Навоийда қатор ички ишлар ходимлари ишдан бўшатилди

Навоийда қатор ички ишлар ходимлари ишдан бўшатилди

Ички ишлар вазири бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан Навоий вилоятида ўтказилган ўрганишлар якуни бўйича Ички ишлар бошқармасида кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди, деб хабар беради Навоий вилояти ИИБ ахборот хизмати.

Унда Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов, вилоят ҳокими Қобул Турсунов, вилоят ва шаҳар-туман сектор раҳбарлари, жумладан, ички ишлар, прокуратура, солиқ, шунингдек, жиноят ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси учун масъул бўлган барча давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари иштирок этди.

Йиғилиш давомида ўз хизмат вазифаларни бажаришда масъулиятсизлик ва бепарволик билан ёндашиб, хизмат вазифасини лозим даражада бажармаганлиги учун Навбаҳор тумани ИИБ бошлиғи Ш.Исматов, Томди тумани ИИБ бошлиғи Б.Бозоров, Қизилтепа тумани ИИБ бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари А.Адизов, Хатирчи тумани ИИБ бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Ш.Исматов, Хатирчи тумани профилактика инспекторлари А.Амонтошев ва Ш.Облаевлар, 11-сонли жазони ижро этиш колонияси бошлиғи ўринбосари З.Сувонов, 5-сонли жазони ижро этиш колонияси бошлиғи ўринбосари З.Латипов эгаллаб турган лавозимларидан озод қилинди. Шунингдек, бир қатор ходимларга интизомий жазо чоралари қўлланилди.

Йиғилишда асосий эътибор 2019 йил давомида ва жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда жиноятчиликка қарши кураш ва ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш борасида ҳамкорликда амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарадорлигига қаратилиб, аҳоли тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ва фуқароларнинг мол-мулкларини ишончли муҳофазалаш, ёшлар иштирокидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган камчиликлар танқидий таҳлил қилинган.

Учрашув якунида сўз олган вилоят ҳокими йиғилишда таъкидланган камчиликлар юзасидан фикр билдириб, келгусида ушбу йўналишдаги ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш, жиноятчиликка қарши кураш ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш бўйича йўл хариталарни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш юзасидан мутасаддиларга тегишли кўрсатма ва топшириқлар берди.