Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Нақд пулга бўлган талаб нега ошмоқда?
14.07.2022 19:51,  
143

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти экспертлари томонидан сўнгги ойларда республикамизда нақд пулга бўлган талаб ошишига сабаб бўлаётган омиллар таҳлил қилинди.

Нақд пулга талабнинг ўзгаришига узоқ муддатли омиллар билан бир қаторда мавсумий иқтисодий фаолликнинг ошиши, чет элдан пул ўтказмалари миқдори, валюта курслари ҳамда банк депозит фоиз ставкалари таъсир кўрсатади.

  1. Мавсумий иқтисодий фаолликнинг ошиши

2017-2022 йиллар давомида муомаладаги нақд пул миқдори 13,2 трлн. сўмдан 36,9 трлн. сўмгача (01.06.2022 йил ҳолатига) ошиб, 2,8 баробарга кўпайди. Буни асосан иқтисодий ўсиш, демографик ўзгаришлар ва молия секторининг ривожланиши (банкоматлар, тўлов терминаллари) каби узоқ муддатли омиллар билан изоҳлаш мумкин. Бундан ташқари, 2017 йилдан олдинги йилларда нақд пул тақчиллиги сабабли вужудга келган “кечиктирилган” талабнинг қондирилиши муомаладаги нақд пул миқдорининг сезиларли даражада ошишига сабаб бўлди. Ушбу омиллардан ташқари мавсумий омиллар ҳам мавжудки, улар нақд пулга бўлган талабнинг ошишига ёки камайишига сабаб бўлади.

Муомаладаги нақд пуллар ўзгариши

/media/in_content_images/1_szwbC8Y.jpg_image

1-расмда кўриниб турганидек, 2017 йилдан бошлаб пул-кредит соҳасида ислоҳотлар бошланиши билан нақд пулга бўлган талаб ўзгаришида мавсумийлик кузатила бошланди. Йилнинг апрель-май ойларидан бошлаб, ноябрь ойига қадар аҳолининг нақд пулга талаби ошади. Бу эса мазкур даврда аҳолининг иқтисодий фаоллиги жадаллашишидан далолат беради. Мисол учун, мазкур даврда тўй ва маросимлар сонининг кўпайиши, қурилиш ишларининг тезлашиши, ёзги пишиқчилик, дам олиш ва улар билан боғлиқ харажатларнинг катта қисми нақд пулда амалга оширилиши аҳолининг нақд пулга бўлган талабига мавсумий босим кўрсатади. 

Одатда ой бошида даромад олган шахс даромадининг бир қисмини бир муддат нақд пул кўринишида ёки юқори фоизли депозитлар (облигациялар) кўринишида сақлаши мумкин. Бундан ташқари, ой бошида олинган даромад шу давр мобайнида тенг равишда сарфланиши мумкин. Шунинг учун, нақд пулга бўлган талабга иш ҳақи тўланадиган сана ва истеъмолчиларнинг сарф-харажатлари таъсир қилади, бу “ой ичидаги эффект” дейилади (Баумол-Тобин модели). Шунингдек, нақд пулга бўлган талабга мавсумий равишда байрам ва дам олиш кунлари ҳам таъсир кўрсатади. Қурбон ҳайити давомида нақд пулга талабнинг ошиши бунга яққол мисол бўла олади.

  1. Чет элдан пул ўтказмалари ва валюта курси ўзгариши

Чет элдан пул ўтказмалари ва ушбу валюталарни сўмга алмаштириш аҳоли қўлидаги нақд пуллар миқдорини ошишига сабаб бўлади. 2021 йилда Ўзбекистонга 8,1 млрд. АҚШ доллари миқдорида валюта маблағлари жўнатилган эди. Жорий йилнинг 5 ойида пул ўтказмалари ҳажми 4,19 млрд АҚШ долларига етиб, 2021 йилнинг 5 ойига (2,61 млрд АҚШ доллари) нисбатан 61 фоизга (1,58 млрд АҚШ долларига) ошди.

2022 йил 24 мартидан бошлаб доллар курсининг туша бошлаши билан аҳолининг валюта жамғармаларини сўмга алмаштириш бўйича трансакциялари сони ортиб борди. Жорий йилнинг январь-май ойларида банклар томонидан жисмоний шахслардан 4,32 млрд АҚШ доллари миқдорида хорижий валюта сотиб олинди ва бу ўтган йилнинг мос давридагига (2,72 млрд АҚШ доллари) нисбатан 59 фоиз кўп ҳисобланади. Бу эса маълум даражада муомаладаги нақд пуллар миқдорининг март ойида 1,9 трлн. сўмга, апрель ойида 5,3 трлн. сўмга, май ойида 3,7 трлн. сўмга кўпайишига олиб келди.

