Наманганда масжидларда фуқароларни тунаган шахс қўлга олинди

Наманганда масжидларда фуқароларни тунаган шахс қўлга олинди

Фарғона вилоятида туғилган Шуҳрат Мардонов аввал ҳам ўғрилик, гиёҳвандлик каби жиноятларни содир этиб, беш марта судланган. Бу гал у бировнинг машинаси ёки уйига яширинча кирмади, балки масжидда ибодат қилаётган фуқароларнинг буюмларини ўғирлади. Бу ҳақда «Дарё» нашрига Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судининг судьяси Нозимжон Аюбжанов маълум қилди.

У 2019 йил 9 июнь куни соат 12:30 да Наманган шаҳри, Марғилон кўчасида жойлашган «Махдум Эшон» жоме масжидига намоз ўқиш баҳонасида кириб, масжид ҳовлисида турган Исмоил Юлдашевга тегишли Германияда ишлаб чиқарилган 850 000 сўмлик велосипедни ўғирлаб кетиб, воқеа жойидан яширинади.

16 июль куни соат 12:50 да Наманган шаҳри, «Мингчинор» МФЙда жойлашган «Абу Юсуф» масжидига бориб, у ердагилар намоз ўқиётганлигидан фойдаланиб, Музаффар Мамадалиевга тегишли ён сумкани ўғирлаб олиб чиқиб кетади. Унда 800 долларлик iPhone Х русумли телефон, 60 долларлик Samsung телефони, 80 долларлик овоз узатгич, икки дона пластик карта, 200 АҚШ доллари ва 100 000 сўм бўлган.

21 июль куни Шуҳрат Мардонов соат 13:30 да Наманган шаҳрида жойлашган «Шайх Эшон» масжидига боради ва у ерда Муҳаммад Дедамирзаевга тегишли бозор нархи 1 300 000 сўм бўлган велосипедни ўғирлаб кетади.

У ўғирлаган нарсаларни арзон нархга сотиб, пулларни эҳтиёжи учун ишлатиб юборади. Буюмлари ўғирланган фуқаролар эса ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига ариза билан мурожаат қилади.

Олиб борилган суриштирув-тергов жараёни ва масжидларнинг кириш қисмида ўрнатилган кузатув камералари ёрдамида Шуҳрат Мардоновнинг шахси аниқланиб, қўлга олинди. Унга нисбатан ЖКнинг 169-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов якунлангач, иш Жиноят ишлари бўйича Наманган судига юборилди.

Судда жабрланувчи Музаффар Мамадалиев ва Муҳаммад Дедамирзаев пул ва буюмларидан воз кечган бўлса-да, Шуҳрат Мардоновга нисбатан чора кўришни сўраган. Исмоил Юлдашев эса моддий зарарни ундириш ва қонуний чора кўришни сўраган.

ЖИБ Наманган шаҳар суди Шуҳрат Мардоновни ЖКнинг 169-моддаси 3-қисми «а» банди билан айбли деб топиб, жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар суди томонидан 2019 йил 9-сентябрда тайинлаган жазони қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун 6 йил ва 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Жазони қаттиқ тартибли колонияда ўташ белгиланди.

624