Наманганлик йигит битта телефон учун тенгдошини ўлдириб, чиқиндилар орасига кўмиб юборди

Наманганлик йигит битта телефон учун тенгдошини ўлдириб, чиқиндилар орасига кўмиб юборди

Фото: Яндекс

Наманган вилояти Чуст туманида яшовчи 1995 йилда туғилган Д.Ибрагимов тенгдошини қасддан ўлдиришда гумонланиб қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура “Дарё”га маълум қилди.

Таъкидланишича, “Дўстлик” маҳалласида яшовчи 1995 йилда туғилган Х.Солижонов таниши Д.Ибрагимовга муқаддам сотган уяли телефон аппарати пулларини олиш учун унинг олдига бориб қайтиб келмаган. Ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-модда (Қасддан одам ўлдириш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Тергов давомида Д.Ибрагимов Чуст тумани “Садача” маҳалласидаги қурилиш материаллари ишлаб чиқариш цехида Х.Солижонов билан ўзаро жанжаллашиб, олдида бўлган темир бўлаги билан унинг юз ва бош қисмларига бир неча маротаба ургани аниқланган.

Шундан сўнг Д.Ибрагимов тенгдошини шу ердаги маиший чиқиндилар орасига кўмиб юборган.

Жиноят иши бўйича Д.Ибрагимов Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан гумон қилинувчи тариқасида ушланган.