Ушбу тенденция шундан далолат берадики, узоқ муддатда нақд пулга талаб ва валюта курси ўртасида тескари алоқа мавжуд. Яъни миллий валютанинг хорижий валюталарга нисбатан қадрининг мустаҳкамланиши ёки барқарорлигини сақлаб туриши долларлашув даражасини камайтириб, миллий валютага бўлган талабни оширади.

Сўмнинг 1 АҚШ долларига нисбатан алмашув курси

/media/in_content_images/2_G664Q2s.jpg_image

      3. Долларлашув даражасининг камайиши

Долларлашув миллий валюта билан бир қаторда бирор бир хорижий валютадан тўлов воситаси, ҳисоб бирлиги ва қийматни сақлаш воситаси сифатида фойдаланиш деб таърифланади. Катта ҳажмдаги олди-сотди операцияларини (уй-жой, машина олди-сотдиси) хорижий валютада (АҚШ доллари, евро) амалга оширилганда, ўз-ўзидан миллий валютага талаб камаяди. 

Шу боис, аҳоли томонидан хорижий валюталар сотуви ҳажмининг ортиши ва пировардида муомаладаги нақд пулларнинг кўпайиши мамлакатда долларлашув даражасининг камаётганидан ҳам далолат беради. Бошқача айтганда, ички валюта бозорида сўмнинг АҚШ долларига нисбатан қадрининг ошиши ортидан аҳолининг кўпчилиги валютадаги жамғармаларини миллий валютага ўтказишни афзал кўра бошлашди. Валюта курси барқарорлиги сақланиб турган бир шароитда 2022 йил 15 июлдан 200 000 сўмлик банкноталарининг муомалага чиқарилиши катта ҳажмдаги нақд ҳисоб-китобларни осонлаштириб, долларлашув даражасини янада камайишига хизмат қилиши мумкин.

  1. Нақд пул улуши камайиши

Таҳлил натижалари шуни кўрсатмоқдаки, муомаладаги нақд пуллар ҳажми сезиларли даражада кўпайганига қарамасдан, унинг кенг маънодаги пул массаси (М2)[1] таркибидаги улуши камаймоқда. Ушбу кўрсаткич 2017 йилнинг 1 июнь ҳолатига кўра 31,2 фоизни ташкил этган бўлса, 2022 йилнинг 1 июнига келиб 23 фоизгача камайди. Ушбу кўрсаткичлар шундан далолат берадики, аҳоли ва тадбиркорлик вакиллари ўртасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар сони ҳам, ҳажми ҳам ортиб бормоқда.

Кенг маънодаги пул массаси таркибининг ўзгариши

/media/in_content_images/3_RzdDuWK.jpg_image

Чунки, сўнгги 4 йилда муомаладаги банк карталари сони 1,7 баробарга (01.06.2018 йил ҳолатига 17,5 млн донадан 01.06.2022 йил ҳолатига 29,4 млн. донага), ўрнатилган тўлов терминаллари сони 1,8 баробарга (241 мингтадан 433,2 мингтага), ўрнатилган банкомат ва инфокиоскалар сони 2,7 баробарга (6,1 мингдан 16,7 мингга) ошди. 2022 йил январь-май ойлари давомида тўлов терминаллари орқали тушган тушумлар ҳажми 58,2 трлн. сўмга етди ва 2021 йилнинг мос даврига (39,9 трлн. сўм) нисбатан 1,5 баробарга (2018 йилнинг январь-май ойларига (23 трлн. сўм) нисбатан 2,5 баробарга) ошди.

Хулоса қилиб айтганда, сўнгги ойларда нақд пулга бўлган талабнинг ортиши мавсумий характерга эга ва ушбу тенденция ноябрь ойидан бошлаб камая бошлайди. Ҳозир муомаладаги нақд пуллар ҳажмининг ортишига мавсумий иқтисодий фаоллик билан биргаликда чет элдан пул ўтказмаларининг ошиши, валюта курсининг барқарорлашуви ва долларлашув даражасининг камаётгани таъсир кўрсатмоқда.      

М2 ўз ичига муомаладаги нақд пулларни (банк тизимидан ташқаридаги) ҳамда бошқа молиявий ташкилотлар, давлат номолиявий ташкилотлар, хусусий сектор ҳамда аҳолининг миллий валютадаги ва чет эл валютасидаги талаб қилиб олингунча, жамғарма ва муддатли депозитларини олади.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан