Наманганда ўсмир бола 3 кишини автомобилда уриб юборди

Наманганда ўсмир бола 3 кишини автомобилда уриб юборди

Фото: Тергов департаменти

Наманган вилояти Норин туманида 16 ёшли вояга етмаган шахс Damas автомобилини бошқарган ва уч нафар пиёда ҳаракатланиб келаётган аёлларни уриб юборган. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар бермоқда.

Ҳодиса 28 июнь, якшанба куни Норин тумани Қоратери МФЙ ҳудудида содир бўлди.

16 ёшли Э.М. онасига тегишли бўлган Дамасни бошқариб кетаётганда, маҳалланинг ички йўли бўйлаб юрган учта пиёдани уриб юборган.

Натижада 38 ёшли С.Қ., олган жароҳатлари билан ҳодиса жойида вафот этган, 44 ёшли И.С., чап оёқ сон суягини ёпиқ синиши, 43 ёшли М.Р. эса бош мия чайқалиши каби жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.

Ҳолат юзасидан Норин тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.