Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Нега “Алпомиш” достонининг бурилиш нуқтасига солиқ муаммоси қўйилган?
22.07.2022 10:57,  
268

Инсоният тарихига назар ташласангиз солиқчилик тизими нақадар қадимий соҳа эканлигини англаб етасиз. Одамлар гуруҳ бўлиб шаклланар экан, уларнинг қулайлиги эвазига мунтазам тўловлар ундириб келинган. Мисол учун, маълум бир ҳудудда яшаганлиги, бирор буюм,сув ёки жойдан фойдаланганлиги ва бошқа шу каби ҳолатларда солиқлар ундирилган.

Солиқларнинг шакллари, турлари, тўлов тизимлари, аҳамияти Ўрта Осиё ҳудудларида дунёнинг энг қадимги давлатлари, хусусан қадимги Миср, Рим, Хитой, Ҳиндистон давлатларидаги каби  тарихнинг узоқ даврларига бориб тақалади.

Инсоният доимий тарзда тўлашга одатланиб келган солиқларнинг ҳам кўп йиллик ривожланиш тарихи бор. Расмий равишда биринчи солиқ йиғими жорий этилиши милоддан аввалги учинчи минг йилликда қадимги Мисрда шаклланган бўлиб, Библиянинг 47-бўлимида айтилишича, Миср фиръавнлари аҳолини етиштирган ҳосилнинг бешдан бир қисмини солиқ сифатида тўлашга мажбур этишган.

Ўрта Осиё жумладан, Ўзбекистон ҳудудидаги солиққа оид илк муносабатлар милоддан аввалги II-I асрларда Хитой билан Довон (қадимги Фарғона) ўртасидаги ўлпон ва тўловлар масаласида кечганлиги тарихан аён. Қайд этиш жоизки, Ўрта Осиё минтақасида кечган мураккаб ижтимоий-иқтисодий муносабатлар, этномаданий жараёнлар, ҳудудларнинг табиий иқлим шароитлари ўлкамизда турли солиқ турларининг шаклланишига туртки бўлган. Бунга, айниқса, минтақамизда қадимдан аграр муносабатларнинг устуворлиги, қўл меҳнати ҳамда сунъий суғоришга асосланган қишлоқ хўжалиги ривожи каби хусусиятлар таъсир кўрсатган.

Қизиқ томони шу пайтгача Ўрта Осиё хусусан, ўзбек солиқчилик тарихи ўрганилганда фақат турли қўлёзмалар, тарихий асарларга таянилган. Оқибатда халқ оғзаки ижоди ва ўзбек халқ достонлари бу борадаги илмий изланишлардан бир қадар четда қолган. Тўғри қайсидир маънода халқ оғзаки ижодидаги воқеа-ҳодисалар, илмий нуқтаи назардан олиб қаралганда жиддий қабул қилиш учун етарли эмасдек туюлади. Бироқ, шуни унутмаслик лозимки, халқ оғзаки ижоди, жумладан достонларимиз ҳақиқатдан дарак берувчи ўтмиш ҳикоялари бўлиши мумкин. Зотан, илмий нуқтаи назардан олиб қаралганда халқ оғзаки ижодининг аксар қисмини ҳали ўз исботини топмаган аксиомага қиёслаш мумкин.

Ўзбек халқ бадиий ижоди асрлар давомида яратилиб, оғиздан оғизга, авлоддан авлодга, устоздан шогирдга ўтиб келаётган жамоа ижоди маҳсули бўлиб, “Алпомиш”, “Кунтуғмиш”, “Рустамхон” ва “Гўрўғли” каби ўзбек достонлари солиқчиликка доир бир қатор муҳим факторларни ўзида жамлаган.

Фикримизнинг дебочасини, ўзбекларнинг ягона халқ сифатида шаклланиш тарихидан ҳикоя қилувчи “Алпомиш” достонидан бошласак, ушбу достондаги воқеаларнинг бурилиш нуқтаси Бойбўрининг укаси Бойсарига закот талабини қўйиши билан бошланади.

