Наманганда янги туман ташкил этилди

Наманганда янги туман ташкил этилди

Фото: Миллий ахборот агентлиги

Наманган вилояти Наманган шаҳар таркибида Давлатобод тумани қайтадан ташкил этилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг 8 сентябрда бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишида маълум қилинди, дея хабар беради Қонунчилик палатаси матбуот хизмати.

Давлатобод тумани таркибига Наманган шаҳрининг «Юксалиш», «Наврўз», «Нуробод», «Гулшан», «Орзу», «Порлоқ», «Навбаҳор», «Мустақиллик», «Тўқувчи», «Умид», «Янги тонг», «Халқлар дўстлиги», «Давлатобод», Қуйи Ғирвон», «Юқори Ғирвон», «Ўрта Ғирвон», «Боғ», «Элобод», «Гулобод», «Ирвадон», «Шишаки», «Қуйи Ровустон», «Ўрта Ровустон», «Юқори Ровустон» ва «Елхон» маҳаллалари ҳудудлари ўтказилиши назарда тутилмоқда.

Аввалроқ, 26-27 июнь кунлари Шавкат Мирзиёевнинг Наманган вилоятига ташрифи давомида Давлатобод туманини қайтадан ташкил этиш масаласи кўтарилган эди.

“Наманган шаҳрида бугунги кунда расман 630 минг киши истиқомат қилмоқда. Амалда 800 мингдан кўп. Миллиончи шаҳар бўлиш яхши, мана, Самарқанд ҳам бунга интиляпти. Лекин аҳоли сони кўпайган сари шунга яраша ҳал этилиши зарур бўлган масалалар кўлами ҳам ортиб боради. Шу боис Наманган шаҳрида Давлатобод туманини қайта ташкил этиш таклиф қилинмоқда”, — деган эди давлат раҳбари.

Маълумот учун, Наманган шаҳри таркибида аввал ҳам Давлатобод тумани бўлган, бироқ 2004 йилда ушбу туман тугатилганди.