Нархи кескин ошган шакар, ёғ ҳамда гўшт ва картошка вақтинча ҚҚСдан озод этилади

Нархи кескин ошган шакар, ёғ ҳамда гўшт ва картошка вақтинча ҚҚСдан озод этилади

Коранавирус пандемияси даврида аҳоли, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ва истеъмол бозорида нархларнинг барқарорлигини таъминлаш мақсадида Солиқ кодексига қўшимчалар киритилмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев маълум қилди.

Киритилаётган ўзгаришларга биноан, 2020 йил 15 октябрдан бошлаб қуйидаги маҳсулотлар қўшилган қиймат солиғидан озод этилади:

  • 2021 йил 1 январгача муддатга шакар ва шакар ҳом ашёсини Ўзбекистонга олиб кириш, шунингдек уни реализация қилиш айланмалари;
  • 2021 йил 1 июлгача муддатга Ўзбекистон Республикасига картошка, ўсимлик ёғи, гўшт (мол гўшти, қўй гўшти, товуқ гўшти ва бошқалар), ҳайвонларни (қорамол ва парранда) тирик ҳолда ва уларни сўйишдан олинган маҳсулотларни олиб кириш, шунингдек уларни реализация қилиш айланмалари.

Бу тартиблар четдан маҳсулот олиб кириш билан бирга ички бозорда шу билан шуғулланаётган тадбиркорларимиз учун ҳам қўлланиши кўзда тутилмоқда. Шу сабабли қонун лойиҳаси матни кейинги ўқишларда таҳририй жиҳатдан ўзгартирилди.

Ушбу қонун лойиҳаси депутатлар К. Эрназаров, М. Қурбонбоев, А. Умиров ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва “Бу бозорларда ошиб бораётган ўсимлик ёғи, гўшт ва бошқа истеъмол маҳсулотларининг нархи пасайиб, барқарорлашига олиб келиши зарур”, - дея умид қилган депутат Кушербаев.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди. Лойиҳани шу ҳафта сўнггида кутилаётган Сенат ялпи мажлисига киритиш режалаштирилган.

Аввалроқ, сентябр ойининг оҳирги ўн кунлигида ички бозорлардаги шакар, ёғ ва тухум нархлари кескин ошганлиги ҳабар қилинган эди. Ушбу маҳсулотлар нархларининг 15% дан 30% гача ошиши сабаблари юзасидан Монополияга қарши кураш қўмитаси изоҳ берган.

Шу билан бирга Давлат статистика қўмитасининг сентябр ойи бўйича берган ҳисоботида маҳсулотларнинг кескин ошиши ҳисобга олинмаган. Давстатқўм ҳисоб-китобига кўра, сентябр ойида тухум 6,5% га, Ёғ-мой маҳсулотлари 2,3% га, шакар 0,5 га қимматлашган. Бозорлар эса бу ҳисоботга ишонмаяпти.