Эслатма! “Закот” сўзи луғатда “поклик” ва “ўсиш” маъноларини билдиради. Закот дастлаб араблар томонидан босиб олинган ҳудудларда аҳолидан ундирилган диний солиқ сифатида шаклланган, кейинчалик чорва моллари, ҳунармандчилик буюмлари ишлаб чиқарувчи усталар, савдогарлар ҳамда бошқа тоифадаги мулкдорлардан ҳам ундирилган. Ислом динининг беш асосий фарзларидан бири, мол-мулк ва даромаддан бериладиган садақа, хайр-эҳсон, солиқ ҳам шундай аталган. Ислом анъаналарига кўра, мусулмон бўлган киши, маълум бойликка эришгач, ўз даромадининг қирқдан бир улушини закот қилиб берган.

“Шарқ” нашриёт-матбаа концерни томонидан 1998 йилда китоб ҳолида нашр этилган бахши Фозил Йўлдош Ўғли талқинидаги “Алпомиш” достонида закот солиғи ҳақида қуйидагича келтирилади:

“Кунлардан бир кун Ҳакимбек(Алпомиш) китоб ўқиб ўтириб, бахилдан, сахийдан гап чиқиб қолди. Бойбўрибий шунда ўғли Алпомишдан: – Киши  нимадан бахил бўлади, нимадан сахий бўлади? – деб сўради. Унга ўғли туриб айтди: — ...Кишининг моли закотга етса, закот берса, бул ҳам сахий экан. Агар закот бермаса, бул ҳам бахил экан. Бу сўзни Бойбўрибий Ҳакимбекдан эшитиб, фикр қилиб: “Мен ўн олти уруғ Қўнғирот элининг ҳам бойи бўлсам, ҳам шойи бўлсам, мен кимга закот бераман. Менинг давлатимда ёлғиз иним Бойсари бахилликка чиқиб кетмасин”, – деб, ўз кўнглида: “Бойсарибий укам менга закот берса керак экан”, – деб ўйлади. Ўйлаб: – Бойсарига боринглар,

Бойсари ўзи розичилиги билан бир чичқоқ улоқни закот деб, менга берсин, закот ўрнига ўтар-да, Бойсари бахил бўлиб, бахилликка чиқиб кетмасин, — деб ўн тўрт маҳрамни буюрди.

...Биз акангдан келган  закотчи бўламиз, бугун бизлар сенинг молингни  закот қиламиз. “Закот қилинглар, берса, закотини олиб келинглар”, деб юборган”, — деди. Бу сўзни маҳрамлардан Бойсари эшитиб, кўнглига оғир олиб айтди: — Эй, бизнинг молимиз шу вақтгача закот бўлмаган, энди акамиз ўғилли киши бўлиб, дарров бизнинг молимизни закот қиладиган бўлибди-да!

Закот деган гапни эшитиб, бу гап ботиб кетиб, олдидаги ўзининг одамларига буюрди: — Ушла, баччағарларни, – деди. Бойбаччалар маҳрамларни битта битта ушлаб қолди. Еттовининг қорнига қозиқ қоқиб ўлдирди. У еттовининг қулоқ, бурнини кесиб, ўзларига егизиб, отига чаппа мингизиб, отнинг устига тортиб бойлаб: “Мана буни закот деб айтади”, – деб Қўнғирот тарафига қараб ҳайдаб юборди. ...Бойсарибийга закот деган гап ниҳоятда ўтиб кетган экан: – Энди бизнинг ўз элимизда сиғинди бўлиб, ўз акамизга ўзимиз закот бериб (юрадиган бўлсак), бул элда бизнинг турғилигимиз қолмади, – деб ўн минг уйли Қўнғирот элини олиб Чилбир чўлига қараб йўл олади.

Шу ўринда достондан келтирилган парчага эътибор қаратамиз. Мусулмончиликда закотни отасига, бобосига ва ундан юқори боболарига, шунингдек, боласига, набирасига ва эр хотинига бериб бўлмайди.

Бироқ ушбу парчадаги эътиборли жиҳати шундаки, ака ўз укасидан закот сўрамоқда. (Закот талаб этиш ҳам одоб аҳлоқ қоидаларига зид.) Диний манбаларга қаралса, акага ука ёки аксинча закот берилиши тўғри. Лекин бу жараёнда бир нозик жиҳат кўздан қочирилган. Яъни закот берувчи ҳур – озод, ақли – ҳуши жойида, балоғатга етган, мусулмон қачонки закот бериш миқдоридаги мулкка комил эга бўлса ва шу мулк унинг қўлида бир йил турса, закот бериш унга вожиб бўлиши ҳақида айтилган. Бу жараёнда масаланинг яна бир томони борки, бой кишини “закот” олиши ҳам ҳалол эмас. Яъни аканинг укани бойлигини билиб туриб закот бериши ҳам, буни била туриб уни қабул қилиши ҳам ҳалол “закот” ҳисобланмайди. Бу ўринда закот мискин, бечора ва фақирларга берилиши муддаодир. Демак бу жараёнда ака ва уканинг ҳам тутган йўлини тўғри деб бўлмайди.

