Нега арилар маликаси жамоасини буюк келажак сари етакламайди?

Нега арилар маликаси жамоасини буюк келажак сари етакламайди?

Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, нима учун арилар маликаси жамоасини буюк келажак сари етакламайди? Бўрилар сардори ўз тўдасини ов самарадорлигини ошириш ислоҳотларига чорламайди? Турнабоши шерикларини фaқат бир манзилга чалғимай учиради?

Сабаби оддий. Тўдабоши озуқаланиш, урчиш, ҳимояланиш меъёрларини жамоаси қабул қилган даражада ушлаб турса бас. Меъёрлардан чиқарувчи ўзгаришлар на қавмига, на раҳбарига керак. Менимча, одамларда ҳам шу ҳолат.

Демак, ҳамма гап қабул қилинган турмуш тарзида экан. Агар мактаблар нураб кетганлиги, бошлиқлар таҳқирлаши, ижтимоий фаол шахснинг жиннихонага тиқилиши, ёш олим ғояси учун қамоқда қолиши, беайблар умрбод адолатдан маҳрум бўлиши жамият учун норма бўлса, нима учун «катталар» ўрнатилган тартибини ўзгартиришлари керак? Раҳбарият ейиш, ичиш, кўпайишнинг минимум даражада шароитини ушлаб турибдими, бўлди-да.

Гапимиз исботига бир xаёлий тажриба ўтказиб кўрамиз: вилоят ҳокимини финлар устига мэр қилиб тайинлаймиз; мактабимиз директорини туркиялик ўқитувчиларга бошлиқ қиламиз; инглиз газета таҳририятига ўзбек телевидениесидан раҳбар юборамиз; малайзиялик полициячилар бошига фалончи районимизнинг ИИБ майори қўмондон бўлади…

Тассавур қилиб кўринг-а, уларнинг иқтидори нечa кун, кечирасиз, нечa соат давом этаркин? Ё ўзга талабларга мослашадилар, ё жойни бўшатадилар. Аммо ўзимизда эса «хўжайинлар» йиллаб ҳеч нарсани ўзгартирмайдилар. Чунки ҳеч ким ўзгаришларни чин дилдан кутмайди.Чунки бу – бизнинг норма.

Хорижда "стажировка" ўтиб келган 1001 амалдор қанчалик амалий билим орттириб келмасин, уларни жонажон “нормал”лигимиз қучоқ очиб кутиб олади. Кўчадаги халқ, идорадаги ҳамкасб, бошлиқ, қўл остидагилар... ҳеч қачон радикал ислоҳотларни, улар қанчалик ижобий бўлмасин, талаб қилмайдилар, ғоя-таклифлар эса сукутли инкорга дучор бўлади.

"Хўш нима демоқчисан? Одам бўлмаймизми?" деб сўрасангиз, менинг жавобим: одамлар жамиятида бир унсур мавжуд, бу – зиёлилар қатлами. Айнан ўша зиёлилар омма ва унинг етакчилари онгида кескин бурилиш ясай оладилар, янги горизонтлар, буюк имкониятларни кўрсатиб бера оладилар. Фаол зиёли шахс ҳаётдан куз юмса ҳам унинг нури олий марралар сари таралиб турар экан.

Жамият муаммоларидан бефарқ бўлмаган, фикрловчи дўстларимизни айнан шундай зиёли маёқ бўлишларини хоҳлар эдим. Кўпроқ ўқийлик, ўйлайлик, ёзайлик, гапирайлик, фикр талашиб, баҳслашайлик, салбий ҳолатларни нормамиз эмаслигини таъкидлайлик ва янги авлодга юқори андозаларни тақдим қилайлик. Бўлмасам, ҳайвонлардан фарқимиз қолмайди.

1459