Навоийда деярли 200 миллион сўмлик сув қувурларини ўғирлаганлар ушланди

Навоийда деярли 200 миллион сўмлик сув қувурларини ўғирлаганлар ушланди

Фото: ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти

Навоий вилоятида 2020 йилнинг 9 февраль кунидан 14 февраль кунига қадар бўлган вақт оралиғида номаълум шахслар, Навоий кон металлургия комбинати Ташқи сув таъминоти бошқармаси ҳисобидаги молларни талон-тарож қилган.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментининг хабар беришича, улар “Караката насос станцияси”га қарашли темир сув қувурларининг Конимех тумани “Караката” овул ҳудудидан ўтган қисмидан 2 457 метр бўлган темир сув қувурларини ернинг устки қатламига чиқиб очилиб қолган жойларидан кесиб олиб, яширин равишда талон-торож қилган ва жами бўлиб 196.959.116 сўмлик моддий зарар етказган.

Фото: ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти

Ҳолат юзасидан Конимех тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми “а” банди (жуда кўп миқдордаги ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлари давомида мазкур жиноятни муқаддам судланган 33 ёшли Ш.О., 34 ёшли Ф.К. ва Б.Р. лар томонидан содир этилганлиги аниқланган.

Жиноят иши бўйича Ш.О., Ф.К. ва Б.Р. ларга тегишли модда билан айб эълон қилиниб, “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.