Аммо достондан олинадиган ибрат ҳам мавжуд, ўз акасига закот беришдан қочиб Қалмоқ юртига йўл олган халқнинг бошидан турли қийинчиликлар ўтади. Ҳатто баъзи манбаларда ер сўраб борган ўзбекларга қалмоқлар 7 йил баъзи манбаларда 3 йил солиқдан озод этганлиги келтирилса-да, баъзи манбаларда ҳар йили ҳар ўтовдан 100 тадан қўй бож тўлаш шарти қўйилгани келтирилади.

Бироқ масалага дунёвий жиҳатдан қаралганда улкан ижтимоий-иқтисодий тараққиёт жараёнида инсоният тарихида жуда катта ижтимоий-сиёсий бурилишлар, ўзгаришлар содир бўлган. Ана шундай муҳим босқич, шубҳасиз инсон ва у яшаётган жамоани бошқарувчи ташкилот, давлатнинг пайдо бўлишидир. Зеро, давлат ва унинг функциялари такомиллашиб бориши асносида ҳукмрон ташкилотнинг ўз фуқаролари олдига қўядиган қатор тартиблари, қонун-қоидалари, мезонлари ҳам ўзгариб борган.

Солиқлар тизимининг вужудга келиши ҳам ана шундай тартиб мезонларнинг пайдо бўлиши билан узвий боғлиқ бўлган ҳодисадир. Агар ўтмишга назар ташласак, тарихий манбалар, илмий адабиётлар таҳлилидан шуни англаш мумкинки, инсоният тарихидаги барча давлатларда солиқлар тизими йўлга қуйилган ҳамда уларни тўловини амалга ошириш ҳамма учун мажбурий характер касб этган.

Зеро, давлатнинг у ёки бу тарзда молиявий ҳолати ҳамда ривожланиши, авваламбор, давлат хазинасининг аҳволи, аҳолидан йиғиб олинган солиқлар турлари, миқдори ва салмоғига боғлиқ бўлган. Шу орқали давлатлар ўз мавқеларини ҳам ҳарбий, ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий тарафлама мукаммал эътироф эта олганлар.

Арабларнинг Ўрта Осиёдаги юришларида солиқ ва молия тизими дастлаб талончилик асосида амалга оширилган. Талончилик сиёсати айниқса араб босқинчилигининг иккинчи даврида яъни 707-715 йилларда Қутайба даврида кучаяди. Хусусан Қутайбанинг тавсиясига биноан Самарқанд ҳукмдори 2.200.000 дирҳам закот тўлаш мажбуриятини олади.

Халифалик даврида солиқ тизимининг қарор топиши ва ривожланиши йирик мутафаккир, қонуншунос Абу Юсуф Ёқуб ибн Иброҳим ал Ансорий (731-798)нинг асарларида етарли даражада кенг ёритиб берилган. Бизгача унинг “Китоб ал-хирож” асари етиб келган. Дастлабки кезларда, юқорида айтиб ўтилганидек, давлат хазинасини тўлдирувчи асосий ва ҳар томонлама қулай манба закот бўлган. Кейинчалик закот ўрнини садақа эгаллаб, бу йиғим ночор кишиларга бериладиган ёрдамга айлантирилган. Шундан сўнг, солиққа тортиш тизими икки гуруҳга: ушр ва хирож ерларга бўлинган.

Шу ўринда, закот солиғи нафақат “Алпомиш” достонига балки бошқа достонларга ҳам кирганлигини қайд этиш зарур. Жумладан, “Кунтуғмиш” достонида қуйидаги мисралар учрайди:

“Подшолар бошига қўяр тожини,

Элдан олар закотиман божини,

Хона Ҳасанда беш юз тилла пулим бор,

Сенга айтай арз бўлганни важини.”

