Нефт ва газ саноатидаги тизимли ўзгаришларнинг биринчи босқичи якунланди

Нефт ва газ саноатидаги тизимли ўзгаришларнинг биринчи босқичи якунланди

Ўзбекистондаги нефт ва газ давлат концерни “Ўзбекнефтегаз” АЖда тизимли ўзгаришларнинг биринчи босқичи якунланди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар бермоқда.

Янгиланган “Ўзбекнефтегаз” энди фақат нефт ва газ қазиб олиш ва ишлаб чиқариш билан шуғулланади.

“Ўзбурғунефтегаз”, “Ўзнефтқазибчиқариш”, “Ўзнефтмаҳсулот”, “Ўзнефтгазмаш”лар “Ўзбекнефтегаз” акциядорлик жамияти таркибига киритилди.

“Ўзтрансгаз” “Ўзбекнефтегаз” таркибидан чиқарилди ва табиий газни сотиш, сотиб олиш ҳамда етказиб бериш бўйича мамлакатдаги ягона оператор этиб тайинланди. “Ўзбекнефтегаз”нинг “Ўзтрансгаз”даги улушлари давлат активларини бошқариш агентлигига берилди.

Шунингдек, “Ўзтрансгаз”нинг ҳудудий филиаллари негизида “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ташкил қилинди ва давлат активларини бошқариш агентлиги унинг акциядори этиб белгиланди.

Янгиланишлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 июлидаги “Аҳоли ва иқтисодиётни энергия ресурслари билан барқарор та’минлаш, нефт-газ тармоғини молиявий соғломлаштириш ва унинг бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4388 сон қарори билан амалга оширилди.

Шунингдек, қарорда “Ўзбекнефтегаз”нинг асосий фаолияти доирасига кирмайдиган бир қатор мол-мулклари компания тасарруфидан чиқарилиши кўзда тутилган ҳамда компания иккинчи даражали фаолият турлари билан шуғулланмаслиги белгиланган. Жумладан, “Ўзнефтмаҳсулот” АЖ таркибидаги 1381 та АЁҚШлар аукцион орқали хусусийлаштирилиши; “Ўзбекнефтегаз” таркибига кирувчи ташкилотларнинг бозорлар, савдо ва чорвачилик комплекслари маҳаллий ҳокимят органларига берилиши қарор қилинган эди.

Аввалроқ, “Ўзбекнефтегаз” АЖ келаси йилда $1 млрд. ҳажмида евробонд чиқаришни режалаштираётгани хабар қилинган эди.