Навоийда германияликлар билан ҳамкорликда тарихий фильм суратга олинади

Навоийда германияликлар билан ҳамкорликда тарихий фильм суратга олинади

Фильмда ибтидоий одамлар ва ўша даврдаги икки жанговар қабила раҳбарлари фарзандлари ўртасидаги муҳаббат қиссаси тасвирланади.

Навоий вилояти Туризм бошқармаси бошлиғи Жавлон Ҳасановнинг маълум қилишича, фильмни суратга олиш ишлари жорий йил декабрида бошланади. Лойиҳанинг умумий қиймати 12 млрд сўм.

«Кино 2 йил давомида германиялик продюсер ва режиссёрлар билан ҳамкорликда тасвирга олинади. Фильмни ҳозирча, биринчи сценарий бўйича «Қоялардаги муҳаббат» деб номлаш кўзда тутилган. Бундан кўзланган асосий мақсад – 7 минг йиллик тарихга эга петроглиф (қоятошдаги расм)ларимизни кенг оммага, умуман олганда дунёга тарғиб қилиш ва тарихий меросимизни етказишдан иборат.

Сармишсой дарасидаги қадимий петроглифларда халқимизнинг ўтмишдаги яшаш тарзи, менталитети ва нималар билан шуғуллангани тасвирланган. Тошлардаги суратларда камондан ўқ узаётган, ов ёки чорвадорлик билан шуғулланаётган одамлар акс этган. Улар 7 минг йилдан бери сақланиб келмоқда.

Ҳозирги кунда 10 мингдан зиёд петроглифлар мавжуд. Айни пайтда музей бошқармаси ва вилоят туризмни ривожлантириш бошқармаси билан бирга ҳар бирининг тарихи бўйича алоҳида каталоглар тайёрланмоқда», – деди Жавлон Ҳасанов 16 ноябрь куни Навоий вилоятидаги пресс-турда.

«Ўзбеккино» агентлиги 3 сентябрь куни берган маълумотга кўра, фильм постановкачи режиссёри Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Ҳамидулла Ҳасанов бўлади. Сценарий Анвар Иргашев ва Юлия Медведовская қаламига мансуб.