Шунингдек, Фанлар академиясининг Тил, адабиёт ва тарих институти қошидаги “ЎзФан” нашриёти томонидан 1942 йилда Фозил Йўлдош Ўғли талқинидаги “Рустамхон” достони китоб ҳолида нашр этилган.

Асарнинг мазмунига кўра, Оқтош вилоятининг подшоҳи Султонхон узоқ йиллик фарзандсизликдан сўнг, сўфи-дарвешларнинг дуоси билан ота бўлиш бахтига муяссар бўлади. Бироқ тушида Қурудим мамлакатига бориб ўн тўрт йил яшаб келмаса, фарзанди нобуд бўлиши аён бўлади. Шунда у мамлакат тизгинини Рустамхоннинг онаси ихтиёрига топшириб, 14 йиллик сафарга отланади. Подшоҳ сафарда чоғида қолган аёллари ҳасаддан фитна уюштиришади. Бир кампирни чақириб қўлига икки қоп тилло бериб, туҳмат қилишликни буюришади.

 “...Кампир тўрт юз тангани олиб, ёнига солиб, Оқтош шаҳрини оралаб чиқиб кетди. Бир растадан бораётиб эди, бир супада тўртта мулла, нон пули топай деб, ранги ўчиб, хаёли қочиб ўтирибди. Бу муллалар Койистон мамлакатидан  келган муллалар эди. Булар муллалик, имомгарчилик қилиб, пул топмоққа келган эди. Кампир тўрт юз тангани тўрт муллага берди. Муллаларнинг вақти хуш бўлиб, кампирдан:

— Бизга бу пулларни нима учун бердингиз? Илмнинг ҳурматига бердингизми, ё закот, хайри-худойи деб бердингизми? Ё савоб учун бердингизми деб сўради?

Кампир айтди: — Менинг закотга етган давлатим йўқ, савоб, хайри-худойи билан ҳам ишим йўқ, болам менинг савоб соладиган идишим ҳам йўқ.  Мен сизга тўрт юз тангани бердим, менинг нима деганимни хатга соласан, гапирганимни ариза қиласан...”

Достонда Султонхон ўйламай қарор қабул қиладиган, ўзгаларнинг гапига ишонувчан лақма, подшо, заиф шахс сифатида тасвирланади. Достон воқеалари давомида Султонхон жуда кўп хатоларга йўл қўяди. Момогул мастон фитнасига алданиб, оиласидан, хотини ва фарзандидан ажрайди, уларсиз яшашга маҳкум бўлади. Достон сўнгида Султонхон ўз хатоларини тушуниб етади ҳамда хотини ва ўғлидан кечирим сўрайди. Оиласини қайтадан тиклайди, йўл қўйган хатоларини тузатишга киришади. Ёмонларни жазолайди.

Таъкидлаш жоизки, “Далли”, “Ойсулув”, “Холдорхон”, “Хушкелди” “Жиззах қўзғолони”, “Малла савдогар” ва бошқа бир қатор достонларда ҳам хирож, закот, ушр, ўлпон ва шу каби пул, тўлов, бож, солиқ сўзларининг маъноларини ўзида мужассам этган жумлалар бот-бот учрайди. Бу эса ўзбек давлатчилик тарихида солиқ сиёсатининг нақадар муҳим ўрин тутганини ва қора халқнинг солиқчилик тизимига бўлган муносабатини ҳам акс эттиради.

Шу билан бирга асрлардан-асрларга ўтиб келаётган халқ қўшиқлари, эртаклари, хиргойилари, латифа ва лапарлари борки, улар орқали нафақат ота-боболаримизнинг маданий-маънавий ҳаётни балки ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий турмуш тарзини ҳам ўрганиш мумкин.

Жумладан, Матлуба Муродованинг 2006 йилдаги “Фольклор ва этнография” ўқув қўлланмасида “Майда-ё-майда” халқ қўшиғининг тарихи қуйидагича талқин этилган: “Хўп майда қўшиқлари ижтимоий мотивлари билан ажралиб туради. Одатда “ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозир” бўладиган текинхўр-оқсоқоллар, бойлар, солиқчилар, судхўрлар, мулла эшонларнинг айни донни сомондан айириш вақтида хирмон устига келиб камбағал деҳқоннинг шўрини қуритганлигини, бор ҳосилни талаб олиб кетганлигига нисбатан халқнинг ғазаб-нафрати чексиз бўлган. Айни шу жараённинг инъикоси улароқ ушбу халқ қўшиғи вужудга келган:

“Қора-қора қарғалар, майда-ё-майда,

Қўрни кўрса йўрғалар, майда-ё-майда.

