Сешанба куни нефтнинг жаҳон нархлари деярли 1,5 фоизга пасайганини кўрсатиб, сўнгги чоракдаги умумий тенденцияни давом эттирмоқда ва, хусусан, савдо маълумотларига кўра, WTI бренди бир баррель учун 80 доллардан арзонроқ сотилмоқда.
Тошкент вақти билан соат 16:12 ҳолатига кўра, Брент маркали нефтнинг март фьючерслари нархи 1,4 фоизга тушиб, бир баррель учун 84,71 долларни, WTI февраль фьючерслари эса 1,43 фоизга тушиб, 79,11 долларни ташкил қилди.
Ўтган йил охирида Брент 8,8 фоизга, WTI 5,5 фоизга ошган. Аммо фақат тўртинчи чоракда нефть нархи мос равишда 3,3% ва 4% га тушди. Жаҳон иқтисодиётидаги рецессия хатарлари эса хомашёга бўлган талабнинг юқори бўлиши ҳақидаги умидларни бузишда давом этмоқда. Жаҳон марказий банклари инфляцияга қарши курашда қайта молиялаш ставкаларини оширишга мойил, бу эса бундай қўрқувни кучайтиради.
Бундан ташқари, йирик нефть импортчиси Хитойда covid ҳолатлари кўпаймоқда, бу ҳам иқтисодий истиқболга оид ноаниқликни қўллаб-қувватлайди.
Айни пайтда, доллар бошқа бир қатор жаҳон валюталарига, масалан, еврога нисбатан ўсиб бормоқда. Доллар индекси эса 1,25 фоизга кўтарилиб, 104,82 пунктга етди. Бу омил нефть котировкаларига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин, чунки бу бошқа валюталар эгалари учун товарларга, шу жумладан нефтга бўлган талаб учун ноқулай ҳисобланади.