«Нефт база»га раҳбарликка тайинлаш учун 50 минг доллар талаб қилган ИИБ майори қўлга олинди

«Нефт база»га раҳбарликка тайинлаш учун 50 минг доллар талаб қилган ИИБ майори қўлга олинди

Давлат хавфсизлик хизмати идоралари томонидан Прокуратура ва Ички ишлар органлари билан ҳамкорликда коррупция ва фирибгарлик билан боғлиқ ҳолатга чек қўйилди.

Аниқланишича, Тошкент вилояти Янгийўл туман ички ишлар бўлимининг майор унвонидаги масъул ходими маҳаллий фуқарони «Чинобод нефть база» масъулияти чекланган жамиятининг филиалларидан бирига раҳбарликка тайинланишида ёрдам беришини айтиб, бунинг учун ундан 50 минг АҚШ доллари талаб қилади.

ДХХ ходимларининг Прокуратура органлари билан ўтказган тезкор тадбири давомида у келишилган пулдан 10 минг АҚШ долларини Тошкент шаҳрида жойлашган Ички ишлар вазирлиги марказий госпитали ёнида олаётган вақтида ушланди.

Ҳозирда аниқланган ҳолат юзасидан Жиноят Кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари доирасида ушбу ноқонуний ишга алоқадор бўлган шахсларни аниқлаш бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.