Уйинг куйгур дарғалар, майда-ё-майда,

Хирмон кўрса йўрғалар, майда-ё-майда.

 

Майда қилгин уватиб, майда-ё-майда,

Сенсан менинг қувватим, майда-ё-майда.

Келаётир эшонлар, майда-ё-майда,

Дасторини чуватиб, майда-ё-майда...”

Албатта ҳеч бир салтанат тарихи оқ қоғоз каби бокира эмас. Юқоридаги халқ қўшиғида акс эттирилган воқеалар ҳам ҳақиқатга яқин. Жумладан, Қўқон хонлиги тарихи ўрганилганда солиқ тизимига оид манбаларда хирож, закот, танобона, хон солиғи, никоҳ пули, тариқона, улов пули, сув пули(миробона), байтал пули, сомон пули, чўп пули, кўмир пули, ўтин пули, савдо-сотиқдан олинган пул, бозор йиғими, ижара солиғи, хок-оби сингари солиқлар мавжуд бўлганлиги ҳақида маълумотлар учрайди.

Наманганлик марҳум тарихчи Йўлчи Қосимовнинг ёзишича, мусулмон қонун-қоидаларига мувофиқ Қўқон хонлиги аҳолисидан 32 хил солиқ ундирилган. Бироқ тадқиқотчи А. Жувонмардиевнинг “XVI-XIX асрларда Фарғонадаги ер-сув муносабатларига доир” номли китобида хонликда солиқлар ва жарималарга оид атамалар сони 90 тани ташкил қилганлиги қайд этилган. Муҳаммад Азиз Марғилоний руслар хонликни босиб олгандан сўнггина солиқлар миқдорининг ортганлигини қайд этади. Унинг ёзишича, “...Аммо мусулмон подшолари вақтида бешдан бир хирож кўтарар эди ва қирқдан бир закот олур эдилар. Агарда ерларингизга экин зироат қилсангиз, хирмон тепасига келиб қўйган саркорни ўзи ҳозир туруб, ўлчаб ҳисоблаб, ҳақ олар эди. Қирқдан ва ўндан бир кўтариб, боғлардан таноб торттириб ҳақ олур эди, бўлак ҳеч бир нимарса олмас эди.

Магар бирор тарафга жанг учун лашкар борадиган бўлганда, “солиқ пули” деб йиғиб олур эди. Аммо бу ўрусия экин экмаган ерларга ҳам то бахя полигача таноб тортиб, анинг тепасидан ҳисоблаб (солиқ) олиб туради.

Бозорларда нархлар арзон бўлиб тургани учун фуқаролар подшолик ҳақларини ўз вақтида пул жамлаб беролмасдан кўп қийналдилар. Шул жиҳатдан ерлар тиллодан арзон бўлиб қолди. Ер мулки хорлик даражасигача тушиб қолгандан кейин, ўрусия унга илож қилмоқнинг фикрига тушиб қолди.”

Ўз-ўзидан англашиладики, солиқ ўтмишда ҳам ҳозир ҳам муҳим фактор ҳисобланади. Шу боис, мамлакатимизда солиқларнинг етилиш тарихи, тараққиёти ва назария жиҳатларини ўрганар эканмиз, шу ўринда миллий фольклорларимизни кўздан қочирмаслигимиз лозим бўлади. Зеро, халқ оғзаки ижоди бу борада илмий ва тарихий асарлар бера олмаган ҳақиқатларни очиб бериши мумкин. Давлат солиқчилик тарихини ўрганувчилар учун эса мазкур мавзу — очилмаган бир қўриқ.

Ўзбек халқ достонларини янада кенгроқ ва чуқурроқ ўрганиш қўнғиротлар, саклар, массагетлар, суғдийлар, хоразмийлар қолаверса, бутун ўзбек халқининг турмуш-тарзи, савдо ва солиқ муносабатларидаги очилмаган қирраларини юзага чиқарса ажаб эмас.

 

Абдулла ЧИМИРЗАЕВ, журналист.

 

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан