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти

Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.